Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:36

Тадбирлар зўру нега кўплар порахўр?


Ўзбекистон кузатувчилар фикрича, ҳозирги кунда мамлакатда коррупция кириб бормаган соҳа йўқ.
Ўзбекистон кузатувчилар фикрича, ҳозирги кунда мамлакатда коррупция кириб бормаган соҳа йўқ.

Ўзбекистонда "Коррупцияга қарши кураш миллий ҳаракат режаси" ҳозирланаётган паллада мамлакатда фаолият кўрсатаётган "Ҳозиржавоб гуруҳ" таҳлилий маркази мазкур режа юзасидан қатор таклифларни ишлаб чиқди.

"Йилнинг энг яхши ўқитувчиси" республика танловида иштирок этиш вилоят даражасида ғолиб чиққан муаллимга неча пулга тушади?

Албатта, муаллим бир тийин ҳам тўламаслиги керак.

Лекин Фарғона вилоят халқ таълими бошқармасининг бир усулчиси фикрича, танловда қатнашмоқчи ўқитувчи "узатиши" лозим.

Фарғоналик Маъруфжон ака ҳикоя қилади.

- Икки ҳафта олдин ўқитувчи танлови вилоят босқичининг ғолиби бўлган Эркин Холматов деган ўқитувчидан вилоят халқ таълими бошқармаси таълим марказининг методисти 500 доллар талаб қилган. "500 доллар берасиз¸ республикада қатнашасиз"¸ дейишган. Аввало "1000 доллар берасиз" дейишган¸ дейди фарғоналик Маъруфжон ака.

Хўш, нима билан тугади бу можаро?

Ўқитувчи узатдими-йўқми?

Бу саволларга мақоламиз сўнгроғида жавоб топасиз.


"Жамият ва қонун"нинг бугунги сони коррупцияга қарши кураш мавзусига бағишланади.

Бу мавзу шу кунда Ўзбекистонда долзарб мавзулардан бири.

Шу кунларда мамлакатда "Коррупцияга қарши кураш миллий ҳаракат режаси"ни тайёрлаш устида иш олиб борилмоқда.
Ўзбекистондаги нодавлат "Ҳозиржавоб гуруҳ" таҳлилий маркази ўша режани тайёрлаш юзасидан бир қатор таклифларни ишлаб чиқди.

"Ҳозиржавоб гуруҳ" аъзолари билан ўтказганимиз суҳбатга ўтиш олдидан сўз навбатини Ўзбекистон республикаси бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқовага берсак.

Ўтган ойнинг сўнгги кунида Ортиқова хоним Озодлик саволларига жавоб берар экан, бундай деганди:

- БМТ томонидан коррупцияга қарши конвенция қабул қилинган. Ўтган йили Ўзбекистон ҳам бир қатор қонунларни қабул қилиб¸ шу конвенцияни ратификация қилди¸ деган эди Светлана Ортиқова.

Эндиликда эса, прокуратура вакилига кўра¸ ўша конвенция меъёрлари ва стандартларини мамлакат қонунчилигига татбиқ этиш масаласи турибди.

- Мана шу масалада ишчи гуруҳини ташкил этиш бўйича қўшма фармойиш қабул қилинган. Бош прокурор¸ Ички ишлар вазири¸ МХХ раҳбари¸ қатор вазирликларнинг биринчи шахслари, Олий суд раиси – ҳаммаси бир бўлиб фармойишга қўл қўйиб, 16 кишидан иборат ишчи гуруҳи ташкил топди, дея давом этди Бош прокуратура матбуот котиби.

Ана ўша 16 юқори лавозимли давлат амалдори енг шимариб ишга киришган. Улар боя айтганимиз - "Коррупцияга қарши кураш миллий ҳаракат режаси"ни тайёрлаш устида иш олиб бормоқда.

Бош прокуратура апрелнинг биринчи кунида Тошкентда, БМТнинг Жиноятчилик ва наркотикларга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда семинар ўтказди.

Демак, республика ҳукумати коррупцияга қарши курашга қаттиқ киришган.

Унда нодавлат ташкилоти – "Ҳозиржавоб гуруҳ" нималарни таклиф қилмоқда?

Мана бош прокуратура вакили айтган яна бир гап:

- Коррупция жиноятчиликка ўхшаш батамом бартараф этиб бўлмайдиган ҳол. Бу нафақат Ўзбекистонда¸ балки бошқа давлатларда ҳам мавжуд¸ деган эди Светлана Ортиқова.

Бош прокуратура вакилининг бу гапига "Ҳозиржавоб гуруҳ" эълон қилган ҳужжатдан битта фикрни келтирамиз:

"Коррупция барча давлатларда, ҳатто ривожланган демократик давлатларда ҳам мавжудлигини рўкач қилавериш – жамоатчилик эътиборини чалғитиш учун қилинадиган баҳона, холос".

Бу фикр масалага ёндошишда ҳукумат билан нодавлат ташкилотини иккига бўлиб турган қизил чизиқдир.

Келинг, аввал кураш объекти – коррупциянинг кўлами тўғрисидаги баъзи тасаввурлар билан танишайлик.

Фарғоналик Маъруфжон аканинг айтишича, коррупция энг аввало давлат идораларида, банк тизимида томир отган.

- Айтайлик¸ бирор нарсани ҳал қилмоқчи бўлсангиз¸ ўша нарсанинг ставкаси бор. Ставкасини берасиз, кейин ҳал бўлади, бўлмаса бўлмайди. Мен банкка қатнашга мажбурман. Банкирлар очиқ-ойдин 15 фоиз олиб қолишади.

Масалан, 1 миллион сўм кредит оладиган бўлсангиз¸ сизга 850 минг сўм нақд берса¸ 150 минг банкда қолади. Шу бугун биттаси била гаплашдим¸ хафа бўлиб айтди менга шуни.

“Банкдан 1 миллион сўрасам¸ 15 фоиз олиб қолаяпти¸ нима қилай?” деб бир тадбиркор гапдан гап чиқиб кетиб очиғини гапирди¸ дейди Маъруфжон ака.

15 фоиз чўтал эвазига кредит берган банкирни ушлаб олиш, қамаш мумкиндир. Лекин давлат лавозимини сотаётган, сотиб олаётган шахсларни ушлаш - мутлақ қилиб бўлмайдиган иш.

Бир суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбекистонда кичикроқ бир туманга ҳоким бўлиш учун юқорига 50 минг узатиш керак. Албатта, ўзбек сўмида эмас.

- Ўртачароқ¸ кичикроқ туман ҳокими бўлиш 50 минг деб эшитганман¸ дейди ўзбекистонлик суҳбатдошимиз.

Мана шундай ҳолатда, фарғоналик Маъруфжон аканинг мана бу гапи одамнинг ғашини келтириши мумкин:

- Халқ таълими тизимидагиси ниҳоятда даҳшатли тус олиб кетди. Булар таълим-тарбия ҳақида ўйлашни унутиб қўйиб¸ пора олиш билан шуғулланаяпти. Мен ўзимнинг гапларимни фактлар билан тасдиқлайман¸ дейди Маъруфжон ака.

Демак, коррупция вируси кирмаган, етиб бормаган соҳа йўқ.

Хўш, нима қилиш керак?

Бош прокуратура вакили Светлана Ортиқованинг айтишича, давлат қараб тургани йўқ. Давлат курашаяпти.

Бироқ, нодавлат ташкилоти – "Ҳозиржавоб гуруҳ"нинг фикрича, давлат баъзи принципиал масалаларга эътибор қаратмас экан, курашдан ҳеч қандай самара чиқмайди.

Гуруҳ вакили, ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловга микрофон тутдик.

- Бош прокурор ўринбосарининг айтиши бўйича¸ Ўзбекистонда ҳозир ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда бошқа идоралар вакиллари томонидан ишчи гуруҳ тузилган¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Бояроқ айтдик бу ҳақда.

- Мана шу ишчи гуруҳга Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий дастур ишлаб чиқиш топшириғи берилган. Дастур ҳали энди ишлаб чиқарилаяпти ва кураш ҳали бошлангани йўқ.

Шунинг учун биз мана шу пайтдан фойдаланиб¸ ишчи гуруҳ миллий дастур устида ишлаëтган экан¸ демак¸ таклиф билдиришнинг энг қулай пайти, деб билдик ва таклифларимизни билдирмоқдамиз.

Озодлик: Таклифлар нималардан иборат?

- Энг биринчиси¸ коррупциянинг Ўзбекистонда кенг тарқалганлиги жамиятнинг қашшоқлашувига¸ иқтисодиëтнинг олдинга кетмаëтганлигига сабаб эканлиги мамлакатнинг энг юқори раҳбарлари томонидан айтилиши керак¸ мана шу нарса тан олиниши керак. Мана шу тан олиниш оммавий ахборот воситалари томонидан кенг тарқатилиши керак.

Фақатгина мана шунақа сигналгина жамиятга¸ давлат идораларига¸ мансабдор шахсларга бу гал коррупцияга қарши курашиш фақат оғзаки ëки қоғоздаги гап бўлиб қолмасдан¸ сидқидилдан бошланганлиги тўғрисида хабар бериши керак¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Демак, Ўзбекистон ҳукумати: "Ҳа, коррупция мавжуд", деб тан олиши керак.

- Иккинчи тавсиямиз - миллий дастурни ишлаб чиқарадиган гуруҳ албатта мана шу дастурни амалга оширувчи коррупцияга қарши бирор-бир идоранинг ҳам тузилишига олиб келиши керак. Бу идора на ижро ҳокимиятига¸ на суд давлат ҳокимияти бўғинларига кириши керак.

Масалан¸ энг оптимал йўлларидан бири коррупцияга қарши янги тузилаëтган идорага мана шу масалани чуқур ўрганган ва унга қарши курашиш йўлларини биладиган мутахассисларни¸ экспертларни давлат идораларидан ҳам чақириш керак¸ нодавлат¸ нотижорат ташкилотлардан¸ фуқаролик жамиятининг бошқа бир институтларидан¸ ОАВлардан ҳам вакилларни чақириш керак.

Мана шунақа янги тузилган идора Ўзбекистон республикаси парламенти қошида ишга тушиши мумкин эди.

Озодлик: Бу¸ сизларнинг фикрларингизча¸ жазоловчи идора бўладими?

- Йўқ¸ жазолаш функциялари прокуратурада¸ судда қолаверади. Жазони суд белгилайди¸ ишни прокуратура органлари тайëрлаб бериши мумкин. Бу вазифанинг давлатнинг ўзида сақлаб қолишига бизнинг ҳеч қандай қаршилигимиз йўқ.

Лекин биз таклиф қилаëтган коррупцияга қарши янги идоранинг моҳияти шундан иборатки¸ у на ижро ҳокимиятига бўйсунган бўлади ва на суд ҳокимиятининг ичига кирган бўлади. Алоҳида идора тузилади.

Идоранинг асосий вазифаси қабул қилинаëтган миллий дастурни тўлиқ бажарилишини таъминлаш¸ назорат қилиш бўлади. Мана гап нима ҳақида кетаяпти. Ҳеч қайси бир давлат ҳокимияти бўғинларига бўйсунмайдиган¸ мустақил¸ янги орган тузилиши керак¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Демак, "Коррупцияга қарши курашувчи махсус мустақил идора ташкил қилиниши керак". Бу "Ҳозиржавоб гуруҳ"нинг иккинчи тавсияси.

- Яна бир билдираëтган таклифимиз шундан иборатки¸ Ўзбекистонда ҳозир қабул қилинаëтган коррупцияга қарши чора-тадбирлар Ўзбекистонда давлат хизмати ва давлат хизматчисининг ижтимоий таъминоти тўғрисида қонун қабул қилинмас экан¸ ҳеч қачон тўлиқ бўлмайди. Чунки коррупцияга мойил инсонлар давлат вакиллари¸ мансабдорлари орасида кўпчиликни ташкил қилади.

Шунинг учун уларнинг ижтимоий тарафдан таъминоти¸ ҳимояси¸ уларнинг ойликлари бозор иқтисодиëти шароитига тўғри келишини таъминлайдиган қонун қабул қилинмас экан¸ ишлаб чиқилаëтган коррупцияга қарши чора-тадбирларни тўлиқ, деб ҳисобламаслик мумкин.

Озодлик: Туман ҳокимияти даражасидаги етакчи мутахассис ëки вилоят ҳокимияти даражасидаги мутахассиснинг ойлиги тахминан қанча?

- Жуда яхши савол (кулиб). Келинг, биз моддий тарафдан унчалик чиройли бўлмаган¸ ўзига тортмайдиган ишларни қўйиб турамиз - ҳокимиятлар¸ турли хил вазирликларнинг бошқармаларида ишлаш моддий тарафдан ўзига тортадиган ҳисобланмайди Ўзбекистонда. Чунки уларнинг ойликлари ўз-ўзидан жуда кам, 120-150 минг сўм атрофида.

Биз жуда ҳам обрўли ҳисобланадиган касб эгаларини кўришимиз мумкин. Биз жуда кўп судялар¸ прокурорлар¸ прокуратура терговчилари билан суҳбатлашамиз. Уларнинг бизга бераëтган маълумотига кўра¸ бир ойлик ўртача даромадлари - даромад деганда фақат расмий даромад кўзда тутилаяпти - ойлик ва яна қанақадир мукофот пуллари¸ судялар ва прокуратура терговчилари учун ўртача олганда 150 минг сўмдан 180 минг сўмгача.

Агар буни қора бозор нархида долларга айлантирсак¸ 84-85 доллардан 100 доллар атрофигача бўлади. Бир ойлик даромади шунчани ташкил қилаëтган мансабдор шахслардан қанақа қилиб биз коррупцияга қарши қабул қилинаëтган дастурнинг самарали башарилишини кутишимиз мумкин?

Жуда кўп терговчилар билан гаплашсак¸ планëрка йиғилишида “пора олма” деб бошлиқлар айтишар экан. Уч-тўрт кундан кейин бирор бир фуқаронинг иши бўйича ҳужжатлар тайëрланиб ичкарига олиб кирилгандан кейин секин: “Ўртоқ прокурор¸ шунча бераман деяпти. Нима қиламиз?” деб шипшитиб қўйилса¸ “Сал камроғу. Оборип олиб келовринг¸ сал кўпайиб қолар” деган кўрсатмалар берилар экан. Бу кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Демак, "Давлат амалдоридан пора олмасликни талаб қилишдан олдин унга муносиб иш ҳақи тўлаш керак." Бу "Ҳозиржавоб гуруҳ"нинг учинчи тавсияси.

Бу ташкилотнинг тавсиялари кўп. Лекин уларни давлат ташкилотлари инобатга оладими?

Бу саволга жавобимиз йўқ. Жавобни фақат тахмин қилиш мумкин.

Мақола аввалида Фарғона вилоят халқ таълими бошқармасининг бир масъул ходимининг пора талаб қилгани тўғрисидаги хабар айтилган эди.

Хўш, нима билан тугади ўша можаро?

- У деса¸ у деган бу деса¸ бу деган. Охири ўқитувчи органларга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Натижада таъмагир ҳибсга олинди¸ дейди Маъруфжон ака.

Ҳа, таъмагир амалдор ҳибсга олинди. Балки қамалар, жазосини олар.

Лекин, бундан жамият, боринг, ана фарғоналиклар, "адолат қарор топаяпти, коррупцияга қарши самарали кураш олиб борилаяпти", деган фикрга борадими?

Агар бормаса, нима учун?
XS
SM
MD
LG