Линклар

Ўзбекистонда ҳар йили 9 май арафасида уруш фахрийлари ва фронт ортида меҳнат қилган қариялар эсланади. Аммо, афсуски, бундай тадбирлар йилда атиги бир неча кун давом этади.

Ўзбекистон президенти жорий йил 15 апрелида имзолаган фармонига мувофиқ, 9 май - хотира ва қадрлаш куни муносабати билан бу йил уруш фахрийларига 120 минг сўм миқдорида пул мукофоти берилади.

Айни пайтда Ўзбекистонда ўн беш минг уруш фахрийси ҳамда фронт ортида ишлаган икки юз минг меҳнат фахрийси бор.

Сурхондарёнинг Бойсун қишлоғида яшовчи 84 ёшли Ҳожиқул Эшқурбонов Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортида меҳнат қилган.
Бугунги кунда Ҳожиқул ота меҳнат фахрийси сифатида нафақа пули олади.

Ҳожиқул ота: Пенсия олаяпмиз. Вақтида бераяпти.

Озодлик: Пенсия етаяптими?

Ҳожиқул ота: Ҳозир етмайди. Бир амаллаб кун кўраяпмиз. Ҳозир яхши - ғалла арзон, сабзи арзон. Бошқа ҳаммаси қиммат, қийинчилик...

Озодлик: Ҳукумат томонидан қайси вақтларда ëрдам берилади? Йилда неча бор ҳолингиздан хабар олишади?

Ҳожиқул ота: Ëрдам? Энди қандайдир тадбир бўлса, ëрдам берилади. Мисол учун, мен бу йилга ҳали ëрдам олганим йўқ. Ўтган йил ҳам олмагандим.

Уруш фахрийлари ҳам ўзи кам қолди. Бойсунда бор-йўғи 70 га яқин фахрийлар қолган. Кўпи ўлиб кетди бечоралар. Шу энди бизни байрамларда у ер-бу ерга чақириб туришади.

Ҳожиқул ота саноқли қолган уруш фахрийларига ҳукумат томонидан эътибор камлигидан нолир экан, фахрийлар учун ажратилган имтиёзлар ҳам мавжудлигидан хурсандлигини яширмади.

Ҳожиқул ота: Шаҳарга борсам, трамвай, троллейбуслар бепул. Яна дори бепул.

Озодлик: Қанақа дорилар бепул?

Ҳожиқул ота: Энди бу касалга боғлиқ. Қандай касаллик билан оғриса¸ шунга қараб, дорини бепул беради. Энди шу каби бир-икки кичкина имтиёзлар сақланиб қолди.

Кузатувларга кўра, мамлакатдаги уруш фахрийларининг кўпчилиги иқтисодий қийинчиликда кун кечираяпти. Бунга пенсия миқдорининг камлиги, баъзан ўз вақтида берилмаслиги сабаб бўлаяпти.

Қаршилик Нодир Аҳатовга кўра, Қашқадарёда уруш фахрийлари ҳозир жуда кам қолган.

- Бори ҳам ниҳоятда муҳтож ҳолатда кун кечираяпти. Уларнинг аҳволи ниҳоятда оғир. Куни кеча Қашқадарë вилоят телевидениесидаги “Мулоқот” кўрсатувига бир киши телефон қилиб: “Мен уруш фахрийсиман. Жуда ҳам ночор аҳволдаман. Юришга ҳам ҳолим келмасдан ётиб қолганман. Кўрадиган бир телевизорим ҳам йўқ. Илтимос, байрамолди менга кичкина бир телевизор олишга моддий ëрдам берсангизлар”, деб ëрдам сўради.

Ўшанда вилоят ҳокимининг ўринбосари мана шу фахрийга телевизор олиб беришга ваъда берди. Шу ҳолатдан ҳам билиш мумкинки, уруш фахрийларимизнинг оддий уй буюмларини олишга ҳам қурби етмай қолган, дейди Нодир Аҳатов.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Нуроний” жамғармаси ходимига кўра, туманда яшовчи 450 нафар уруш фахрийси ҳолидан ҳар йили 9 май арафасида албатта хабар олинади.

- Биз 6 май куни ҳокимият ëрдамида тадбирларимизни бошлаймиз. Ўша куни эрталаб уруш қатнашчилари билан номаълум солдат, яъни ватан ҳимоячиси ҳайкалига гулчамбар қўямиз. Кейин митинг бўлади.

Соат 11.00 да байрам дастурхонига кетамиз. 400-450 та уруш қатнашчиларига байрам дастурхони ëзилади. Кейин ҳаммаларига совға берилади.

Озодлик: Бу совға президент фармонига кўра ажратилган пулдан ташқарими?

- Ҳа, кеча президент фармони эълон қилинди. Унга кўра, 120 минг сўмдан пул ажратилди. Бу пулдан ташқари ҳар бирига ҳокимият, маҳалла жамғармаси томонидан совға берилади.

Озодлик: Қандай совғаларда берилади?

- Эсдалик совғалари. Ўтган йили чойнак, пиëла, лаган, тарелка берганмиз. Пахта гулли сервис! Ҳаммалари хурсанд бўлишган. Бу йил ҳам шундан кам бўлмайдиган совға қилинади.

Озодлик: Уруш фахрийларини йилнинг қайси пайтларида йўқлайсизлар?

- Биз биринчи майдан бошлаб йўқлай бошлаймиз. Олтинчи майгача тугатамиз. Бунда Нуроний, Маҳалла, Камолот жамғармаси ва ҳокимият вакиллари билан биргаликда юрилади.

Тошкент шаҳри Миробод туманидаги “Маҳалла” жамғармаси ходими ҳам уруш фахрийлари ҳолидан фақат 9 май арафасида хабар олинишини билдирар экан, бу йил уруш фахрийларига ажратилган байрам пули ўтган йилга нисбатан 40 минг сўмга кўпайгани фахрийлар учун ажойиб совға бўлишини таъкидлади.

Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан бир ярим миллионга яқин одам сафарбар қилинган эди. Урушда 400 минг киши ҳалок бўлган. 130 нафари бедарак йўқолган. 338 ўзбекистонлик Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонини олган.
XS
SM
MD
LG