Линклар

logo-print

Сўғдликлар энергетик тақчилликдан қутулмоқчи


Маҳаллий таҳлилчилар фикрича, расмий Тошкент Тожикистонда янги ГЭСлар қурилиши орқали тожик расмийлари сувни бошқариш имкониятини қўлга киритиши ҳамда сув танқислигини юзага келтириши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

Маҳаллий таҳлилчилар фикрича, расмий Тошкент Тожикистонда янги ГЭСлар қурилиши орқали тожик расмийлари сувни бошқариш имкониятини қўлга киритиши ҳамда сув танқислигини юзага келтириши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

Тожикистон ҳукумати қарори билан биргина Сўғд вилоятида 13 та кичик ГЭС қурилиши мўлжалланган. Бу ҳақда Сўғд вилояти раиси Қоҳир Расулзода маълум қилди.

Айни пайтда, Расулзодага кўра, гидроиншоотларни қуриш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш учун вилоят ҳукумати вакиллари ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ туманларда мазкур масала билан шуғулланмоқдалар.

- Бу масала биз учун жуда муҳим ва бу йўналишда биз ишлаяпмиз. Зеро, республика ҳукумати қароридан ташқари, кичик ГЭСларни қуришга қаратилган дастур ҳам қабул қилинган.

Гидроиншоотларни қуриш масаласига, шунингдек, маҳаллий тижоратчилар ҳам жалб қилинган, деди Қоҳир Расулзода.

Вилоят раисининг айтишича, Зарафшон дарёсида “Ёвон” ГЭСини қуриш ишларини бошлашга ҳам ижозат берилган.

Сўнгги йилларда республикадаги электр энергияси тақчиллиги сабаб юзага келган оғир иқтисодий аҳвол гидроиншоотларни жадал суръатларга қуришни тақозо этмоқда.

- Ҳақиқатан бу аҳволга бошқа чидаб бўлмайди. Чунки бутун республикада бўлгани каби вилоятда ҳам вужудга келган электр энергияси тақчиллиги аҳолига қийинчиликлар туғдириш билан биргаликда бутун халқ хўжалигига катта зиён етказмоқда, деди Қоҳир Расулзода.

Сўғд вилояти раиси Ўзбекистон томонининг ГЭСлар қурилиши юзасидан эътирозига тўхталаркан, Тожикистонда бунёд этилиши лозим бўлган барча гидроиншоотлар, жумладан, Ёвон ГЭСи ҳам Ўзбекистон учун ҳеч қандай иқтисодий ва экологик муаммоларни келтириб чиқармаслигини таъкидлади. Шу ўринда раис Зарафшон дарёсида қурилажак Ёвон ГЭСини тадқиқ қилган германиялик олимлар хулосасини келтирди.

Эслатиб ўтамиз, вилоятдаги Зарафшон дарёсида қурилиши мўлжалланган “Ёвон” ГЭСини тадқиқ қилган германиялик олимлар бу борада Ўзбекистон томони хавфсирашига ўрин йўқлигини билдиргандилар.

- Ўзбекистоннинг бу ГЭС қурилишига қаршилигини ўринсиз, деб ҳисоблайман. ГЭС Ўзбекистонга ҳеч қандай зарар келтирмайди. Ёз фаслида ҳам Ўзбекистонга керакли сувни етказиб беради.

Мен Ўзбекистон ва Тожикистон томонлари Германия давлати иштирокида музокара столига ўтириб, бу масалани ҳамжиҳатлик билан ҳал қилишига умид қиламан, деган эди немис профессори Франк Шраддер.

Зарафшон дарёсига қуриладиган бу ГЭС харажатини Хитой хукумати ўз зиммасига олган эди. Лекин Ўзбекистон томонининг кескин норозилигидан сўнг Хитой томони ўз фикрини ўзгартирганди. Бироқ, вилоят раиси Қоҳир Расулзоданинг айтишича, айни пайтда бу масалада Хитой томони билан музокаралар олиб борилмоқда.

Аснода маҳаллий таҳлилчиларнинг ҳаммаси ҳам тожик расмийларининг “Зарафшонда қурилажак ГЭС Ўзбекистон учун мутлақо безиён” қабилидаги фикрларига қўшилмайди.

- Қурилган ҳар қандай гидроиншоот орқали сув заҳираларини тақсимлаш ёки бошқариш мумкин. Чунки гидроиншоотни қурган томон сувни кўпроқ ёки камроқ ўтишини бошқаради. Жумладан, Зарафшон дарёсида қуриладиган ГЭС ҳам сув танқислигини вужудга келтириши эҳтимоли бор.

Назаримда, ана шу жиҳатдан олиб қаралганда, Ўзбекистон томонининг иддаолари ҳақиқатга яқин, дейди таҳлилчи Бахтиёр Валиев.

Айни пайтда тожикистонлик таҳлилчи аслида бу муаммоларни икки давлат раҳбарлари ўзаро келишган ҳолда оғриқсиз ҳал қилса бўлишини айтади.
XS
SM
MD
LG