Линклар

logo-print

Қўлга олинган қозоғистонликлар зорланмаяпти

  • Сарвар Усмон

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотда айтилишича,Нукусдаги қамоқхонада сақланаётган қозоғистонликлар ўз аҳволидан зорланмаган.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотда айтилишича,Нукусдаги қамоқхонада сақланаётган қозоғистонликлар ўз аҳволидан зорланмаган.

Қозоғистон республикаси ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Илёс Умаровнинг 20 апрель куни Озодлик мухбирига маълум қилишича, Нукус шаҳрида ҳибсда сақланаётган 27 қoзоғистонликнинг қўлга олинганига 50 кундан ортди.

Қозоғистоннинг 27 нафар фуқароси ўзбекистонлик чегарачилар томонидан ҳибсга олиниб, Нукус шаҳрида ҳибсда ушлаб турилгани тўғрисида аввал хабар берган эдик.

Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқлари ва қонунга риоя қилиш халқаро бюроси Остона шаҳар ваколатхонаси вакили Анара Ибраеванинг 20 апрель куни Озодликка билдиришича, 27 қозоғистонликнинг иши бўйича ҳозирча янгилик йўқ.

Янгиликни Озодлик мухбири Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигидан топди.

Вазирлик матбуот котибининг 20 апрель куни маълум қилишича, Қозоғистоннинг консули 10 апрель куни қўлга олинган фуқаролар билан учрашган, улар ўз аҳволидан зорланмаган.

Қозоғистонликларни ушлаб турган қорақалпоғистонлик ҳуқуқ-тартибот органларидан олинган маълумотга таяниб, Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибининг айтишича, 27 қозоғистонлик 28 февраль куни қўлга олинган.

Лекин воқеа тўғрисида 17 апрель куни, Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқлари ва қонунга риоя қилиш халқаро бюроси хабар тарқатгандан сўнг маълум бўлди.

Бюро вакили Анара Ибраеванинг Озодликка маълум қилишича, қозоғистонликлар Ақтўбе вилоятидаги Бўзўй шаҳарчасига яқин ҳудудда ишлаётган пайтда қорнинг қалинлиги туфайли адашиб, қўшни Қорақалпоғистон ҳудудига ўтиб кетган.

Воқеа тўғрисида ҳуқуқ ҳимоячиларига Нукусда ушлаб турилганларнинг яқинлари хабар қилган.

Уларнинг аризасида айтишилича, 27 киши Нукус шаҳар тергов изоляторида сақланмоқда, уларнинг олдига адвокатлари киритилмаяпти, Қорақалпоғистон республикаси прокуратураси ва хавфсизлик хизмати ушланганлар билан яқинларининг ўзаро учрашишларига рухсат бермаяпти. Бу ҳақда 17 апрель куни Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқлари ва қонунга риоя қилиш халқаро бюроси хабар қилди.

Қозоғистон республикаси ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Илёс Умаровнинг айтишича, 27 қозоғистонлик иши билан шу кунда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси шуғулланмоқда.

- Биз шу кунда Кишинев ва Минск конвенциялари доирасида ушланганларга ҳуқуқий ёрдам бериш устида ишлаяпмиз, деди қозоғистонлик расмий.

Масала юзасидан Қорақалпоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан маълумот олишга уринишларимиз самара бермади.
XS
SM
MD
LG