Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:08

Тақирбошлар ўзбекни прокуратурада ўлдирди


Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Гитлернинг туғилган куни арафасида миллатчилар ҳаракати фаоллашган.
Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Гитлернинг туғилган куни арафасида миллатчилар ҳаракати фаоллашган.

Москва шаҳридаги Бутирский прокуратураси биноси ҳовлисида, 18 апрелга ўтар кечаси, бир гуруҳ россиялик тақирбошлар фаррош бўлиб ишлайдиган Ўзбекистон фуқаросини ўлдириб кетди.

Ашаддий рус миллатчилари ўзбекистонликни ҳеч бир сабабсиз ўлдириб кўздай ғойиб бўлганлар.

Маълумотларга кўра, ҳозирда жиноятчилар қидирилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси 17 апрел куни эълон қилган статистик маълумотларга кўра, жорий йил бошидан 15 апрелга қадар Россияда ксенофобия ва миллий нафрат асосида хориж фуқароларига қарши 73та ҳужум уюштирилган. Оқибатда 20 одам ўлган.

Россиялик ашаддий миллатчилар ҳужуми натижасида 70 киши жароҳатланган. Ўлганларнинг етти нафари Ўзбекистон фуқароларидир.

18 апрелга ўтар кечаси Бутирский прокуратураси биноси ҳовлисида тақирбошлар уюштирган ҳужум оқибатида миллий нафрат асосида ўлган ўзбекистонликлар сони биттага кўпайиб, саккиз кишини ташкил этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси раҳбари Александр Брод Озодлик мухбири билан суҳбатда бундай қотилликлар сони кўпайиб бораётганини айтди.

- Биз тузган статистик маълумотларга кўра, ксенофобия асосида содир этилаётган жиноятлар йилига 15 – 20 фоизга кўпайиб бормоқда. Бу йил шу кунга қадар 20 киши ўлдирилди, 70дан ортиқ киши яраланди. Бугун яна бир ўзбекистонлик ўлдириб кетилди. Ҳужумлар оқибатида ўзбеклар, озарийлар, кавказ халқлари вакиллари ва Африка мамлакатлари талабалари энг кўп жабрланмоқдалар,- дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Галина Кажевникова миллий нафрат асосида содир этилаётган жиноятлар ва ксенофобия муаммолари билан шуғулланадиган Москвадаги СОВА ахборот - таҳлилий маркази раҳбари.

Унга кўра, Россияда ўлдирилаётган хорижликларнинг ҳаммасини аниқлашнинг имкони йўқ. Шанба куни ўзбекнинг ўлдирилгани қотиллик прокуратура биноси олдида содир этилгани учун ҳаммага ошкор бўлган.

- Навбатдаги ҳужум қотиллик бўлгани учун ва энг аҳамиятлиси, бу прокуратура ҳовлисида содир этилгани учун маълум бўлди. Мен кўп йиллик фаолиятим давомида бундай воқеа юз берганини эслай олмайман.

Ҳужумга учраган одам дуч келган биринчи ҳовлига қочиб кирганини тушуниш мумкин. Мени ҳайрон қолдирган нарса ҳужумга учраган ўзбекка ҳеч ким ёрдам бермаганидир. Ахир прокуратура биноси қўриқланади.

Афтидан бу қотиллик Гитлернинг туғилган куни арафасида ашаддий рус миллатчиларининг фаоллашуви билан боғлиқ, - дейди Галина Кажевникова

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси эълон қилган статистик маълумотларда миллий нафрат асосида ўлдирилганларнинг 30 фоиздан кўпини ўзбеклар ташкил этиши қайд этилган.

- Аслида бу одамлар фаррош бўлиб ишлаган. Улар ўзбекистонлик бўлгани учун ўлдирилмаган. Улар доим кўчада бўлгани учун ўлдирилган. Чунки фаррош ашаддий рус миллатчилари учун қулай нишон. У деярли ҳимоясиз.

Москвадаги фаррошларнинг асосий қисми марказий осиёликлар, яъни қирғизлар ёки ўзбеклар бўлгани учун улар кўпроқ қурбон бўляпти,- дейди миллий нафрат асосида содир этилаётган жиноятлар ва ксенофобия муаммолари билан шуғулланадиган Москвадаги СОВА ахборот таҳлилий маркази раҳбари Кажевникова.

Москва вилоятидаги шаҳарлардан бирида ишлаётган, ўз исмини айтишимизни хоҳламаган ўзбекистонликлардан бири рус бўлмаган миллатлар вакилларига асосан ашаддий миллатчи бўлган рус ёшлари шавқатсиз ҳужум қилаётганини айтди:.

- Яқинда бир қўқонлик йигитни касалхонада кўрдим. У сваршик бўлиб ишлаган оддий қўқонлик йигит. Кечқурун укаси билан ишдан қайтиб келаëтганда¸ вокзалда 20 тача скинхедлар бейсбол таëғи билан калтаклашган. Уни бошидан операция қилишиб¸ гематомани олишиб¸ 40 кун касалхонада ëтиб¸ уйидан ота-онасини чақиришди ва уни олиб кетишди. Бунақа воқеалар бўлиб турипти. Айниқса Ўрта Осиëдан келганларни ëмон кўришини русларнинг нигоҳидан билиш мумкин. Хитойликлар¸ ветнамликлар юрипти. Лекин улар Ўрта Осиëдан келганларни ëмон кўради¸ - дейди Россияда меҳнат қилаëтган ўзбекистонликлардан бири.

Унга кўра, Россия расмийларининг миллатчилик кайфиятидаги баёнотлари, оммавий ахборот воситаларидаги ишчи мигрантларга қарши ташвиқотлар ва иқтисодий бўҳрон сабабли юзага келган оғир ижтимоий вазият ҳам миллий нафрат асосида ҳужумлар содир этилишига сабаб бўлаётир.

- Газеталарда ИИВ раҳбарларининг ҳар кун ëзганлари одамларга таъсир қилади-да. Телевидение ҳар кун “Бугун тўққизта жиноят содир бўлди. Шунинг иккитасини Ўрта Осиëдан келганлар содир этди”, деб такрорлагандан кейин сиз ҳақингизда оммада бошқача фикр пайдо бўлади. Сиздан қўрқиб нарироқдан ўтади¸ ëмон қарайди¸ гапингизга жавоб бермайди. Мен шунинг шоҳиди бўлаяпман.

Озодлик: Мана шунақа воқеалар ўтган йилгига нисбатан камайдими ë кўпайдими?

- Охирги икки йилнинг ичида тажовузлар камайди. Чунки Ўрта Осиëдан келганлар камайди. Ҳозир ҳамюртларимизни онда-сонда кўрасиз¸- дейди Москва вилоятидаги шаҳарлардан бирида ишлаётган ўзбекистонлик.
XS
SM
MD
LG