Линклар

logo-print

Ўзбек банкларидан шикоят кўпайди

  • Ҳурмат Бобожон

Банкларда нақд пул етишмаслиги ҳақида ёғилаётган шикоятлардан хавотирга тушган "Вестерн Юнион" яқинда Ўзбекистондаги банкларга пуллар вақтида берилишини сўраб мурожаат этди.

Банкларда нақд пул етишмаслиги ҳақида ёғилаётган шикоятлардан хавотирга тушган "Вестерн Юнион" яқинда Ўзбекистондаги банкларга пуллар вақтида берилишини сўраб мурожаат этди.

Жаҳондаги энг оммабоп пул юбориш тизими ҳисобланган "Вестерн Юнион"нинг Ўзбекистондаги мижозлари жўнатмаларни вақтида олмасликлари сўнгги пайтларда кўп кузатилмоқда.

Пул жўнатмаларини "Вестерн Юнион" орқали бир неча дақиқа ичида олиш бугунги кунда оддий ҳол, лекин Ўзбекистонда эмас.

Банклар олдидаги турнақатор навбатлар бугунги Ўзбекистон учун одатий бўлиб қолган. Ўзбекистонлик мижозларга пул жўнатмаларини етказишда мавжуд қийинчиликларга дуч келинаётганини "Вестерн Юнион"нинг Тошкентдаги идораси ҳам тасдиқлади.

- Бунақаси бўлиб туради. Бу "Вестерн Юнион" ишини ёмон бажараяпти дегани эмас, муаммо маҳаллий банкларда нақд пул етишмаётганидир, яъни Марказий банк аҳолига нақд пул беришни чеклаб қўйган, деди Вестерн Юнионнинг Ўзбекистондаги ходимларидан бири.

Айниқса¸ вилоятлардаги мижозлардан банкларда нақд пул етишмаслиги ҳақида ёғилаётган шикоятлардан хавотирга тушган "Вестерн Юнион" яқинда Ўзбекистондаги банкларга пуллар вақтида берилишини сўраб мурожаат ҳам этди.

- Биз барча банкларга хат билан мурожаат этиб, нақд пул етишмовчилиги билан боғлиқ муаммони иложи борича тезроқ ҳал этилишини сўрадик, дейди "Вестерн Юнион"нинг Тошкентдаги ходими.

"Вестерн Юнион" Ўзбекистондаги ҳамкори ҳисобланган 23 та банк орқали мамлакатга пул жўнатмаларини амалга оширади. Шулардан бир "Капитал" банк ҳисобланади. Банк ходимларидан бири нақд пул етишмовчилиги билан боғлиқ муаммо уларнинг банкида йўқлигини айтди.

- Нақд пул тақчиллиги билан боғлиқ умуман муаммо йўқ бизнинг банкимизда. Мижозлар ҳеч қандай чекловларсиз пул жўнатмаларини олишмоқда, деди Тошкентдаги "Капитал" банки ходими.

"Вестерн юнион" ҳамкори ҳисобланган бошқа банкларда юзага келган вазият ҳақида изоҳ олиш уринишларимиз бесамар бўлди. Айтилишича, банкларда пул тақчиллиги муаммолари вилоятларда кўп кузатилмоқда.

- Меҳнат муҳожирларининг жўнатаëтган пуллари туфайли Вестерн юнион шаҳобчалари олдида жуда кўп одамлар туришар эди. Мен ўзим бунга жуда кўп гувоҳ бўлганман. Айтишларича¸ келган пулни вақтида бера олмаëтган ҳолат ҳам бўлаëтган экан¸ дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев.

Кейинги ойларда мамлакатнинг айрим ҳудудларида нақд пул муаммоси туфайли жойларда нафақа пуллари, ойлик маошлари ўз вақтида берилмаётганлиги ҳам кузатилмоқда.

- Кўп банкларда пул тақчиллиги очиқ-ойдин сезилаяпти. Жуда кўпчилик кредит олиб пулини ололмасдан юрганлар кўп.

Бундан ташқари, бюджетдан маош оладиган кўплаб одамларнинг пуллари пластик карточкага ўтказилаяпти. Бу билан бир нарса харид қилиш мумкин эмас. Чунки бозорда ва бошқа жойларда бу пластик карточка ишламайди.

Бундан "дод" деб юрган одамлар ҳам жуда кўп. Шундай ҳолат ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг ҳамма жойида яққол кўзга ташланаяпти¸ дейди Абдусалом Эргашев.
XS
SM
MD
LG