Линклар

Вазирлик мутассаддиси қамалдими?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик ўқитувчиларининг айтишларича, Мирмуҳсин Акбаровнинг ишини президент Ислом Каримовнинг ўзи назорат қилаётган экан.

Ўзбекистонлик ўқитувчиларининг айтишларича, Мирмуҳсин Акбаровнинг ишини президент Ислом Каримовнинг ўзи назорат қилаётган экан.

Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Мирмуҳсин Акбаровнинг қўлга олинганлиги ҳақидаги хабар тошкентлик зиёлилар ва оддий одамлар ўртасида анчадан бери гап бўлиб келмоқда.

Норасмий хабарларга кўра, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ходими Мирмуҳсин Акбаров қамоққа олинган.

Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги қабулхонаси котибаси Мирмуҳсин Акбаровнинг анчадан буён вазирликда ишламаётганлигини айтди.

Ўз исмини айтишни истамаган вазирликнинг бошқа бир ходими эса Мирмуҳсин Акбаровнинг иши билан прокуратура шуғулланаётганини маълум қилди.

Бироқ Ўзбекистон Бош Прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқова унда бу ҳақда маълумот йўқлигини билдирди:

- Менда ҳозирча унақа маълумот йўқ¸ деди Светлана Ортиқова.

Тошкентдаги Олий ўқув юртларидан бирида ишлаётган ўқитувчилардан бири Мирмуҳсин Акбаровнинг қўли ҳамма нарсага етадиган, катта сармояси бор шахс сифатида танишини айтди:

- Афсонавий шахс сифатида эшитганман. Кейин қамалди, дейишди. Бошқа билмайман. Яқинда “уйида экан¸ чиқибди” деган узунқулоқ гап ҳам бўлди. Унинг атрофида ҳар хил гаплар юради. Кимдир "чиқибди", дейди¸ кимдир "текшир-текшир", дейди. Шартнома билан киришни эгаллаб олган эмиш¸ дейди бу ўқитувчи.

Uzmetronom.com интернет сайтининг ёзишича, Мирмуҳсин Акбаров Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида катта даромад келтирадиган ўзига хос тизимни жорий қилган, яъни олий ўқув ва ўрта билим юртларида қўшимча ўқув гуруҳлари очтирган. Бунга қабул қилинган талабалар эса пул бериб ўқиганлар.

Сайтнинг хабарига кўра, Мирмуҳсин Акбаровнинг бу жуда аниқ тизими унга миллион доллар атрофида фойда келтирган. Олий ўқув юрти ўқитувчилари бундай тизимнинг шаклланганлигини тасдиқлайдилар.

Жумладан, Наманган давлат университетининг ўқитувчиси Алижон Обидов ҳам бу қўшимча гуруҳларга қарши чиққанини, лекин оқибат айтган гаплари учун дакки еганини айтади:

- Мени қизиқтирган нарса - икки йил шунақа қўшимча одамлар нормадан ортиқча олинган. Уч-тўрт баробар ортиқ олинган. Булар чиққандан кейин қаерда ишлаши қизиқтиради-да. Шуни айтиб балога қолдим.

Битта бу ерда эмас¸ коллежларда ҳам ортиқча набор олинган. Шуни тушуниб бўлмайди. Энди мен бунинг ичида иштирок этмаганман. Ким планлаштирган¸ нима мақсадда билмайман. Ўша қамалибди, деб эшитганман¸ дейди Алижон Обидов.

Лекин ўқитувчининг норозилигини ҳеч ким қабул қилмади. Ҳамма бу буйруқ юқоридан келганлигини кўрсатди.

- Қанча жойга айтганимиз билан "бу юқорининг иши", дейишади тамом¸ дейди Алижон Обидов.

Ўзбекистон Миллий университетининг ўқитувчиси Фарҳод Толипов ҳам бундай қўшимча гуруҳлар тузилганидан хабари борлигини айтади:

- Мана шунақа қўшимча жойлар очилиши керак эди. Декабрда шартнома учун қўшимча жойлар. "Очилганди" деган гаплар ҳам бўлди. "Очилгандир" деб, одамлар ўша ëққа пул тўлай бошлаганда¸ отмена бўлди.

Ўша отмена бўлгандан кейин одамларда “Нимага ваъда берасизлару¸ яна бекор қиласизлар” деган маънода кўп норозиликлар бўлди. Ўшандан кейин бу жанжал тўхтади. Энди ҳозир бунақа ишлар бўлган экан¸ балки ўшанга боғлиқдир¸ дейди Фарҳод Толипов.

Норасмий хабарларга кўра, Мирмуҳсин Акбаров ўзбекистонлик бойлардан бири Салим Абдувалиевнинг жияни бўлади.

Uzmetronom.com сайти эса унинг Тошкентда ҳар биттаси миллион доллар турадиган ва учинчи шахслар номига расмийлаштирилган қасрлари борлигини ёзади.

Айни пайтда эса Мирмуҳсин Акбаровнинг қариндошлари бу уйларни 250-300 минг долларданга ҳам сотишга рози. Лекин харидорлар келажакда бу уйларнинг мусодара қилинишидан чўчимоқдалар.

Олий ўқув юрти ўқитувчиларининг айтишларича, бу ишни шахсан президент Ислом Каримовнинг ўзи назорат қилаётган экан. Улар бундан хурсандлигини яширмайдилар:

- Ҳақиқатан ҳам шундай бўлиб¸ қаттиқ шуғулланишаëтган бўлса¸ бу яхши гап. Чунки шу атрофда порахўрлик ëмон илдиз отиб кетган эди¸ дейди олий ўқув юрти ўқитувчиларидан бири.

Кузатувчилар Олий таълим системасини мамлакатда энг кўп коррупциялашган тизим сифатида баҳолайдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG