Линклар

logo-print

АҚШ қитъадош давлатлар билан ҳамкорликка тайёр


Венесуэла президенти Уго Чавес АҚШ президенти Барак Обаманинг илтифотини юқори баҳолади.

Венесуэла президенти Уго Чавес АҚШ президенти Барак Обаманинг илтифотини юқори баҳолади.

АҚШ президенти Барак Обама Америка қитъасидаги барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли алоқаларни йўлга қўйишга ваъда берди. Обаманинг бу баёноти жума куни Тринидадда иш бошлаган Америка давлатлари ташкилоти етакчиларининг юқори даражали учрашуви чоғида янгради.

Америка давлатлари саммитига тўпланган давлат етакчилари олдида чиқиш қилар экан, АҚШ президенти Барак Обама минтақадаги барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли алоқалар ўрнатишга ваъда берди.

- Бизнинг муносабатларимизда катта ёки кичик ҳамкор бўлмайди. Ўзаро ҳурмат, муштарак манфаатлар ва қадриятларимизга асосланган ҳамкорлик бўлади. Ўзаро муносабатларимизнинг янги саҳифасини очиш учун мен шу ерда турибман. Менинг маъмуриятим ҳам шу тамойилларга содиқ қолади, деди Барак Обама.

АҚШ президенти ўз нутқи чоғида Куба билан ҳам муносабатларни қайта бошлашга ваъда берди.

АҚШ Кубадаги 1960 йилги инқилобдан сўнг бу давлат билан барча дипломатик алоқаларни тўхтатиб қўйган эди. Бундан ташқари, Вашингтон ўша йилнинг ўзида Кубага нисбатан савдо эмбаргоси жорий қилган эди.

Бироқ Америка давлатлари ташкилотининг 34-саммити чоғида Барак Обама бир қатор соҳаларда Куба раҳбарияти билан сўзлашувлар бошлашга тайёрлигини билдирди:

- Сўнгги икки йил мобайнида мен буни таъкидлаб келганман, бугун ҳам қайтармоқчиман, мен ўз маъмуриятим билан бирга бир қатор соҳаларда, жумладан, миграция, наркотиклар, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва демократик ислоҳотлар борасида Куба ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Бир нарсага ойдинлик киритмоқчиман, мен шунчаки гап учун сўзлашувлар олиб боришни истамайман. Ишончим комил, АҚШ-Куба муносабатларини янги йўлга йўналтиришимиз мумкин, деди Барак Обама.

16 апрел куни Куба президенти Раул Кастро ҳам Вашингтон ва Ҳавана ўртасидаги тортишувларга сабаб бўлаётган мавзулар борасида музокараларга тайёрлигини маълум қилди.

Бундан бир оз аввал эса расмий Вашингтон АҚШда истиқомат қилувчи кубаликларга ўз ватанида қолган яқинларини зиёрат қилишга ва уларга пул юборишга рухсат берган эди.

Америка давлатлари етакчилари саммити доирасида Барак Обама Вашингтонни ашаддий танқидчиларидан бири бўлган Венесуэла президенти Уго Чавес билан қўл бериб сўрашди.

Уго Чавес, ўз навбатида, АҚШ раҳбарининг қўл бериб сўрашишини олқишлади:

- Олдимга келиб, қўл узатганини мен юқори баҳолайман. Бундай илтифотни мен рад қила олмадим. Фурсатдан фойдаланиб, мен Обамага бундан саккиз йил аввал Канададаги анжуман чоғида АҚШ президенти Жорж Бушга айтган “сизнинг дўстингиз бўлмоқчиман”, деган сўзларимни қайтардим, деди Венесуэла президенти Уго Чавес.
XS
SM
MD
LG