Линклар

logo-print

Имомали Раҳмон ўғлини сиёсатга яқинлаштирди

  • Гулнора Равшан

Рустами Имомали отасининг изидан сиёсатга кириб келаяпти.

Рустами Имомали отасининг изидан сиёсатга кириб келаяпти.

Шу кунгача “Истиқлол” футбол командасида тўп тепиб юрган Тожикистон президентининг тўнғич ўғли Рустами Имомали 19 апрел куни бир овоздан Тожикистон Ёшлар иттифоқи раисига биринчи ўринбосар этиб сайланди.

Президент Имомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли Рустами якшанба куни Тожикистон Ёшлар иттифоқининг навбатдан ташқари ўтказилган анжуманида бу ташкилот раисининг биринчи ўринбосари этиб сайланди.

Шундан сўнг анжуман иштирокчилари гулдиросли қарсаклар билан янги ўринбосарни янги вазифа билан табрикладилар

- Рустами Имомали, сизни Ёшлар иттифоқининг маъсулиятли вазифаларидан бирига сайланишингиз билан самимий табриклайман. Ўйлайманки, олдимизга қўйган мақсадларимизга биргаликда эришамиз,- деди иттифоқининг Душанбедаги бўлими раиси Дилшод Қурбонов.

Ҳали уйланмаган, 22 ёшли Рустами Имомалини шу кунга қадар тожикистонлик ёшларнинг аксарияти “Истиқлол” футбол командасининг асосий ўйинчиси сифатида танишар эди.

“Истиқлол” футбол командаси ташкил топган кунидан бошлаб ўйнаган 23 та ўйинда 23 марта ғолибликни қўлга киритгани ҳақида тожик матбуоти оғиз тўлдириб гапириб келади.

Аммо 19 апрел куни “Истиқлол” “Хўжанд” командаси билан навбатдаги ўйинида илк бор 1 : 2 ҳисоб билан мағлуб бўлди. Айтилишича, кечаги ўйинда асосий ўйинчи қатнашмаган, чунки у вазифага сайланиш маросимида иштирок этган эди.

Мустақил таҳлилчиларга кўра, давлат раҳбарининг фарзанди у ёки бу вазифаларга сайланиши ё тайинланиши минтақа аҳолиси учун янгилик эмас.

Таҳлилчи Шокиржон Ҳакимовга кўра, фарзандини сиёсат майдонига олиб кириш ва шу йўл билан уни катта сиёсатга аралатириш минтақа президентлари орасида анъанавий тус олмоқда.

Таҳлилчи Тожикистон Ёшлар иттифоқи президентликка номзод кўрсатиш ҳуққига эга бўлган нуфузли ташкилот эканини ва Рустами Имомалининг у ердаги курсиларидан бирига ўтириши унинг аллақачон катта сиёсатга кириб келганидан дарак эканини айтади.

- Бу Тожикистон президентининг фарзандини катта сиёсат майдонига кириб бориши учун жуда қулай йўл,- дейди таҳлилчи Ҳакимов.

Аммо Ёшлар иттифоқининг Душанбедаги бўлими бошлиғи Дилшод Қурбонов эса Рустами Имомалининг бу ташкилот масъулларидан бири бўлиши ташкилотнинг жамиятдаги обрў - эътиборини оширади ва унинг фаолиятига ҳукумат томонидан жиддий аҳамият қаратилади деган ишончда.

- Рустами Имомалининг ташкилотдаги фаолияти биз ёшлар учун жуда муҳим. Чунки унинг жамиятдаги ҳурмати ва эътибори ортидан республика ёшлари ҳаётида катта ўзгаришлар киритилишига ишонаман,- дейди Қурбонов.

Шуни ҳам айтиш жоизки, Рустами Имомали тожик президенти Имомали Раҳмоннинг сиёсат майдонига кириб келган иккинчи фарзанди. Бундан икки йил аввал унинг бошқа бир фарзанди Озодаи Имомали Тожикистон ташқи ишлар вазирлигининг консуллик хизматига бошлиқ этиб тайинланган эди.

Аммо Имомали Раҳмоннинг қолган фарзандлари кўпроқ тижоратга мойил. Унинг икки қизи Тахмина ва Фирузаи Имомали катта тижоратда жуда тез вақт орасида катта муваффаққиятларга эришгани халқ оғзида достон.

Аммо табиатан тезлик ва пойгани хуш кўрадиган Рустамнинг қай даражадаги тезлик билан катта сиёсатга аралашишиб кетишишини эса вақт кўрсатади.
XS
SM
MD
LG