Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:08

Пенсия пули кечикаяпти


Ўзбекистонлик мутасаддилар нақд пул етишмаслиги пенсияларнинг ўз вақтида берилмай қолишига сабаб бўлаётганини айтмоқдалар.
Ўзбекистонлик мутасаддилар нақд пул етишмаслиги пенсияларнинг ўз вақтида берилмай қолишига сабаб бўлаётганини айтмоқдалар.

Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида пенсия пуллари берилишининг бир ойдан уч ойгача кечикаётгани сабабини мутасаддилар нақд пул етишмовчилиги билан изоҳлаяптилар.

Хоразмнинг Питнак шаҳрида яшовчи 75 ёшли пенсионер Болтабой Бобожонов нафақа пуллари кечикиши етмагандай, ундан турли хил тўловларга мажбурий ушлаб қолинишидан норозилигини айтади.

-Ҳозир Ўзбекистонда инқироз. Пенсия, ойлик деган нарсалар икки ойлаб берилмайди. Биринчидан кассада пул йўқ¸ иккинчидан пенсионернинг қўлига оладиган пули йўқ. Яъни 100 минг сўм пенсия оладиган бўлса¸ унинг 30 фоизи газга, яна 30 фоизи светга ушланади, шунда нима қолади пенсия пулидан?

Бир килограмм гўшт 7000 сўм¸ бир килограмм пиëз 3000 сўм¸ бир килограмм картошка 1200 сўм¸ бир дона буханка нон 350 сўм. Қандай қилиб яшаш керак? Тирикчилик жуда оғир. Ўзим 75 ëшга кирдим. Девонаман...

Умуман Ўзбекистонда шароит жуда оғир бўлиб қолди. Бизнинг келажагимиз порлоқ¸ порлоқ¸ порлоқ деймиз, лекин бу кетишда Ўзбекистонда келажак бўлмайди, - дейди хоразмлик Болтабой Бобожонов.

Жиззах шаҳрида яшовчи пенсионер Саъдулла ота хонадонида оила аъзолари фақат пенсия пули ҳисобига кун кечиришади. Саъдулла отага кўра, ўзи ва рафиқаси оладиган пенсия пули рўзғорнинг асосий даромади ҳисобланади. Бироқ отахон пенсия пулининг кечикиши боис айни кунларда оила аъзоларининг ҳатто озиқ-овқатга ҳам пуллари йўқлигини айтади.

-Ўзи ойнинг 15 дан кейин бериши керак. Ҳозир ойнинг охирида бераяпти. Пенсия кечиккандан кейин муаммо туғилади. Бола-чақага озиқ-овқат олиш керак. Ҳозир ҳеч нарса йўқ уйда, қуп-қуруқ ўтирибмиз,- дейди жиззахлик Саъдулла ота.

“Қорақалпоғистонда ҳам аҳвол шу”, дейди манғитлик пенсионер аёл.

-Бир ой ўтиб кетиб кейинги ойнинг 5-6 числоларига оламиз пенсияни. Унинг ҳам 30 фоизини ушлаб қолади. Газ-светдан қарзимиз йўқ. 50-60 минг ортиқчаси билан тўлаб қўйганмиз. Шундай бўлса ҳам пенсияни тўлиқ ола олмаймиз. Ҳозир шунақа шароит. Уйидан кимдир касал бўлиб қолса¸ пенсионерлар эшикма-эшик юриб қарзга пул қидирадилар, - дейди суҳбатдош аёл.

Пенсия пулларини тарқатиш учун маъсул бўлган “Ўзбекистон почтаси” очиқ акционерлик жамиятига мурожаат қилганимизда, ташкилот ходимаси пенсия пуллари кечикаётганлигини тан олди.

-Ойдан ойга кечикиб тўланаяпти.

Озодлик: Қанча кечикаяпти?

-5-10 кунга кечикиш ҳолатлари бор. Айрим жойларда ундан ҳам кўпроқ.

Озодлик: Бу кечикиш қачондан бошланди?

-Анча вақт бўлаяпти.

Озодлик: Аниқроғи қачондан?

-Бу ҳар доим бўлиб келаяптию. Аниқроқ айта олмайман. Ҳозир нақд пул етишмаслиги муаммо. Шу муносабат билан кечга қолиш¸ узилиш ҳолатлари бўлаяпти.

Озодлик: Пенсионерлар бу ҳолатга қандай муносабат билдиришаяпти?

-Пенсионерларга жойларда тушунтиришаяпти¸ лекин улар дорига¸ бошқа нарсага пул керак деб талаб қилиб¸ почтахоналарнинг олдига келиб ўтириб олишади. Лекин кўпчилик кечикиб келишини тушуниб қолган, - дейди “Ўзбекистон почтаси” ходимаси.

Ўзбекистон Марказий банки пул муомаласи департаменти ходими ҳам мамлакатда нақд пул танқислигини тан олиб, бунда банклар айбдор эмаслигини таъкидлади.

- Муаммо бор, лекин бу банк билан боғлиқ бўлмаган муаммо. Бу ерда банкларнинг айби йўқ. Бу пулнинг айланиши, пулнинг банк кассасига тушиши билан боғлиқ муаммо.

Нақд пулнинг банк кассасига ўз вақтида туширилиши таъминланмаяпти. Бунинг моҳияти жойлардаги маҳаллий ҳокимиятлар, солиқ идоралари билан боғлиқ муаммо. Улар нақд пулнинг банкларга тушишини таъминламаяптилар.

Пул айланиши етарли даражада эмас. Бу ҳолат банк билан боғлиқ бўлганида эди, биз унинг чорасини кўриб, вақтида тартибга солиб қўярдик, -дейди пул муомаласи департаменти ходими.

Мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев пенсия пуллари кечикиши билан боғлиқ учта омилни келтиради.

-Авваламбор Ўзбекистонда тадбиркорлик масштаби жуда ҳам қисқарган. Ишсизлик туфайли тушум пуллари жуда кам. Бу биринчи сабаб.

Иккинчи сабаб, Ўзбекистонда бошқа мамлакатларга қараганда ҳарбий пенсионерлар: милициядан, армиядан, махсус хизматлардан истеъфога чиққан ходимларнинг нисбати умумий пенсионерлар нисбатига қараганда 10 фоизни ташкил этади. Лекин уларнинг пенсиялари энг ками 300 минг, бир хиллари ҳаттоки 600 минг сўмгача пенсия олади. Шу 10 фоиз ҳарбий пенсионерларнинг оладиган умумий пенсияси пенсия жамғармасининг 60 фоизини қоплайди. Шунинг учун оддий пенсионерларга пул етмайди.

Учинчи масала, Ўзбекистонда ишсизлик туфайли, иқтисод яхши тараққий этмаганлиги сабабли, нарх-навонинг ошиши туфайли инфляция даражаси анча юқори. Ҳукумат сунъий равишда шу инфляцияни сақлаб қолиш учун нақд пулларни бермасликка ҳаракат қилади.

Мана шу учта омил туфайли пенсионерларга пенсиялари вақтида етказиб берилмаяпти, - дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Кейинги пайтда пенсия пуллари вақтида берилмаслиги ҳолатлари маҳаллий матбуот орқали ҳам ёритилмоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари ферерациясига қарашли “Ишонч” газетасида эълон қилинган “Пенсия тўланишидаги узилишлар” номли мақолада ёзилишича, айни пайтда Жиззах вилоятида 77145 пенсионер нафақа пулларини ўз вақтида ололмаяпти.

Бундан бир неча ой олдин, жорий йилнинг 20 февралида жиззахлик қирққа яқин нафақахўр вилоят хокимлиги биноси олдига тўпланиб пенсия пуллари ўз вақтида беришини таълаб қилиб ҳам чиқишган эди.
XS
SM
MD
LG