Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:48

Тақирбошларни ўлдирган тожик мардикори қидирилмоқда


Айрим тожикистонликлар ўз юртдошларининг россиялик уч скинхедни ўлдиргани тўғрисидаги хабар рус миллатчиларининг Россияда ишлаётган тожик мардикорларига нисбатан нафратини янада кучайтириб юбориши мумкинлигидан хавотирланмоқдалар.
Айрим тожикистонликлар ўз юртдошларининг россиялик уч скинхедни ўлдиргани тўғрисидаги хабар рус миллатчиларининг Россияда ишлаётган тожик мардикорларига нисбатан нафратини янада кучайтириб юбориши мумкинлигидан хавотирланмоқдалар.

17 апрел куни Россиянинг қатор ахборот агентликлари ва нашрлари Москва вилоятининг Коломна шаҳрида уч нафар тақирбошни ўлдирган тожик мардикори халқаро қидирувга берилгани ҳақида хабар тарқатдилар.

“Комсомольская правда” газетасининг хабар қилишича, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари уч нафар тақирбошни ўлдирганликда айбланаётган 26 ёшли Саиджон Ражабовга нисбатан халқаро қидирув эълон қилганлар. Россиялик расмийлар бу борада Тожикистонга ҳам сўровнома юборганларини маълум қилганлар.

Аммо Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоев биз билан суҳбатда ўзининг бу воқеадан хабарсиз эканини айтди.

Кейинги йилларда Тожикистонга Россиядан тожик мардикорларининг тобути келиши, афсуски, янгилик бўлмай қолган.

Тожикистон Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Абдусами Додожонов яқинда ўтказган матбуот анжуманида 2008 йилда Россиядан 681 та ана шундай тобут келтирилганини, шундан 80 киши скинхедлар қўлида қурбон бўлганини маълум қилганди.

Аммо тожик мардикори томонидан бирваракайига уч скинхедни ўлдирилишига оид ҳодиса илк бор кузатилмоқда. Шу важдан бўлса керак, Тожикистонда бу хабар жуда тез оғиздан-оғизга кўчди, айни пайтда бу борадаги фикрлар ҳам турлича бўлди.

Новосибирск шаҳридан яқинда ватанига қайтган Адолат Россияда ирқчилар тўдасига учраган тожикистонлик гастарбайтерлар ном-нишонсиз йўқолиб кетаётганини айтади.

- Тирикчилик ташвиши билан Россияга борган кўп ёшлар скинхедлар қўлида ўлиб келаяпти, ота -оналари эса куйиб қолаяпти. Одамларнинг жонига тегди-да бу скинхедлар ҳам. Уларни ўлдирган болага ҳайкал қўйиш керак. Агар бу бола уларни ўлдирмаганида яна битта тобут кўпаярди Тожикистонда, дейди Адолатхон.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Жаҳонгул ҳам Россияда бундай воқеаларга бевосита гувоҳ бўлганини маълум қилар экан, энди бу воқеа кетидан скинхедларнинг марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига нисбатан нафрати янада кучайиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

- Балки бу воқеа тасодифан содир бўлгандир. Масалан, метроларда ҳам ҳатто бизнинг йигитларга ҳужум қилишади, метродан тушириб қолиб, нечтасини сўйиб ташлашган. Энди бу болани ҳам шундай қилишган бўлса, балки ўзини-ўзи ҳимоя қилгандир, дейди Жаҳонгул.

Душанбелик Қундузой турмуш ўртоғи Москвада такси ҳайдовчиси эканини ва скинхедлар қилаётган жиноятлар тўғрисида у кишидан эшитганини айтар экан, ким содир этишидан қатъий назар, одам ўлдиришдек оғир жиноятни оқлаб бўлмаслигини айтади.

- Қотиллик барибир қотилликда, одам ўлдириш яхши эмас-да. Лекин, агар у болага скинхедларнинг бирор зарари етган бўлса, мумкин у ўлдириб яхши қилгандир. Аммо, менимча, нима бўлганда ҳам ўлдириш керак эмас эди. Унинг жазолашга ҳаққи йўқ. Бу битта жиноят яна неча шундай жиноятни туғдиради-да, дейди Қундузой.

Маҳаллий кузатувчилар ирқчи гуруҳ аъзолари саналган уч нафар россияликни ўлдирганликда гумонланаётган Саиджон Ражабов Тожикистонда қўлга олинган тақдирда ҳам, у Россияга бериб юборилмаслигини тахмин қилмоқдалар.

Чунки Тожикистоннинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, агар тожикистонлик фуқаро мамлакат ташқарисида жиноят содир этганидан сўнг ўз ватанига қочиб келиб, шу ерда қўлга олинса ҳам, у фақат Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан сўроқ қилинади ва судланади.

Масалан, ўтган йил Москва шаҳрида россиялик журналист Илёс Шўрпаевни ўлдириб, Тожикистонга қочиб келган икки тожик фуқароси мамлакат Олий суди ҳукми билан 21 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
XS
SM
MD
LG