Линклар

Хитой Қозоғистонга қарз беради


Нурсултон Назарбоев ва Ху Цзин Тао Қозоғистон ҳудудида нефтни қайта ишловчи заводларни ишга тушириш масаласини ҳам муҳокама қилдилар.

Нурсултон Назарбоев ва Ху Цзин Тао Қозоғистон ҳудудида нефтни қайта ишловчи заводларни ишга тушириш масаласини ҳам муҳокама қилдилар.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Хитой раҳбари Ху Цзин Тао Пекиннинг расмий Остонага 10 миллиард долларлик қарз бериши ва Хитой Қозоғистондаги энг йирик нефт компаниясида ўз улушига эга бўлиши ҳақида келишиб олдилар.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг ўтган ҳафтада Хитойга қилган ташрифи мамлакат иқтисодига катта ижобий ўзгаришларни олиб келаётгандек. Ҳукуматпараст маҳаллий матбуот Хитойнинг қозоқ иқтисодига 10 миллиард долларлик кредит беришини олқишлаяпти.

Расмийлар бу маблағ молиявий бўҳронни бошдан кечираётган Қозоғистон иқтисодига анча кўмак бўлишини айтмоқдалар.

Қайд этиш жоизки, икки давлат раҳбарларининг учрашуви фақатгина кредит масалаларини келишиш билан чекланиб қолмади. Қозоғистон ҳудудида Хитойнинг кўмагида нефтни қайта ишловчи завод қуриш масаласи ҳам кун тартибида бўлди.

Кузатувчиларга кўра, мамлакатга қайта ишловчи заводлар сув ва ҳаводек зарур. Хитой эса бу кўмакларнинг эвазига Қозоғистондаги йирик Манғистов нефт кони ҳиссаларининг ярмини сотиб олишни кўзлаяпти.

Айтиб ўтиш жоизки, Расмий Остонанинг Пекин билан олиб борган музокараларига хорижлик экспертлар ҳам бефарқ бўлолмадилар. Масалан, “Дойче ворлд” интернет нашрига интервю берган ташқи сиёсат бўйича германиялик эксперт Штефан Майстер Хитойнинг Қозоғистон энергетика саноатида фаол ўйинчи бўлиш истагини ва хитойликларнинг қозоқ табиий ресурсларига яқиндан йўл излаш интилишларини олқишлайди.

Штефан Майстер Хитойдан фарқли ўлароқ Европа Иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари билан олиб бораётган музокаларида ташкилотчилик руҳи сезилмаслиги, ғарбнинг Марказий Осиё давлатлари билан олиб бораётган музокаралари маҳсули шунчаки қоғозда қолиб кетаётганини айтади.

- Қозоғистон президенти Хитойга яқинлашиш сиёсатини бошлаяпти. Бу Қозоғистонга иқтисодий ва энергетик сиёсатини диверсификация қилиш орқали уни Россия таъсиридан озод қилиш имконини беради. Бу эса бутун Марказий Осиё минтақаси стабиллашуви ва Россиянинг ўз ховурини босиб олишига олиб келади,- дейди “Дойче ворлд” интернет нашрига берган интервюсида германиялик эксперт Штефан Майстер.

Аммо Қозоғистон мухолифати Хитой билан ҳамкорликни ривожлантириш масаласига шубҳа билан ёндошмоқда. Масалан, мухолифатдаги “Азат” партияси раиси ўринбосари Пётр Своик: “Хитойнинг 2 триллион АҚШ доллари атрофида жамғарма пули бор ва расмий Пекин ушбу маблағни стратегик муҳим объектларни сотиб олишга сарфлаяпти”, деган фикрни илгари сурмоқда.

- Қозоғистон бу пуллар эвазига миллий-табиий бойликларни бериб юборишга тайёр. Бизнингча, бу бутунлай нотўғри қадам,- дейди Своик.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Николай Кузминнинг Озодлик радиосига айтишича, қозоқ иқтисодиётига қайси мамлакат сармоя киритиши муҳим эмас, энг муҳими ўша сармояларнинг қозоғистонликлар манфаати учун хизмат қилишидир:

- Агар парламент депутатлари сўзларига ишонадиган бўлсак, ҳозир хитойликлар қозоқ нефтининг 50 фоизини бошқариб турибди. Шундай тақдирда ҳам ушбу сармоя киритаётган компаниянинг хитойлик, америкалик ёки италиялик бўлишининг фарқи йўқ. Асосийси уларнинг Қозоғистон иқтисоди учун фойдали бўлишидадир,- дейди Николай Кузмин.

Иқтисодчи Канат Беринтаев фикрича, Хитойнинг нефт бўйича Қозоғистон билан ҳамкорлигининг ривожланиши бу мамлакатда фаолият юритаётган хорижий компаниялар ўртасидаги кучайишига сабаб бўлади.

- Хитой қозоқ нефти соҳасида ўз улушини кўпайтириш орқали Қозоғистонда фаолият юритаётган ғарб компанияларига асосий рақобатчи бўлиши мумкин. Бу йўл орқали Хитой ғарб мамлакатларининг энергетик хавфсизлигига катта хавф туғдириши мумкин,- дейди Қанат Беринтаев.

Айни пайтда Қозоғистоннинг Хитой билан савдо айланмаси Россиядан кейин иккинчи ўринда туради. Ўтган йили эса бу кўрсаткич 15 миллиард АҚШ долларида кўпроқ маблағни ташкил қилган.
XS
SM
MD
LG