Линклар

Қозоқлар исломий портални ишга туширмоқчилар


Қозоғистон мусулмонлари иттифоқи раиси Мурод Телибеков яқинда ишга тушажак исломий порталда мамлакатдаги расмий диний идора вакилларидан ташқари мўътадил қарашли бошқа мусулмонлар фикри ҳам инобатга олиниши лозимлигини айтади.

Қозоғистон мусулмонлари иттифоқи раиси Мурод Телибеков яқинда ишга тушажак исломий порталда мамлакатдаги расмий диний идора вакилларидан ташқари мўътадил қарашли бошқа мусулмонлар фикри ҳам инобатга олиниши лозимлигини айтади.

Қозоғистонда келаётган Рамазон ойида ишга тушажак интернет порталининг ишлаб чиқилишида фақат расмий диний идора вакилларининггина фикри инобатга олинаётгани қозоғистонлик айрим мусулмонларга маъқул бўлмаяпти.

Қозоғистонда Ислом асослари билан яқиндан танишиш имконини берувчи мультимедия диски ва интернет портали ишлаб чиқилмоқда.

Мультимедия лойиҳаси раҳбари Аманжўл Темирбекнинг маълум қилишича, мультимедия диски ва интернет порталидан жой оладиган матн, аудио ва видеоматериаллар Ислом динини англашни қулайлаштиради. Порталдаги таълимий, информацион ва маърифий характерга эга булган ушбу материаллар эса кенг оммага мўлжалланган.

Маълум бўлишича, мазкур лойиҳа устида турли соҳа вакиллари, хусусан, қозоғистонлик илоҳиётшунос, филолог, таржимон, дизайнер, дастурчи ва видеомуҳандислар ишламоқдалар. Ташкилотчилар мазкур лойиҳага Ислом дини тарғиботига бефарқ бўлмаган оддий одамлар ҳам жалб қилганлар.

Мультимедия лойиҳасининг матбуот котиби Думан Хўжахметов Озодлик радиосига, мультимедия диски ва www.bismillah.kz интернет порталининг тақдимоти шу йилнинг августида, яъни муборак Рамазон ойи бошида бўлиб ўтишини маълум қилди:

- Лойиҳа келаси бир ой мобайнида юридик жиҳатдан расмийлаштирилади. Нафсиламрини айтганда, бу жараён лойиҳа ишига халақит бермайди, деди Думан Хўжахметов.

Унинг айтишича, мазкур лойиҳага Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ходимлари ҳам жалб қилинганлар:

- Муфтият вакиллари, яъни имомлар ва имом ноиблари бизнинг лойиҳада маслаҳатчи сифатида иштирок этмоқдалар. У ёки бу матн, аудио ва видеоматериални улар билан маслаҳатлашгандан кейингина муштарийга тақдим қиламиз, дейди мультимедия лойиҳаси матбуот котиби Думан Хўжахметов.

Қозоғистон мусулмонлари иттифоқи раиси Мурод Телибеков Ислом асосларини ўрганиш бўйича ушбу лойиҳа ишга тушишини олқишлайди. Шу билан бирга, Телибеков Ислом асослари ҳақида ҳикоя қилувчи мультимедия диски ва интернет порталидан Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси позициясига муқобил бўлган нейтрал фикр ва маълумотлар ҳам ўрин олиши лозимлигини алоҳида таъкидлайди.

Аммо, Телибеков фикрича, лойиҳа муаллифлари Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси иродасига зид иш қилиб ўтирмайди. Расмий диний идора билан ёвлашиш нималарга олиб келиши мумкинлигини Қозоғистон мусулмонлари иттифоқи раиси Телибеков ўз бошида синаган:

- Қозоғистон мусулмонлари Иттифоқи Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасини танқид қилиш қанақа оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ўз тажрибасида синаб кўрди.

Ажабланарлиси шундаки, бизга қарши қатағонга Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасигина эмас, балки прокуратура, суд ва Ички ишлар вазирлиги каби давлат органлари ҳам қўшилдилар, дейди Мурод Телибеков.

Унинг айтишича, Конституцияда “дин давлатдан ажратилган”и ёзиб қўйилган бўлса-да, бугунги кунда Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасини танқид қилишга ботинган ҳар бир киши ҳукумат томонидан кучли босимга учраши шубҳасиздир.

Қозоғистонда ижтимоий фаолликнинг ўта сустлиги ҳақида гапирган Қозоғистон мусулмонлари Иттифоқи раиси Мурод Телибеков ҳозир мамлакатда либерал Исломни тарғиб қилишда виртуал олам имкониятларидан кам фойдаланилиши, бундай имконият пайдо бўлган тақдирда ҳам ундаги материалларда фақат расмий Остона топшириқларини бажаришдан нарига ўтмайдиган Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси позицияси устиворлик қилишини айтади:

- Бугунги кунда онги тўла шаклланиб улгурмаган ёшларни экстремистик руҳда бўлган Ҳизбут-Таҳрир ва ваҳҳобийлик йўналишидаги айрим ташкилотлар айнан шу йўл билан ўз сафига тортмоқдалар.

Айнан ижтимоий фаолликлари, жамиятни ўзгартиришга, ундаги бюрократия ва коррупцияга қарши курашишга уринишлари ва балки маълум маънода шу нарсаларни чайқов қилишлари орқали бу экстремистик ташкилотлар ўз сафларига жуда кўплаб одамларни жалб қилмоқдалар, деди Қозоғистон мусулмонлари Иттифоқи раиси Мурод Телибеков.

Қозоғистондаги “Бисмиллаҳ” лойиҳаси муассисларининг номлари мазкур лойиҳа юридик жиҳатдан расмийлаштирилганидан кейин маълум бўлади.
XS
SM
MD
LG