Линклар

Қирғиз мухолифати ягона номзодни танлади


Кўпчилик қирғизистонликлар Алмаз Атамбаев мамлакатни сиёсий ва иқтисодий инқирозлардан олиб чиқишига ишонадилар.

Кўпчилик қирғизистонликлар Алмаз Атамбаев мамлакатни сиёсий ва иқтисодий инқирозлардан олиб чиқишига ишонадилар.

Қирғизистон мухолифати 23 июлда ўтадиган президентлик сайловига ягона номзод сифатида Алмаз Атамбаевни танлади. Бу ҳақда 20 апрел куни қирғиз мухолифатидаги Бирлашган халқ ҳаракати қарор қабул қилди.

Социал демократлар партияси раҳбари, Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Алмаз Атамбаев халқ орасида катта обрўга эга бўлган сиёсатчилардан бири.

Бугунги кунда кўпчилик қирғизистонликлар Алмаз Атамбаев мамлакатни сиёсий беқарорлик ва энергетик инқироздан олиб чиқишга қодир шахс сифатида қабул қиладилар.

Алмаз Атамбаев 1993 йилда Социал демократлар партиясини ташкил этиб, ўз сиёсий фаолиятини бошлаган. У қирғиз парламенти депутати бўлган.

Уни қирғизистонликлар республикадагина эмас, балки халқаро миқёсда танилган катта тадбиркор сифатида билар эдилар.

2005 йилдаги март инқилобидан сўнг Алмаз Атамбаев Қирғизистон саноат вазири лавозимида ишлади. Кейин президент Қурмонбек Бакиев олиб бораётган сиёсат билан келиша олмаслигини билдириб, истеъфо берган.

Бироқ орадан кўп ўтмай, Алмаз Атамбаев Қирғизистон бош вазири лавозимига тайинланган.

Ўша пайтда мухолифатдаги айрим сиёсатчилар унинг бош вазирлик лавозимини қабул қилганини қоралаб чиққан эди.

Бироқ Бирлашган халқ ҳаракати раҳбари Азимбек Бекназаровнинг айтишича, Атамбаевнинг бош вазирлик лавозимини қабул қилиши мухолифатнинг розилиги билан амалга ошган.

- Алмаз бизни сотиб, ҳукумат тарафига ўтиб кетган эмас. Ўшанда вазият шуни тақазо қилган эди. Бакиев мухолифатнинг коалицион ҳукумат тузиш тўғрисидаги талабини инобатга олиб, бош вазир лавозимига мухолифат вакилини тайинлашга рози бўлган эди.

Ўшанда мухолифат раҳбарлари махсус қарор қабул қилиб, Алмаз Атамбаевни бош вазирликка тафсия қилганмиз. Аммо афсуски, Атамбаев бош вазир этиб тайинлангач, президент Бакиев коалицион ҳукумат тузиш тўғрисидаги қароридан воз кечди,-деди Азимбек Бекназаров.

Айтиб ўтиш лозимки, Алмаз Атамбаев 8 ой бош вазир лавозимида ишлади ва халқ орасида жуда катта обрў қозонди. У бош вазирлик лавозимида ишлаган даврда мамлакатга озиқ-овқат инқирози хавф сола бошлаган эди.

Атамбаев бозордаги нарх-навони ҳукумат назоратисиз ва аралашувисиз пасайтиришга муваффақ бўлди. Бунинг учун озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар тўлайдиган солиқ миқдори кескин озайтирилди, ҳукумат қарори билан бир миллионга яқин фуқаро энг арзон нарҳдаги ун билан таъминланди. Бундан ташқари у авваллари талон-тарож қилинган миллионлаган долларлик маблағларни давлат ҳазинасига қайтаришга муваффақ бўлди.

Айни пайтда Алмаз Атамбаев мухолифатнинг уни ягона номзод сифатида танлагани ўзи учун кутилмаган бир воқеа бўлганини айтди. У мухолифат лидерлари Ўмурбек Текебаев ёки Бақит Бешимовлар номзодини президентликка номзод сифатида кўрсатиш нияти билан йиғилишга келганини билдирди.

- Менга амалнинг кераги йўқ. Ҳар қачон мен амал сўрасам иқтидордаги ҳукумат “йўқ” демайди. Лекин мен Қирғизистоннинг келажагини ўйлаяпман.

Мен фарзандларим Қўқон хонлигида яшашини истамайман. Фарзандларим чинаккам демократик мамлакатда яшашини истайман ва шунга ҳаракат қиламан,-деди Алмаз Атамбаев.

Мухолифат фикрича, Алмаз Атамбаев президент Бакиевга асосий рақиб бўла оладиган ва ҳокимиятга келиб қолса мамлакатни демократик ҳамда иқтисодий жиҳатдан ривожлантира оладиган ягона номзоддир.

Бироқ сиёсатшунос Жўлбўрс Жўрабеков бу ҳақда бошқача фикр билдиради.

- Алмаз Атамбаев бир қарасанг президент тарафида, бир қарасанг мухолифат томонида бўлиб, президентнинг ашаддий танқидчиси сифатида танилди. У шохдан бу шохга сакраб юриши билан халқнинг муайян қатлами орасида Алмаз Атамбаев аниқ позицияга эга бўлмаган сиёсатчи сифатида ном қозонган, - дейди Жўлбўрс Жўрабеков.

Бунга қадар кўпчилик сиёсатшунослар қирғиз мухолифати президентликка номзодни Қирғизистоннинг жанубий вилоятлари вакилидан танлайди, деган тахминни айтиб келган эдилар. Чунки президент Қурмонбек Бакиев ҳам жанубий вилоятлар вакилидир.

Бироқ асосий қисми мамлакат жанубий вилоятлари вакилларидан ташкил топган қирғиз мухолифати Қирғизистоннинг шимолий вилоятлари вакили бўлган Алмазбек Атамбаевни президентликка номзод сифатида танлаши бу тахминларнинг асоссиз эканини кўрсатди.
XS
SM
MD
LG