Линклар

logo-print

Дунёвий тараққиёт йўлини танлаган Ўзбекистонда эркак ва аёл ҳар жиҳатдан тенг экани айтилса-да, асрлардан буён диний ва миллий қадриятлар устун бўлиб келган ўзбек оилаларида ҳалигача аёллар ўз эрлари иродасига бўйсуниб яшашни маъқул кўрадилар.

“Ислом ва мусулмонлар” рукнининг бугунги сонида Исломий оилада аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликлари мавзуида суҳбатлашамиз.

Cўнгги икки ҳафта ичида Афғонистонда содир бўлган бир воқеа ва унинг теграсида кўтарилган баҳс шу мавзуни тилга олишимизга туртки бўлди ва бугунги дастурда анча жиддий бу баҳснинг бир четини кўтармоқчимиз.

Демак, аввалига Афғонистонда баҳсга сабаб бўлган воқеа хусусида.

Икки ҳафталар муқаддам хориж матбуотида Афғонистон президенти Ҳамид Карзай аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини чекловчи қонун қабул қилгани ҳақида хабар тарқалди.

Хабарларга кўра, президент Карзай Афғонистондаги шиа мусулмонлари оилавий ҳаёти тўғрисидаги қонунни имзолаган. Қонунга мувофиқ, афғон аёллари эрининг рухсатисиз кўчага чиқмаслиги ва эр жинсий муносабатни хоҳлаганда, рад этмаслиги шарт.

Бундай қонун қабул қилингани ғарб жамоатчилиги ва айни вақтда Афғонистон жамоатчилигининг кўпчилик қисми норозилигига сабаб бўлди.

Қаршилар: “Бу қонун умуминсоний, демократик қадриятлар мутлақо зид, бекор қилинсин!” деди. Тарафдорлар: “Бу Исломнинг буйруғи, унга амал қилинсин!” деди. Қарши ва тарафдор афғонистонликлар ўртасида тўқнашувлар ҳам бўлди.

Пировардида аввалига бундай эътирозларни жавобсиз қолдирган президент Карзай махсус баёнот бериб, имзоланган қонунда танқидчиларни жазавага солаётган таъқиқлар йўқлигини таъкидлади.

- Биз қонунни бугун ҳам қайта ўқиб чиқдик. Мазкур қонунда Ғарб матбуотида ëзилган гаплар келтирилмаган. Афғонистоннинг адлия вазири ушбу қонунни қайта ўқийди. Бирор бир жиддий масала бор бўлса¸ албатта мамлакат дин уламолари ва Миллий мажлис маслаҳати асосида қайта кўриб чиқилади, деди Афғонистон президенти.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг “Адлия вазирлиги қонунни, албатта, қайта кўриб чиқади”, деб таъкидлагани бу қонунда танқидчилар айтаётган таъқиқлар бор, деган шубҳани янада кучайтирди.

Гарчи ҳали бу қонуннинг матни матбуотда чоп этилмаган бўлса-да, “Afgan Online Press” нашри эътирозга сабаб бўлган моддалар мазмунини шундай келтирди:

1. “ Аёллар камида ҳар 4 кунда бир бор эри билан жинсий алоқа қилиши шарт”.
2. “Аёллар эрининг рухсатисиз уйини тарк этиши мумкин эмас”

Бу Афғонистонда баҳсларга сабаб бўлаётган қонуннинг эркин матбуотда чоп этилган мазмуни. Қонунда айнан бу жумлалар борми ёки йўқми — бу ҳали номаълум.

Эҳтимол, президент Карзай ваъда қилганидек, қонун қайта кўриб чиқилса, балки қонундан бундай мазмун мутлақо олиб ташланар. Балки ҳали матбуот юзини кўрмаган қонунда бу мазмун йўқдир ҳам.

Аммо Афғонистоннинг мустақил матбуоти, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари шу мазмундаги қонун қабул қилингани ва айни мазмун Афғонистондаги сунний мусулмонлар оилавий ҳаётига доир ҳозир тайёрланаётган янги бир қонунда ҳам мавжудлигини таъкидламоқдалар.

Биз эса Афғонистонда баҳсларга сабаб бўлаётган бундай қонун қабул қилингани ёхуд қилинмаганига эмас, балки минтақамиздаги мусулмон жамияти бўлган Афғонистонда кўтарилган баҳс аслида умуман мусулмон жамиятларида мавжуд баҳс эканига эътибор қаратдик.

Зеро, аёл эрнинг раъйига бўйсунсин ва эрнинг рухсатисиз уйини тарк этмасин, деган шаръий қонун фақат шиа мусулмонлари эмас, балки барча мусулмонлар учун бирдек тегишли.

Фарқ шундаки, Афғонистонда шариат тартиб-қоидаларига асосланган давлат қонуни қабул қилинмоқда ёки шунга уруниш бўлмоқда. Бошқа мусулмон жамиятлари, жумладан, Марказий Осиёда бундай масала кўтарилгани йўқ, аммо мусулмонлар шариат тартиб-қоидалар асосида яшамоқдалар.

Афғонистондаги шиа уламолари давлат қонуни билан белгиламоқчи бўлган мажбуриятлардан бири, яъни “Аёллар камида ҳар 4 кунда бир бор эри билан жинсий алоқа қилиши шарт” дейилган масала бизнинг бугунги баҳсимиз кун тартибида йўқ.

Бу мазкур мавзунинг нозиклигидагина эмас, балки жуда жиддийлиги ва унинг матбуот назаридан, ҳар ҳолда, ўзбек матбуоти назаридан четда қолаётгани, аслида бунинг ортида жуда катта ижтимоий-аҳлоқий муаммоларнинг ётгани билан боғлиқ.

Яъни биз бу мавзуга албатта қайтамиз ҳамда унинг муҳокамасига сизни ҳам таклиф қиламиз.

Ҳозир эса эътиборингизни баҳснинг бошқа жиҳатига қаратамиз. Материални тайёрлаш чоғида мухбиримиз дастлаб аёлларга: “Исломда аёл киши эрининг рухсатисиз уйидан чиқиши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган, сиз шунга тўлиқ амал қиласизми ва бунга эътирозингиз йўқми?” деган савол билан мурожаат қилди.

- Бирор ëққа тўйга ë бошқа нарсага борадиган бўлсак, албатта сўраб чиқамиз. Сўрамасдан умуман чиқмаймиз¸ дейди биринчи суҳбатдош.

- “Эр хотин кишининг ярим пири бўлади” дейилган ўзимизнинг тилимизда айтганда. Шунинг учун бесўроқ ҳеч қаëққа бормаймиз.

Озодлик: Масалан, дейлик, бир тўй-маъракага бораман, дейсиз. Хўжайинингиз: “Бугун борма шу ëққа, мен хоҳламайман” деса, сиз у киши ишга кетгандан кейин борасизми ëки эрим рухсат бермади, деб ўтираверасизми?

- Бормайман.

Озодлик: Борсангиз, нима қилади?

- Битта тўйни деб нима кераги бор ҳаëтимни аччиқ қилиб? Агар керакли жой бўлса¸ ялинаман, ëлвораман – хуллас, кўндираман. Агар “майли бор” деса¸ бораман¸ “борма” деса¸ бормай қўявераман¸ дейди навбатдаги суҳбатдош.

- “Борма” деган жойи ҳам бўлади. Бормаймиз, амал қиламиз. Амал қилмасангиз, эркак кишининг феъли тез бўлади. Уриши ҳам мумкин, рўзғорингиз аччиқ бўлиши мумкин¸ сўкиши мумкин, бунақадан кўплар ажралиши мумкин, дейди учинчи суҳбатдош.


Эътироф этиш керак, респондентларимиз орасида “бу тартибга амал қилиш шарт” дегувчилар кўпчиликни ташкил қилди.

Албатта, бу тартибга қаршилар ҳам бор.

- Кўчага чиқмасдан ҳам бўлар эканми? Одам кўчага чиқади, касал бўлса докторга боради. Масалан, мен шахсан касалман. Кўчага чиқмасам, бўлмайди. Эрим ишга эрталаб кетади¸ кечқурун келади. Тўйга, маъракага бориш керак¸ дейди биринчи суҳбатдош.

- Сўрайдиган жой бор¸ сўрамайдиган жой бор.

Озодлик: Сизни бирор жойга юбормаган пайтлари бўлганми?

- Бўлган. Ўтирганман йиғлаб. Ëшликда кўп бўлган. Ҳозир эркинман¸ аммо барибир эримдан рухсат сўрайман. Сўрамай борсангиз, увол экан-да¸ дейди навбатдаги суҳбатдош.

Бу тоифа суҳбатдошларимиз: “Аёл киши ҳам худди эр киши каби ҳақ-ҳуқуқларга эга, зарурат бўлса, у хоҳлаган жойига бориши мумкин” деган фикрни билдирмоқдалар.

Аммо, тан олиш керакки, бизнинг минтақада яшаётган мусулмон аёлларнинг аксарияти табиатига ислом аҳкомлари қадрият ўлароқ сингиб кетган.

Бу қадриятларни бузаётган аёллар ҳам бунга исён қилаётгани учун эмас, кўпроқ ҳаёт мажбур қилгани учун бузаётганини айтмоқда.

Мана шундай аёллардан бирининг фикри:

- Ҳозирги қийинчиликни қаранг. Ҳамма нарса қиммат. Исломда: “Хотин киши кўчага чиқмасин, уйда ўтирсин” дейилган. Исломда эрингиз топиб келганига қаноат қилиб ўтириш керак. Ҳозир бунақа қилиб ўтирсангиз, болаларингиз ўқишдан қолиб кетади, оч қолади.

Мисол учун, “мактабга у олиб кел¸ бу олиб кел”, дейишади. Байрам дейди¸ 8 март дейди¸ Наврўз дейди¸ ташкилий ишлар дейди. Буларга пул бермасангиз¸ болаларингиз бировдан кам бўлади.

Мана, мен ўзим бозорда ўтираман. Хўжайиним менга: “Мен сени бозорга ҳамма билан уриш, овозингни баланд қил, деб чиқарганим йўқ. Овозингни ҳеч ким эшитмасин. Паст овозда савдоингни қиласан”, деб айтган¸ дейди суҳбатдошларимиздан бири.

Албатта, бу масалада эркакларнинг фикрини эшитиш ҳам муҳим.

- Рухсат берилган жойга борсин¸ лекин бегона жойга бесўроқ бормасин.

Озодлик: Масалан, қанақа жойларга?

- Масалан тўйга¸ бирор жойга маъракага бесўроқ бормасин¸ дейди биринчи суҳбатдош.

- Ижозат берса, чиқади, ижозат бермаса, чиқмайди.

Озодлик: Сиз энди чиқмаса бўлмайди¸ мажбур деяпсиз-ку.

- Мен бир ўзимни айтаëтганим йўқ-да. Мен кўпчиликни айтаяпман¸ дейди навбатдаги суҳбатдош.

Кейинги суҳбатдошимиз бугунги мусулмон жамияти аҳволи ҳақидаги кузатувлардан сўз очгани учун мухбиримиз уни алоҳида суҳбатга тортди.

Озодлик: Мана, сиз ўзингиз холам билан неча йил яшагансиз?

- 50 йилдан ошди.

Озодлик: 50 йил ҳам оз вақт эмас. 50 йил давомида шунақа нарсалар бўлганми?

- Бўлган. Албатта ижозатсиз чиқса, номаъқул жойларга борса, уришамиз, албатта. Ахир тирикчиликда бўлади.

Озодлик: Исломда белгиланган ҳақ-ҳуқуқлар билан замонавий демократиядаги ҳақ-ҳуқуқлар бир-бирига тўғри келадими?

- Исломда айтилган гаплар бизнинг ҳозирги вақтга¸ шароитга тўғри келмайди. Ҳозир қайси бозорга борманг, ҳаммасида аëллар. Уларнинг бола-чақалари бор - мажбур чиқишга, иложи йўқ. Ë эри йўқдир, ë бирор ëққа ишлагани кетгандир, ë касалдир. Талабалар ўқийди¸ ишлайди. Шароитга тўғри келмайди.

Озодлик: Шуни тўғри келтирса бўладими?

- Бўлади-ю¸ сал қийинроқда. Давлатнинг қонунига бўйсунмасангиз, бўлмайди¸ Ислом қонунига бўйсунмасангиз, бу ҳам бўлмайди. Кўчада кўчаникини¸ уйда уйникини қилишга мажбурмиз. Агар битта томонни ушласангиз¸ иккинчи томондан қолиб кетасиз¸ дейди суҳбатдошимиз.


Бугунги дастур учун қурилган суҳбатларда кузатилган умумий манзара шуки, аксарият мусулмон ўзбек аёллари эрларига бўйсунади. Эркаклар эса шароитга қараб иш тутади. Охирги суҳбатдошимиз сўзлагани каби “Кўчада – давлат қонуни, уйда – ислом қонуни”.

Бир тарафдан, бу оддий мусулмонларнинг бугунги замонавий дунё шароити ва талаблари билан ислом талаблари ўртасида топган ҳамда имкон қадар амал қилаётган ечимидек кўринади.

Аммо, иккинчи тарафдан, юмшоқроқ қилиб айтганда, бу иш муросадек, қаттиқроқ айтганда эса иккиюзламачиликдек ҳам туюлади. Энг муҳими, бу вазиятнинг юзага келиши фақат мусулмонларнинг тақвоси билангина эмас, илдизи анча чуқур, ижтимоий-сиёсий омиллар билан боғлиқ экани сезилади.

Айни шу жиҳатлар бу масалани тилга олишимизга туртки бўлди ва биз эшиттиришимизнинг доимий суҳбатдоши Обид қори Назаровга боғланиб, аввало, энг зарур жиҳатларга тўхталишни сўрадик.

Озодлик: Нега Исломда аёлнинг эрга шаксиз итоат қилиши буюрилган?

Обид қори Назаров: Масалани ташбеҳ билан тушуниш мумкин. Яъни ҳамма жойда қонун-қоида¸ тартиб-интизом бўлади. Ҳар бир ташкилотнинг ўзининг раҳбари¸ раиси¸ президенти бўлади. Раисга¸ президентга берилган ҳуқуқ оддий ишчига берилган ҳуқуқ билан бир хил бўлмайди. Бунинг ўртасида фарқ бор. Раиснинг зиммасига юклатилган вазифага қараб, унга ҳуқуқлар белгиланади.

Шунга ўхшаб Исломда “оилада эркак киши раҳбар” деб тайин қилинган. Бу Оллоҳ томонидан тайинланган иш. Эркаклар аëллар устидан раҳбардирлар. Буни ҳеч қандай чеклов деб тушуниш керак эмас. Буни тартиб, қоида деб тушуниш керак бўлади.

Нафақат исломий¸ балки ноисломий диëрларда ҳам ўзига яраша қонун-қоида бор. Оллоҳ бизга энг фойдали йўлни кўрсатган. Аëлларга ҳам эркакларга ҳам фойдали йўл бу.

Озодлик: Шунинг фойдаси ҳақида икки оғиз гапириб берасизми?

Обид қори Назаров: Бу масала энди жуда ҳам чуқур масала. Кенг мавзу. Умуман олганда, Исломда раҳбарликка эркаклар тавсия қилинади. Раҳбарлик турли хил даражаларга бўлинади.

Масалан, энг юқори давлат раҳбари эркак киши бўлиши керак. Аммо қуйидаги бошқа бўғинларда аëллар бўлиши жоиз.

Дунë тажрибасига қарасангиз¸ бунинг нақадар ҳаққоний эканига кўзингиз тушади. Дунëда раҳбарлар асосан эркаклардан иборат. Аëллар эса бошқа-бошқа ўринларда¸ таълим-тарбия соҳаси ва ҳ. жойларда.

Бу Оллоҳ таолонинг эркак кишини раҳбарликка муносиб қилиб яратганининг ҳаëтдаги исботи. Буни кўп шарҳлаш мумкин. Бу биттагина мисол, холос.

Озодлик: Аёлга сўзсиз эрга итоат қилишни буюрган Ислом эрга қандай мажбурият юклайди?

- Умуман олганда, аëл киши уйидан кўчага чиққан пайтида эридан рухсат сўраб чиқиши керак. Лекин илм учун¸ ота-онасини кўриш учун ва шунга ўхшаган бошқа нарсалар борки¸ бунда эрнинг рухсат бермасликка ҳаққи йўқ¸ дейди Обид қори Назаров.


Азиз муштарий, бугунги мақоламизда, асосан, оддий мусулмонлар ва ислом уламосининг фикрларини эътиборингизга ҳавола қилдик. Бу эса бугун тилга олганимиз мавзу – исломий оилаларда аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари мавзуидаги баҳснинг бошланғич нуқтаси, десак хато бўлмас.

Кейинги дастуримизда худди шу масалада жамиятшунос, исломшунос ва социолог олимлар фикрини сизга ҳавола қилиш ниятидамиз.

Зеро, мусулмонларнинг оилавий муносабатларда ислом қонуни, жамият билан муносабатларда эса давлат қонунлари билан яшаши ортида бутун бошли аҳлоқий, ижтимоий, иқтисодий-сиёсий муаммолар занжири ётгани сир эмас.

Марҳамат, шу баҳсда сиз ҳам иштирок этинг ва ўз фикр-мулоҳазаларингизни бизга билдиринг. Қўнғироқ қилинг, мактуб ёзинг, шарҳларингизни қолдиринг.
XS
SM
MD
LG