Линклар

logo-print

Сўнгги икки ой мобайнида Фарғона вилоятида тўрт нафар адвокат товламачиликда айбланиб, ҳибсга олинган. Мазкур ҳолат ҳақпараст адвокатларга нисбатан босим ва тазйиқ кўриниши сифатида баҳоланмоқда.

Фарғона шаҳар жиноят ишлари судидан олинган маълумотга кўра, ҳибсга олинган тўрт адвокатдан бири Абдували Исоқовнинг иши айни пайтда маҳкамага ўтказилган.

- Маҳкама судья Рустам Турғинов раислигида ўтказилаяпти. Абдували Исоқов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарликда айбланмоқда, деди Фарғона шаҳар суди ходимаси.

Маълум бўлишича, Абдували Исоқовни бир эмас, тўрт нафар адвокат ҳимоя қилаяпти, яна ўнга яқин адвокат маҳкамани бевосита кузатаяпти.

Адвокат Акбарали Ғайназаров ҳам Абдували Исоқовни ҳимоя қилаётган адвокатлардан бири. Унинг айтишича, Абдували Исоқов 500 АҚШ долларни пора сифатида олганликда айбланаяпти. Лекин Акбарали Ғайназаровга кўра, бу пул Абдували Исоқовга адвокатлик хизмати учун гонорар сифатида берилган.

- Жиноят кодексининг фирибгарлик деган 168-моддаси ва 211-модданинг 1-қисми билан айбланаяпти. Судда биз бор гапни айтдик. Иш уюштирилганини, айбловлар сохта эканлигини, тергов материалларидаги далиллар қандай номақбул асосда йиғилганлигини айтганмиз. Шу бўйича оқлов ҳукми чиқарилишини судьядан сўрадик. Суд энди маслаҳатга кириб кетган, деди Акбарали Ғайназаров.

43 ёшли Абдували Исоқов адвокатлик соҳасида йигирма йиллик стажга эга бўлиб, сўнгги пайтларда у “Ферузбек-МК” адвокатлик фирмасида ишлаётганди.

Унинг ҳамкасбларига кўра, Абдували Исоқов маҳкама жараёнларида оқлов ҳукмлари чиқаришга эришган Ўзбекистондаги саноқли адвокатлари биридир.

Адвокат Раҳимжон Мамасиддиқов фикрича, ҳамкасби Абдували Исоқовнинг ҳақпарастлиги вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот органларига ёқмагани учун унга нисбатан сохта айбловларни илгари суришаяпти.

- Абдували акам Қува туманида ҳақиқий адолатпарвар адвокатлардан биттаси. Қува туманида 1000 дан ошиқ одамга ҳуқуқий ëрдам кўрсатиб келаëтган адвокат.

Бунинг қилаëтган ишлари прокуратура ходимларига, суд ходимларига ëқмай қолди. Бунга нисбатан қасддан аризалар уюштирилди. Сабаби прокуратура томонидан ноқонуний тергов ишлари олиб борилиб, оддий фуқарога жиноий иш қўзғатилган пайтда Абдували ака унга нисбатан оқлов ҳукмининг чиқарилишига эришди. Бу эса Абдувалининг маҳкамага тортилишига сабаб бўлди.

Туҳмат, бўҳтон, бирорта исботи йўқ нарсалар билан ҳозир санкция бериб, қамоққа олиб қўйган. Демократия, қонун устуворлиги, адолат деган нарса умуман йўқ, дейди Раҳимжон Мамасиддиқов.

“Эзгулик” жамияти маълумотига кўра, кейинги икки ой мобайнида Фарғонада Абдували Исоқовдан ташқари яна уч адвокат - Омина Ҳайитова, Бахтиёр Соттиев ва Алишер Холибоевлар ҳам айнан товламачилик ва фирибгарликда айбланиб, ҳисбга олинган.

Биз бу борада маълумот олиш учун Адвокатлар палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасига мурожаат қилдик.

Озодлик: Фарғонада кейинги икки ой мобайнида тўрт нафар адвокат ҳибсга олиниб, улар устидан жиноий иш очилган экан. Шу борада маълумот олмоқчи эдим.

- Бу ҳақда маълумот берилмайди. Суд ҳали уларга ҳукм ўқиб, айбдор деб топгани йўқ-ку. Ҳали биттаси ҳам судга чиққани йўқ.

Озодлик: Абдували Исоқовнинг суди бўлаяпти дейишди-ку.

- Йўқ¸ йўқ¸ ҳали унинг ҳам ҳукми чиққани йўқ. Ҳали ҳеч ким уни айбдор дегани йўқ. Балки судда оқланиб кетар. Бу борада ҳеч ким сизга ҳеч нарса дея олмайди, деди Адвокатлар палатаси ходимаси.

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Фарғонада ҳақиқатпарвар адвокатлар ови бошланган.

- Ҳибсга олинган адвокатларнинг кўпчилиги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ноқонуний ишларига, коррупцияга зарба бераëтган фуқаролик жамияти вакиллари бўлишган. Уларнинг фаолиятини умумлаштирувчи жиҳат мана шу нарса.

Шу тенденциянинг ўзиëқ ўша ҳимоя томонга, яъни фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган шахсларга нисбатан ҳужумлар бошланганини англатади.

Ҳамма ишлари беш бўлган адвокатлар ҳам бор. Улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ишлаб, гўëки ҳимоя ҳуқуқи таъминланди, деб ўзларини алдаб, жамиятни алдаб, одамларни алдаб юрган адвокатлар. Лекин ҳақиқий адвокатлар Абдували Исоқовга ўхшаб панжара ортига тушаяпти, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 5000 дан зиёд адвокат фаолият кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб мамлакатдаги барча адвокатлар аттестациядан ўтказила бошлади.


Таҳлилчиларга кўра, аттестация натижасида ҳукуматга номақбул бўлган адвокатлар фаолияти тўхтатилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG