Линклар

Лола Каримова хайрия жамғармаси очди

  • Барно Анвар

Лола Каримова бундан аввал Москва Давлат Университети ректори В.А. Садовничий билан бу университет ваколатхонасини Тошкентда ҳам очиш лойиҳаси устида ишлаган эди.

Лола Каримова бундан аввал Москва Давлат Университети ректори В.А. Садовничий билан бу университет ваколатхонасини Тошкентда ҳам очиш лойиҳаси устида ишлаган эди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Лола Каримова-Тиллаева “Ўзбекистон-2020” деб номланган маданий-илмий хайрия жамғармасини очди.

Бу жамғарма Ўзбекистоннинг маданий, илмий бойликларини Ғарбда тарғиб қилиш, маданий-илмий алоқаларни ривожлантиришни кўзлангани хабар қилинмоқда.

Аммо, Ўзбекистондаги бугунги вазиятдан озми-кўпми хабардор бўлган франциялик кузатувчилар оилавий сиёсий тизим вакили бўлган Лола Каримованинг ЮНЕСКОда доимий вакили сифатидаги фаолиятига унинг отаси —авторитар режим раҳбари Ислом Каримов ҳукумати характеридан келиб чиқиб баҳо бермоқдалар.

2008 йилнинг 29 январида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО даги доимий вакили этиб тайинланган Лола Каримова-Тиллаева Парижда “Ўзбекистон 2020” деб номланган хайрия жамғармасининг тақдимот маросимини ўтказди.

Кичик Каримова хоним жамғармада йиғиладиган маблағни Ўзбекистонда қаровсиз қолган болалар ва уларнинг таълими, Ўзбекистонда маданият ва туризм, илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантиришга сафрлашни кўзламоқда.

Шунингдек, Ғарб ва Ўзбекистон ўртасида илмий-маданий мулоқотни, жумладан, ўзбекистонлик тадқиқотчи олимлар ва ўқитувчиларнинг Ғарб билан тажриба алмашинувини йўлга қўймоқчи.

Бу Ғарбдаги интернет нашлари, хусусан, “Prnewswire.com” сайтида келтирилган хабардан олинган маълумот.

Биз дастлаб, Лола Каримова-Тиллаеванинг Париждаги идорасига боғланиб, жамғарма ҳақида тўлиқроқ маълумот сўрадик.

- Ўзбекистон 2020?

Озодлик: Ҳа.

- Уни билмадим. Кечроқ телефон қилинг. Ҳозир ходимимиз йўқ.

Озодлик: Қисқача маълумот бера оласизми? Ўзи нима бу?

- Мен сизга маълумот бера олмайман¸ чунки бунинг учун махсус ходимимиз бор¸ деди телефон гўшагини кўтарган аëл.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО даги доимий вакили Лола Каримованинг Париждаги идорасининг махсус ходимини кечга қадар тополмадик.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО даги доимий вакили фаолияти ва унинг Париждаги тадбирларини кузатиб борадиган француз тарихчиси, Франция илмий тадқиқотлар миллий марказининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Изабел Уайёнг бир неча бор Ўзбекистонда бўлган ва кўплаб ўзбек олимлари, маданият арбоблари билан шахсан таниш.

У ЮНЕСКО доирасида “Ўзбекистон 2020” номли жамғарманинг ташкил этилгани ҳақидаги хабар, дастлаб, уни қувонтиргани ва бунинг сабаби Ўзбекистоннинг илмий-маданий мероси, бойликлари, ўзбек олимлари ҳамиша Ғарб эътиборини тортиб келгани ҳақида сўзлади.
- Ҳозир Ўзбекистонга эътибор жуда катта. Шу боис, ўзбекистонлик олимлар, маданият арбобларини Франция ва умуман Европадаги тадбирларга жуда кўп таклиф қиламиз.

Аммо, улар турли сабабларга кўра, жумладан, моддий сабабларга кўра ҳам Ғарбга кела олмайди. Уларни қўллаб-қувватлайдиган хайрия жамғармаси очилгани мени, дастлаб, қувонтирди, дейди франциялик тарихчи олим Изабел Уайёнг.

Аммо, бундай жамғарманинг ташаббускори президент Каримовнинг қизи Лола Каримова экани ҳақидаги хабар бу олимни бироз сергаклантирди. Боиси, у Ўзбекистондаги бугунги сиёсий вазият ва президент Каримов ҳамда унинг қизлари ишларидан жуда яхши хабардор.

Президент Каримовнинг тўнғич ва кичик қизи Ғарбда уюштирадиган катта-кичик тадбирларидан жуда яхши хабардор бўлган яна бир кузатувчи — Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциациясининг раҳбари Надежда Отаева “Ўзбекистон 2020” жамғармаси очилди, деган хабардан буён хаёлида кезиб юрган саволни тилга олди.

- Тилга олинаётган бу мавзуга Лола Каримованинг қандай алоқаси бор? Биз уни на олим, на маданият арбоби, на ўзбек олимлари кашфиётларини Ғарбга олиб чиқаётган сиёсатчи сифатида таниймиз. Ким ўзи Лола Каримова? Бу биринчидан.

Иккинчидан, у ташкил қилган жамғарма қандай жамғарма, унинг ҳайъатида кимлар бор, у кимга қандай қандай ёрдам беради? Афсуски, бу саволларга жавоб йўқ, дейди Франциядаги инсон ҳуқуқлари фаоли Надежда Отаева.

Унинг фикрича, Ғарбга Ўзбекистоннинг ялтироқ атлас ва адраслари, ижодкорларнинг бадиий ижод намуналарини келтириб, реклама қилиш ва шу билан Ўзбекистонни ялтироқ тусда дунёга намойиш қилиш русум бўлган пайтда¸ опаси ортидан сиёсий саҳнага чиқа бошлаган Лола Каримова иддаоларининг бугунги асл ўзбек олимлари, халқнинг маданий ва миллий мероси асл жонкуярларига мутлақо фойдаси йўқ.

- Шунинг учун, бу жамғарма ҳақида кимдир эшитса, билса¸ англагани шу бўладики, бунинг ортида Лола Каримова, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи турибди. Ислом Каримовни эса ғарбда Андижонда минглаб фуқароси отилган давлат раҳбари сифатида танишади.

Шу боис ҳам унинг кичик қизи ғарбда бошлаган имиж кампаниясига муносабат турлича бўлади. Бундан Каримовлар оиласи кўзлаган мақсад эса аён — Ғарб билан мулоқот воситасини ушлаб турувчи кўприкларни мустаҳкамлаш, дейди Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Надежда Отаева.

Надежда Отаева суҳбат давомида “Ким ўзи Лола Каримова” деган ҳақли саволни ўртага ташлади. Зеро, Ўзбекистон ва хориж жамоатчилиги унинг опаси Гулнора Каримовани кейинги пайтларда шоу-бизнесдаги уринишлари, мамлакатдаги ягона ёшлар ташкилотига раҳбарлиги ва сиёсатдаги ҳаракатларидан озми-кўпми хабардор.

Лола Каримова-Тиллаева эса Ўзбекистонда “Сен ёлғиз эмассан” жамғармаси раҳбари сифатидагина таниш. Хориж матбуотида эса 2008 йилнинг январ ойида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО даги махсус вакили бўлганидан буён ҳам унинг номи деярли тилга олинмаган эди.

Франция илмий тадқиқот миллий маркази тадқиқотчиси Изабел Уайёнг Лола Каримова турли тадбиру томошаларни ўтказиб турадиган Парижда унинг шахси ҳақида француз зиёлиларига маълум биринчи ва ягона аниқ маълумот — у Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи экани, холос, дейди.

- Аниқки, бу вазиятда оилавий сиёсий тизим мавжудлиги кўриниб турибди. Эҳтимол, буни кланлашган тизим, деб таснифласак тўғри бўлар. Бу авторитар ҳукуматлар характерига мос ҳолат. Шундай экан, Лола Каримова ана шу тизим кайфиятидан келиб чиқиб, ҳаракат қилмайди, дейиш жуда соддалик бўлар эди.

Албатта, бу Ўзбекистон ва Ғарбнинг маданий соҳадаги ҳамкорлигига жиддий тўсиқ бўлмайди, аммо, ўзбекистонлик интеллектуал қатламнинг Ғарб билан муносабатларини сезиларли даражада чеклайди, дейди Франция илмий-тадқиқот миллий марказининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Изабел Уайёнг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG