Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:39

Баучер: инсон ҳақлари устивор масала бўлиб қолади


АҚШ Давлат Котиби ёрдамчиси Ричард Баучер Озодлик радиоси журналистларига АҚШнинг янги маъмурияти Марказий Осиё давлатлари билан бундан буён янада тиғизроқ алоқада бўлиш ниятида эканини билдирди.
АҚШ Давлат Котиби ёрдамчиси Ричард Баучер Озодлик радиоси журналистларига АҚШнинг янги маъмурияти Марказий Осиё давлатлари билан бундан буён янада тиғизроқ алоқада бўлиш ниятида эканини билдирди.

АҚШ Давлат Котиби ёрдамчиси Ричард Баучер Озодлик радиоси мухбирлари билан АҚШнинг Афғонистон, Покистон ва Марказий Осиё хавфсизлиги ва минтақада ҳамкорликни яхшилаш борасидаги уринишлари хусусида суҳбатлашди.

Озодлик: Айрим кишилар 2005 йилдан бери Қўшма Штатларнинг Марказий Осиёдаги фаоллиги сусайганини айтмоқда. Яқинда Сиз АҚШнинг янги маъмурияти Марказий Осиёга эътиборни кучайтириши ҳақида гапирдингиз. Бу қандай амалга ошади?

Ричард Баучер: Менимча¸ ташрифлар, юқори даражали ташрифлар амалга ошади ва учрашувлар бўлади. Афғонистонга қўшни давлатлар билан қишлоқ хўжалик ва энергетика каби соҳаларда ҳамкорлик юзасидан учрашувлар бўлади. Биз электр энергияси ва шу каби бошқа масалаларда анча фаол бўлиб келдик ва бундан буён жуда фаол бўламиз. Менимча, минтақага ташрифлар кўпаяди. Биз ёрдам бюджетларимизни кўпайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Биз Марказий Осиё давлатлари билан Афғонистон ва бошқа масалаларда яқин ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.

Озодлик: Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳлар Ғарб, жумладан, АҚШ Марказий Осиёда энергия ва хавфсизлик манфаатларини инсон ҳуқуқларидан юқори қўяётганини айтмоқда. Бошқалар эса демократик ташкилотлар ва тажрибалар ҳам шундай вазиятда экани ҳақида гапиряпти. Бунга сиз қандай жавоб берган бўлар эдингиз?

Ричард Баучер: Мен сизга нима қилаётганим ҳақида гапираман. Мен ҳар гал минтақага сафарим пайтида¸ ҳар бир учрашувда инсон ҳуқуқлари масаласини бошқа ҳар қандай асосий масала каби кўтараман.

Яқинда мен Туркманистонда икки кун бўлдим. Биз қатор масалаларни, хусусан¸ Афғонистондан то энергетика, маориф, қишлоқ хўжалиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари каби масалаларнинг ҳаммасини муҳокама қилдик.

Биз бу масалаларни ҳар галги учрашувларда муҳокама қилишга уринамиз. Биз бир нарса эвазига бошқасидан воз кечмаймиз.

Марказий Осиёнинг ҳар бир давлатига ҳар бир сафарим, учрашувим чоғида инсон ҳақлари масаласи доим кун тартибидаги устивор масалалардан бири бўлиб туради.

Озодлик: 16 апрель куни Туркманистон Германиянинг RWE AG ширкати билан англашув меморандуми имзолади. Мазкур ширкат “Набукко” лойиҳаси бўйича Европа Иттифоқининг ҳамкори ҳисобланади. Марказий Осиё энергия ресурсларини дунёнинг бошқа минтақаларига муқобил йўл орқали етказишга рағбатлантириш борасида АҚШ қандай ишлар олиб бормоқда?

Ричард Баучер: Мен бунга шундай жавоб берган бўлардим. Агар минтақа давлатлари ўз табиий ресурсларидан барқарор фойдаланиш ниятида бўлса, агар улар ўз табиий ресурсларидан имкон қадар кўп манфаат қозонишни хоҳласа, улар муқобил экспорт йўлига эга бўлишлари ва мижозларни кўпайтиришлари керак.

Бу бизга тушунарли. Буни минтақа ҳукуматлари ҳам яхши тушунишади, деб ўйлайман. Улар бошқача йўл тутишлари керак. Улар фақат Россия қувурларидан фойдаланиб қолмай, балки Хитой ёки Қозоғистонга қувурлар ётқизиши ёки Каспий орқали нефт жўнатишлари керак. Қисқа қилиб айтганда, улар жуда кўп иш қилишлари керак.

Озодлик: Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича АҚШ қандай рол ўйнаши мумкин?

Ричард Баучер: Биз минтақа давлатларининг ҳаммаси билан бирга ишладик. Биз айниқса, савдо соҳасида енгиллик яратиш бўйича иш олиб бордик. Биз савдо ва инвестициялар бўйича келишувлар имзолаганмиз. Минтақага сафарим тугаши билан АҚШнинг бошқа вакили Марказий Осиёга сафарини бошлади. У минтақа давлатларининг ҳаммаси билан савдо алоқаларнини кенгайтириш, солиқлар тартибини яхшилаш, улар бирга тараққиётга эришиши учун биз қандай ёрдам бера олишимиз мумкинлиги каби масалаларни муҳокама қилади.

Биз савдо ва инвестициялар масаласига эътибор қаратдик. Бошқалар, хусусан БМТ минтақа давлатлари билан сув ва бошқа масалаларда иш олиб борди. Биз доим уларни электр линияси орқали Афғонистон билан боғланиши йўлларини излаяпмиз.

Биз Афғонистон улар учун муаммо эмас балки янги имкониятлар бўлишиши хоҳлаймиз, деди АҚШ Давлат Котиби ёрдамчиси Ричард Баучер Озод Европа/Озодлик радиоси мухбирлари билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG