Линклар

Тоҳир Йўлдош тирикми?

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Миллий хавфсизлик хизмати расмийсининг айтишича, Тоҳир Йўлдошнинг гуруҳи учга бўлиниб кетган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик хизмати расмийсининг айтишича, Тоҳир Йўлдошнинг гуруҳи учга бўлиниб кетган.

"Тоҳир Йўлдошев тирик ва у Вазиристонда". Бу гапни Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари, генерал-майор Абдулло Назаров 18 апрел куни ўтган матбуот анжуманида айтди.

Тожикистон Давлат Хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Абдулло Назаров 18 апрел куни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Тожикистонда ўтказилган аксилтеррор ўқув машқлари доирасида бўлган матбуот анжуманида Тоҳир Йўлдошнинг тириклиги ҳақида маълумот берди.

Тожик генерали террористик гуруҳлар ўз кучларини ноқонуний йўллар орқали Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳудудига киритиш имкониятига эгалигини ва ушбу ҳарбий ўқув машқларидан асосий мақсад аксилтеррор амалиётларини амалда синаш эканини билдирган.

- Ўзбекистон Исломий Ҳаракат раҳбари Тоҳир Йўлдош тирик ва у ҳозирда ўз гуруҳи билан Покистоннинг Вазиристонида фаолият қилади.

Бу ташкилот ҳозир уч гуруҳга бўлинган. Улардан бир гуруҳига бевосита Тоҳир Йўлдошевнинг ўзи раҳбарлик қилади. Яна бир гуруҳи Абдураҳмон раҳбарлиги остида ва бошқа бир гуруҳи эса Ал-Қоида ташкилоти билан зич ҳамкорликда бўлган Яҳё раҳбарлигида фаолият қилади.

Бу террорчи гуруҳлар Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар хавфсизлигига таҳдид солади. Чунки бу террористик ташкилот ўз аъзоларини ноқонуний йўллар билан ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудига киритиш имкониятларига эга.

Шу нуқтаи назардан иттифоқчи давлатларга бу каби ҳарбий ўқув машқлари ҳозирги вазиятда жуда зарур, - дея таъкидлади тожик генерали Абдулло Назаров.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси Абдулло Назаров Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳамда Покистон ҳукумати билан ахборот алмашинуви натижасида Тожикистонда сўнгги икки ой давомида мазкур террористик ташкилот аъзоларидан бир нечаси қўлга олинганини маълум қилди.

Шу ўринда айтиш жоизки, Покистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга мамалакат ҳисобланади.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийсининг Тоҳир Йўлдош Покистон ҳудудида яшириниб юрганига доир баёноти, Ўзбекистон томони Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг “Норак Антитеррор - 2009” қўшма ўқув машқларида қатнашишдан тийилишини эълон қилган бир вақтга тўғри келди.

- Биз Ўзбекистон томонига телефонаграмма юбордик ва уларни бу ҳарбий ўқув машқларида қатнашишга даъват этдик. Аммо улар ўз ҳудудида ҳарбий тадбир ўтказишларини маълум қилиб, биргаликдаги машқларда қатнашмадилар,- деди Абдулло Назаров.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар аксилтеррор қўшма ўқув машқлари ортда қолган ҳафта якунида Душанбе шаҳридан 50 километр жанубда жойлашган Фахробод минтақасида ўтказилди.

Бу ҳарбий машқларда Тожикистон Мудофаа вазирлиги аскарлари, Миллий хавфсизлик қўмитаси ва бу мамлакат милий армияси ҳамда Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон махсус кучлари қатнашган.

Минг нафаргача ҳарбий қатнашган аксилтеррор машқларга ҳарбий учоқлар ва зирҳли техникалар ҳамда вертолётлар жалб этилган.

Шуни ҳам айтиш ўтиш жоизки, расмий Москва ва Пекин Шанхай ҳамкорлик ташкилотини Хитой ҳамда Марказий Осиёдаги мамлакатлар билан чегара борасидаги муаммоларни бартараф қилиш ниятида тузган эдилар. Вақт ўтган сайин мазкур ташкилот савдо сотиқ ва хавфсизлик масалаларини ҳал этишга жалб қилинган иттифоққа айланиб борди.

Таҳлилчиларга кўра, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти шиддат билан НАТОнинг кучли рақибига айланиб бормоқда.

Бироқ иттифоқчилар эса АҚШ ва НАТО кучларининг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва жангзада бу мамлакатни барқарорлаштириш ҳаракатларида ўз улушларини қўшиш ниятидаликларини уқтириб келишади.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси масъулларининг маълум қилишларича, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг навбатдаги аксилтеррор қўшма ҳарбий ўқув машқлари ўтказилиши вақти ва жойи бу ташкилотнинг минтақалараро аксилтеррор шўросининг келгуси йил Бухорода ўтказиладиган йиғилишида белгилаб олинади.
XS
SM
MD
LG