Линклар

"Обама ишончли ҳамкор"

  • Фаррух Юсуфий

АҚШ президенти Обама билан қўл олишиб кўришган Вашингтоннинг ашаддий танқидчиси, Венесуэла президенти Чавес АҚШ билан алоқаларни тиклаш ниятида эканини билдирди.

АҚШ президенти Обама билан қўл олишиб кўришган Вашингтоннинг ашаддий танқидчиси, Венесуэла президенти Чавес АҚШ билан алоқаларни тиклаш ниятида эканини билдирди.

Лотин Америкаси етакчилари Шимолий ва Жанубий Америка давлатларининг бешинчи саммитини муваффақиятли, унда қатнашган АҚШ президенти Барак Обамани эса ижобий ҳамкор, дея олқишладилар.

Тринидад ва Табаго Республикасида ўтказилган уч кунлик саммитда Қўшма Штатлар, Лотин Америкаси ва Кариб Қўлтиғи давлатлари етакчилари иштирок этди.

Америка давлатлари ташкилотига аъзо 34 давлат етакчиларининг саммитида иштирок этган президент Барак Обама Қўшма Штатларнинг энг ашаддий танқидчилари, жумладан, Венесуэла Президенти Уго Чавеснинг ҳурматини қозонди.

Икки томонлама муносабатлар яхшиланаётгани рамзи ўлароқ, икки президент қўл бериб сўрашди ва саммит мажлиси пайтида Чавес Обамага китоб совға қилди.

Венесуэла президенти мухбирлар билан мулоқоти чоғида икки томонлама алоқаларни тиклаш мақсадида яқин келажакда Вашингтонга янги элчини юборишга умид қилаётганини баён қилди.

- Янги элчи тайинланишига оид масалани кўриб чиқяпмиз, бундан ташқари, сизга яна бир нарсани айтишим мумкин, бугун эрталаб ташқи ишлар вазири Никола Мадурога бу ҳақда топшириқ бердим.

Мен собиқ ташқи ишлар вазири Рой Чадертон билан гаплашдим ва уни Қўшма Штатларга янги элчи этиб тайинладим. Энди Чадертоннинг икки томонлама муносабатларни янгитдан бошлаш учун муҳим бўлган бу лавозимга тайинланиши Қўшма Штатлар томонидан маъқулланишини кутишимиз керак холос, -деди президент Чавес.

АҚШ Давлат Департаменти ҳам ўз элчисини Венесуэлага юбориш ҳаракатларини бошлашини баён қилди.
Чавес ўтган йилнинг сентябрида Боливия билан “бирдамлик” рамзи ўлароқ Каракасдаги АҚШ элчисини чиқариб юборган, бунга жавобан Вашингтон ҳам Венесуэла элчисини ҳайдаган эди.

Чавес президент Обаманинг салафи Жорж Бушни шайтон, деб атаган ва унинг ашаддий танқидчиси бўлиб келган. У, шунингдек, Вашингтонни ўзига нисбатан суиқасд уюштирганликда айблаган.

Саммит иштирокчилари Обаманинг Куба билан муносабатларни яхшилаш ниятини ҳам олқишлади.

- Кейинги икки йил давомида мен қайта-қайта айтиб келган фикримни яна такрорламоқчиман. Менинг маъмуриятим Куба ҳукумати билан турли масалалар, жумладан, наркотиклар, миграция ва иқтисодий масалалардан тортиб, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва деморкатик ислоҳотларига оид соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр.

Бир нарсани аниқ айтмоқчиман, бу шунчаки қуруқ гап эмас. Мен АҚШ-Куба муносабатларини янги йўналишга бура олишимизга ишонаман,- деди президент Обама.

Вашингтон 1959 йилдаги коммунистлар инқилобидан сўнг Куба билан дипломатик алоқаларни узган эди.

Обама иқтидорга келганидан бери АҚШнинг Кубага нисбатан 47 йиллик савдо эмбаргосининг бекор қилиниши ҳамда коммунистик режимнинг минтақавий тузилмаларга қайта қабул қилинишига оид умидларни уйғотди.

Куба Америка қитъалари саммитида қатнашмади, чунки Ҳавана 1962 йилда Америка давлатлари ташкилотидан ҳайдалган.

Бразилия Президенти Луиз Игнасио Лула да Силва ташкилотнинг кейинги саммити Кубанинг иштирокисиз ўтказилмаслигини баён қилди.

Куба Президенти Раул Кастро ҳафта бошида Қўшма Штатлар билан ҳар қандай масалани муҳокама қилишга тайёрлигини изҳор қилди. Ўз навбатида президент Обама Кастронинг бевосита муолқот қилиш таклифини қабул қилишга қарши эмаслигини таъкидлади.

Вашингтон яқинда келиб чиқиши кубалик бўлган Америка фуқароларига ўз ватаналарига бориш ва пул жўнатишга жорий қилинган таъқиқни бекор қилди.

Якшанба куни якунланадиган саммитда, шунингдек, иқтисодий бўҳрон ҳамда минтақадаги энергия ва хавфсизлик муаммолари ҳам муҳокама қилинди.
XS
SM
MD
LG