Линклар

Ҳиндистонда сайловларнинг биринчи босқичи якунланди

  • Ҳасанжон

Таҳлилчиларга кўра, минтақа давлатлари Ҳиндистон демократиясидан ўрнак олмаяптилар.

Таҳлилчиларга кўра, минтақа давлатлари Ҳиндистон демократиясидан ўрнак олмаяптилар.

Ҳиндистонда бир ой давом этадиган парламент сайловларининг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Дунё иқтисодиёти ва сиёсий саҳнасида мавқеи тобора ортаётган Ҳиндистон демократиясидан минтақа давлатлари ибрат олишга шошаётгани йўқ.

Сўров натижаларига кўра, дунёдаги энг катта ва энг мураккаб парламент сайловида иқтидордаги Ҳиндистон Миллий конгресси етакчилигидаги коалиция, сиёсий рақиби бўлган ўнг қанот Бхаратия Жаната партияси, яъни BJP партиясидан бироз олдинда эканини кўрсатган. Аксари сўлчи партиялардан иборат бўлган учинчи блок сайловлардан чиқиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Бир ойга мўлжалланган парламент сайловининг дастлабки босқичи 16 апрел куни 17 штат ва минтақадаги 124 та сайлов округида ўтказилди.

Хавфсизлик чоралари кучайтирилганига қарамай, маочи партизанлар уюштирган ҳужумлар оқибатида 17 одам нобуд бўлди. Бу ҳужум сайлов натижасига таъсир этмади. Маълумотларга кўра, сайловда одатдагидек овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг тахминан 60 фоизи қатнашган.

Сайлов натижаси июнь ойида маълум бўлади. Беш босқичда ўтказиладиган парламент сайловида Ҳиндистондаги 714 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга.

Ўтган йил ноябрида Мумбай шаҳрида амалга оширилган террор ҳужумлари бир неча ҳафта давомида халқаро ҳамжамият диққат марказида бўлиб келди. Деҳлида инглиз тилида чиқадиган “The Hindi” газетаси раҳбари Сидхарт Варадараян сайлов натижасини мамлакат эмас¸ балки маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалалар ҳал қилади, деган фикрда.

Сўнгги йигирма йил давомида Деҳли ҳукумати амалга оширган ислоҳотлар натижасида мамлакат иқтисодиёти шиддат билан ривожланиб Ҳиндистоннинг халқаро саҳнадаги нуфузи ортмоқда. Деҳли Ғарб билан стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиб, Пекин билан ўз алоқаларини яхшилаган бир пайтда¸ Мумбайдаги ҳужумлардан кейин Покистон Ҳиндистон билан олиб борилган тўрт йиллик тинчлик жараёнини издан чиқарди.

Бироқ Варадараян парламент сайловидан кейин икки давлат ўртасидаги кескин муносабатлар юмшашини башорат қилди.

- Агар Конгресс ёки учинчи фронт муваффақиятга эришса, менимча, сайловдан кейин Ҳиндистон-Покистон жабҳасида вазият юмшайди. Агар Покистон ҳозиргидек ҳамкорликни давом эттирадиган бўлса. Сайловда агар БиЖейПи (BJP) ғалабага эришса, бу партия кўпроқ кучга таянишини башорат қилиш мумкин, - дейди Варадараян.

2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин бир-бирига ашаддий душман бўлган Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги рақобат янги ҳудуд - Афғонистонга кўчди.

Филипп Олденбург Нью Йоркдаги Колумбия университетининг Жанубий Осиё бўйича мутахассиси. Унинг фикрича, Ҳиндистон Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашга уринган. Аммо Покистон бунга йўл бермаган.

- Афтидан Афғонистон ҳукуматининг кучли ва мустақил бўлиши Покистон билан муносабатда Ҳиндистонга қўл келади. Яъни Ҳиндистон Покистонга таъсир этиш воситасига эга бўлиши мумкин, - дейди америкалик мутахассис.

АҚШ президенти Барак Обаманинг минтақа бўйича эълон қилган янги стратегиясида мазкур минтақа барқарорлиги ва террорзмга қарши курашда Ҳиндистоннинг ролини ошириш назарда тутилган.

“The Hindi” газетаси директори Сидхарт Варадараян фикрича, Деҳли ва Исломобод ўртасидаги рақобатнинг тўхташи Барак Обаманинг Афғонистон ва Покистон бўйича эълон қилган янги стратегиясини муваффақиятли амалга оширишга ҳисса қўшади.

Таҳлилчиларга кўра, Ҳиндистон дунёдаги энг йирик демократик давлат бўлишига қарамай, минтақадаги қўшни давлатлар ундан ўрнак олаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG