Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:31

Сўғдда ўз жонига қасд қилиш кўпайди


Француз рассоми Эдуард Манетнинг "Ўз жонига қасд қилган киши" асари (1877-1881)
Француз рассоми Эдуард Манетнинг "Ўз жонига қасд қилган киши" асари (1877-1881)

Cўғд вилоятида сўнгги уч кун мобайнида 7 киши ўз жонига қасд қилиб, ҳаётдан кўз юмди. Сўнгги пайтда вилоятда худкушликка қўл ураётганларнинг асосий қисмини ёшлар ва аёллар ташкил этади.

Вилоят прокурори вазифасини бажарувчи Музаффар Боқиевнинг айтишича, Сўғд вилоятида кишиларнинг ўз жонига қасд қилиши бир неча йилдан буён энг катта муаммолардан бири бўлиб келаяпти.

- Бу масала ҳуқуқ-тартибот идораларинигина эмас, балки мамлакат раҳбарларини ҳам ташвишга солиб келмоқда. Тожикистоннинг бошқа ҳудудларида ўз жонига қасд қилиш бунчалик кўп эмас, дейди Музаффар Боқиев.

Вилоят прокуратураси масъулининг айтишича, жорий йил уч ойи мобайнида 73 киши ўз жонига қасд қилиб, ҳаётдан кўз юмган, бу эса 2008 йилнинг шу даврида нисбатан 24 кишига кўпдир.

- Ўз жонига қасд қилганларнинг 20 фоизи руҳий касаллик, 15 фоизи оиладаги жанжал оқибатида, 32 фоизи номаълум cабабларига кўра худкушликка қўл урган, қолганларига иқтисодий қийинчиликлар сабаб бўлган, дейди Музаффар Боқиев.

Вилоят прокуратураси тергов материалларида айтилишича, эндигина 18 баҳорни кўрган исфаралик Гулбаҳор Валиева, 30 га қадам қўйган спитаменлик Жўрабек Жамолиддинов, 29 ёшли панжакентлик Санобар Жумаевалар руҳий касаллик туфайли ўзларини дорга осганлар.

Лекин, кузатувчиларнинг фикрича, сўғдликларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини фақат руҳий касалликлар билан боғламаслик керак. Уларнинг сўзларига кўра, кишиларнинг ўз жонига қасд қилишларига кўпроқ иқтисодий қийинчиликлардан келиб чиққан руҳий зўриқиш ва оиладаги жанжаллар сабаб бўляпти.

- Масалан, агар биз бугун ўз жонига қасд қилган эркакми ё аёлми - нима сабабдан бу ишга қўл урганини таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, уларнинг бирортаси ҳам руҳий касалликларга чалинмагани ва шундай касалхоналарда қайдда турмаганига гувоҳ бўламиз, дейди зиёли Зуҳро Қодирова.

Хўжанддаги “Зеркало” тадқиқот маркази вакили Гўзал Маҳкамова фикрича, ёшларнинг ўз жонига қасд қилиши сабабларидан яна бири уларнинг жамиятда ўз ўрнини топа олмаётганидир

- Шунингдек, бу ҳаётга кўп умидлар билан қадам қўйган ёшларнинг орзулари амалга ошмаётгани ҳам бунга сабаб бўлмоқда. Мана шу муаммоларнинг юзага келишида республика ҳукуматининг ҳам айби бор, дейди тадқиқот маркази вакили.

Сўнгги пайтларда Сўғдда ўз жонига қасд қилаётган аёллар ҳам кўпайиб бормоқда. Журналист Шариф Нуриддинов буни аёлларнинг ўзига хос исёни сифатида баҳолайди.

- Бу ўша аёлларнинг жамиятга нисбатан, эркакларга нисбатан, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, тузумга нисбатан исёни, деб ҳисоблайман. Чунки Тожикистонда аёллар ўз аёллик мавқеини тополмаяпти, ўзига нисбатан эътиборни сезмаяпти. Ғамхўрлик, жонкуярликни ҳис этмаяпти.

Бошига мушкил тушганда аёлларимиз ўз муаммолари билан яккама-якка қолмоқда.Зеро, бугунги Тожикистонда, рўзғор ташвишларининг асосий қисми айнан аёллар елкасига тушган. Давлат эса аёл, она ҳақида ғамхўрлик қилмаяпти, дейди Шариф Нуриддинов.
XS
SM
MD
LG