Линклар

logo-print

"Солиққа оид қонунларда зиддиятлар бор"

  • Ҳасанжон

Халқаро молия корпорацияси ҳисоботига мувофиқ, маҳаллий тадбиркорлар Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишда шаффоф бўлмаган тартиб қўлланаётганидан шикоят қилганлар.

Халқаро молия корпорацияси ҳисоботига мувофиқ, маҳаллий тадбиркорлар Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишда шаффоф бўлмаган тартиб қўлланаётганидан шикоят қилганлар.

Жаҳон Банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш доирасида ҳисобот эълон қилди.

“Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳити хусусий бизнес вакиллари нигоҳида” дея номланган, Ўзбекистонда кичик ва хусусий бизнес юритаётган тадбиркорлар орасида ўтказилган сўровларга асосланган ҳисоботда ҳукумат кўрган чоралар натижасида тадбиркорлик ривожига халал бераётган маъмурий тўсиқларни камайгани, айни пайтда қонунчиликда зиддиятлар борлиги билдирилган.

Жаҳон Банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро молия корпорацияси Тошкентдаги ваколатхонасининг ўзини таништиришни истамаган масъул ходими ҳисоботдан кўзланган асосий мақсад ҳақида Озодлик радиосига гапириб берди.

- Тадбиркорлар ўртасида тадбиркорлик муҳити бўйича қандай муаммо борлигини ўрганиш, шу муаммоларни ечиш бўйича аниқ, таклифлар ишлаб чиқиш. Биз тадбиркорлик субъектлари ўртасида тадқиқот ўтказиб уларнинг натижаларини таҳлил қилиб сўнг ҳукуматга, яъни Вазирлар маҳкамаси қошида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга ўз тавсияларимизни берамиз, деди ташкилот вакили.

Халқаро молия корпорацияси Тошкентдаги ваколатхонаси бошқа ходимининг Озодлик радиосига айтишича, мазкур ҳисобот Ўзбекистоннинг барча вилоятларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган сўров-суриштирув асосида тайёрланган.

- Бу тадқиқот 2008 йилнинг май ойида мамлакатнинг барча минтақаларида ўтказилган. Унда мамлакатда фаолият юритаётган 500 га яқин тадбиркорлик субъектлари қатнашган, дейди Халқаро молия корпорацияси вакили.

Ташкилот вакилига кўра, сўров ўтказиш жараёнида тадбиркорлар бизнес юритишда дуч келаётган айрим қийинчиликлардан шикоят қилган.

- Ҳисоботда учта секция бор, холос: солиқ, текширув ва тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий равишда тугатиш. Тадбиркорлик субъектларини текшириш бўйича тадбиркорлар режадан ташқари текширишда шаффоф бўлмаган тартиб қўлланаётганидан шикоят қилишган. Аввалги йилларга нисбатан текширувлар бўйича бошқа жиддий муаммолар аниқлангани йўқ¸ дейди ташкилот вакили.

Жаҳон Банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро молия корпорацияси ходимига кўра, тадқиқотлар давомида ўзбекистонлик тадбиркорлар бошқа муаммолар, хусусан, солиқ органи инспекторларининг етарли даражада малакага эга бўлмаганидан ҳам шикоят қилишган.

“Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳити хусусий бизнес вакиллари нигоҳида” номли ҳисоботда тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий равишда тугатишни тартибга солувчи қонунларда¸ хусусан, ўзбек ва рус тилидаги қонун матнларида бир-бирига мос келмайдиган жойлар борлиги қайд этилган.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик тадбиркорларга кўра, қонунларда айрим текширувчи органларнинг мажбуриятлари аниқ кўрсатилмаган.

- Ҳақиқатан ҳам солиқ кодексида солиқ органлари мажбуриятлари тўғрисида гап айтилмаган. Кодексда солиқ тўловчилар мажбуриятлари ҳақида айтилган. Солиқ органларининг мажбурияти бошқа қонунларга ҳавола қилинган. Тадбиркорлар шундан шикоят қилишган. Текширувларга келсак, улар текширув анча камайганини айтишган, дейди Халқаро молия корпорацияси вакили.

Аввалги мақолаларимизда Ўзбекистонда солиқ идораларининг тадбиркорлар фаолиятини текшириши камайтирилгани, текширув ўтказишга рухсат берадиган амалдорлар рўйхати ҳам қисқартирилгани ҳақида маълумот берган эдик.

Халқаро молия корпорациясининг ҳисоботида коррупциянинг кичик ва хусусий бизнес ривожига қандай таъсир этаётгани ҳақида айтилмаган.

Кўпчилик кичик ва хусусий тадбиркорлик ривожига халал бераётган асосий тўсиқ солиқ идоралари томонидан ўтказиладиган текширувлар эмас, балки коррупция, деган фикрда.

- Ўзи аслида қонуний солиқ идоралари текширишга ҳақли. Ноқонуний текширувлар жуда кўплаб бўлади. Чунки ҳаммаси чўнтакни ўйлаб боради. Шунинг учун Ўзбекистонда тадбиркорлар кўп ҳам ривожланиб кетмайди. Чунки улар топганини унисига¸ бунисига едиради.

Дейлик, битта туманда бўладиган бўлса¸ ўша туманнинг милиция бошлиғи келиши мумкин¸ МХХ ходимлари келиши мумкин. Хуллас, ҳаммаси киради. Яхши ривожланаëтган фирмада ҳар доим текширув бўлиб туради¸ дейди фарғоналик тадбиркор Расулжон.

Шавкат исмли тошкентлик тадбиркор ҳам кичик ва хусусий тадбиркорлик ривожига солиқ идораси эмас, асосан бошқа органлар ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракати сабабчи, деган фикрга қўшилади.

- Масалан, майда хусусий тадбиркорлик билан шуғулланадиган шахслар кўпинча солиқ идораларидан жабр чекмасдан¸ ундан мустасно равишда текшириш ваколатига эга бўлмаган бошқа бир давлат органларидан азият чекиши мумкин¸ улардан зарар кўриши мумкин.

Масалан, ўша территорияни қўриқлайдиган участка нозири борми¸ милиция ходимлари борми¸ санэпидстанция борми - булар солиқ инспекциясига қарамаслиги мумкин. Булар солиқ инспекциясининг даврий текширувидан қатъий назар, сигнал тушган жойни бориб текшириб¸ шу масалани ҳал қилиб, тадбиркорликни тўхтатиб қўйиши мумкин, дейди тошкентлик тадбиркор.
XS
SM
MD
LG