Линклар

logo-print

"Инвесторлар Ўзбекистонга қизиқади"

  • Фаррух Юсуфий

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонга Германиянинг 80га яқин ширкати сармоя ётқизган.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонга Германиянинг 80га яқин ширкати сармоя ётқизган.

“Халқаро иқтисодий бўҳрон давом этаётганига қарамасдан, Ўзбекистондаги инвестицион муҳит немис сармоядорлари учун жозибасини йўқотгани йўқ”. Озарбайжондаги “Тренд ньюс” ахборот агентлиги ўз саҳифаларида эълон қилган бир интервьюга ана шундай сарлавҳа берилган.

Агентликка кўра, Германия иқтисодининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Йорг Ҳетш Немис тўлқини мухбири Виталий Волков билан суҳбатлашган. Жаноб Ҳетшнинг ўзи Ўзбекистондаги инвестицион ва бизнес муҳитнинг жозибаси ҳақида Озодлик радиоси билан гаплашишни истамади, лекин “Тренд ньюс”да эълон қилинган интервью баҳона бу мавзу ўрганишга қарор қилдик.

“Тренд ньюс”да эълон қилинган суҳбатида Германия иқтисодининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Йорг Ҳетш Ўзбекистондаги инвестицион муҳитдан кўра, халқаро иқтисодий бўҳрон сабабидан Ўзбекистонда юзага келган муаммолар ҳамда ҳориж ширкатлари одатда дуч келадиган қийинчиликлар ҳақида гапирган.

Масалан, Ўзбекистон асосан хом ашё экспорт қилувчи давлат ўлароқ, жаҳон бозорида хом ашё нархи тушиб кетганидан зарар кўраётгани ёки ўзбек автомобилларининг бозори ҳам унчалик юришмай қолгани ҳақида гапирган жаноб Ҳетш.

Шунингдек, немис тадбиркори Ўзбекистонда бюрократия ва коррупциянинг хорижий сармоядорлар учун энг катта муаммо бўлиб қолаётганини таъкидлаган.

Немис тўлқини мухбири билан қисқача интервьюси сўнггида жаноб Ҳетш Ўзбекистонда 80га яқин немис ширкати фаолият олиб бориши, бу мамлакат немис сармоялари бўйича Марказий Осиё иккинчи ўринда туришини ҳам қайд этган, лекин у ердаги инвестицион муҳит жозибаси ҳақида аниқ фикрлар айтилмагани боис, Йорг Ҳетшнинг ўзига сим қоқдик.

Жаноб Ҳетш Ўзбекистон расмийларининг Озодлик радиосига бўлган муносабатидан келиб чиқиб, бизга интервью беришдан аввал яхшилаб ўйлаб кўриши лозимлигини айтди.

Ўзбекистон Марказий банки ва Ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестициялар вазирлигидаги мутасаддилар ҳам бу “нозик мавзуда” Озодлик билан гаплашмасликни маъқул кўрди.

Шу сабабдан Ўзбекистондаги мавжуд инвестицион муҳитга оид саволларимиз билан соҳадан хабардор мутахассисга мурожаат қилдик.

Сапарбой Жўраев – Ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ ходими, ҳозирда Олмотадаги Евроосиё институтининг иқтисодиёт факультети декани.

- Жуда муҳим саволку бу. Чет элликлар учун Ўзбекистон жуда қизиқ давлат¸ жуда керакли давлат. Бу ерда газ¸ олтин¸ мис¸ уран борлиги¸ Ўрта Осиëдаги давлатларнинг ўртасида жойлашгани¸ аҳолиси энг кўп ва муҳим давлат бўлгани учун албатта инвесторлар Ўзбекистонга қизиқади. Масалан, ўтган йил 1 миллиарддан ошиқ тўғридан - тўғри инвестиция бўлган¸ -дейди Сапарбой Жўраев.

Лекин, дейди иқтисодчи, бу сармояларнинг асосий қисми хом ашё соҳасига мансубдир. Боиси Ўзбекистон ҳукумати мустақиллик йилларида олиб борган сиёсати хорижлик сармоядорларни иқтисоднинг бошқа соҳаларига пул ётқизишдан чўчитиб қўйган.

- Технология талаб қиладиган¸ хом ашëни қайтадан ишлаб чиқарадиган соҳаларга инвесторлар жуда оз. Бунақа муаммо Ўрта Осиëнинг бошқа республикларида ҳам борку¸ лекин Ўзбекистонда бу жуда катта қийинчиликларга олиб келади¸ - дейди Сапарбой Жўраев.

"Бу омилларнинг асосийлари, - деб давом этади Сапарбой ака, - Ўзбекистондаги пул-кредит сиёсатининг ноқислигидир".

- Бунга энг биринчи сабаб сифатида Ўзбекистондаги пул-кредит сиëсатининг эркинлигини тушунишимиз керак. Яъни Ўзбекистонда қурган корхонангиздан топган фойдангизни ëки унга сотиб оладиган нарса учун конвертация қилишингиз керак. Ахир сиз ишлаб чиқарган нарсангизни Ўзбекистонда сотасизку.

Сўмни чет эл валютасига конвертация қилиш Ўзбекистонда шу кунга қадар ҳал бўлмаган масала. Шу масалани кўргандан кейин 50 фоиз инвесторлар бунга келмайди.

Озодлик: Конвертация очилганку.

- Ўзбекистонда эркин конвертация очилгани билан сиз банкка ариза ëзасиз. Кейин буни Марказий банкнинг бир комиссияси қараб чиқиб “шуни конвертация қиламизми¸ қачон қиламиз” деб ҳал қилади. Буни ҳал қилгунча уч-тўрт ой ўтиб кетади¸- дейди Ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ ходими.

Лекин Ўзбекистонда хорижий сармоялар иштирокида фаолият олиб бораётган ва ошиғи олчи корхоналар ҳам йўқ эмас. Бунга GM Uzbekistan қўшма корхонасини мисол қилиш мумкин.

Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси қарийб 300 миллион АҚШ долларига тенг низом капитали билан иш бошлаган. Бунда General Motors ширкатининг улуши 25 фоиздан ортиқроқни ташкил этади, яъни америкалик автомобилсозлар ўн миллионлаб долларларни қўрқмасдан Ўзбекистон иқтисодига ётқизаяптику, - деб сўраймиз Сапарбой Жўраевдан.

- Масалан чет эл билан қўшма корхона УзДэуАвто тузилганку¸ бу Ўзбекистоннинг сиëсати. Унга қанчалик маблағ керак бўладиган бўлса¸ қанча конвертация керак бўладиган бўлса¸ қанча комплектуюшийларни сотиб олиш керак бўладиган бўлса¸ давлат шунга ëрдам беради.

Керак вақтларда ўзимизга зарар иш бўлса ҳам қўллаб-қувватлаймиз¸ чунки бу сиëсат. Яъни бу Ўзбекистоннинг юзи.

Лекин ўзи келиб эркин ишлайман деган корхоналар бор. Улар боя мен айтган уч-тўртта масалаларни еча олмагандан кейин чиқиб кетади, - дейди иқтисодчи.

Германия иқтисодининг Марказий Осиёдаги вакили Йорг Ҳетш Немис тўлқини мухбири билан суҳбатида, бюрократия ва коррупция хорижий тадбиркорлар учун Ўзбекистондаги асосий муаммолардан бири эканини қайд этган.

Сапарбой ака коррупциянинг ўзбекча кўринишига мисол келтиради.

- Масалан ҳокимлар¸ вазирликдагилар пора олмасдан шу корхонани ишлатишга қизиқади. Энди уларнинг ҳаммаси пора учун ишламас¸ балки ўзининг улуши бордир¸ инвестор бўлгандир.

Бизнинг Ўзбекистонда ҳам бой одамлар борку. Улар шу корхоналарга ўзининг маблағини қўйган. Шу маблағдан савдо яхши бўладиган бўлса¸ экспорт яхши бўладиган бўлса¸ эртага у кўпроқ фойда олади. Шунинг учун тил бириктирилган корхоналар яхши ишлаши мумкин.

Раҳбарларнинг қизиқиши топилган корхоналар ишлайди¸ топилмаганининг ишлаши қийин бўлади, - дейди Ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ ходими, ҳозирда Олмотадаги Евроосиё институтининг иқтисодиёт факультети декани Сапарбой Жўраев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG