Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:36

Чиқиндихоналар таъмирига $40 миллион керак


Мутахассислар биргина Мойлисувдаги уран чиқиндихонаси бутун Фарғона водийси экологиясини издан чиқаришга етарли бўлишини айтиб келадилар.
Мутахассислар биргина Мойлисувдаги уран чиқиндихонаси бутун Фарғона водийси экологиясини издан чиқаришга етарли бўлишини айтиб келадилар.

21 апрел куни Бишкекда уран чиқиндихоналарининг минтақа экологиясига салбий таъсири ва бу таъсирнинг олдини олиш муаммоларига бағишланган минтақавий анжуман иш бошлади.

Тўрт кун давом этадиган бу анжуманда Қирғизистондаги уран чиқиндихоналарини таъмирлаш ва радиоактив чиқиндиларини хавфсиз жойларга кўчириш масаласи муҳокама қилинади.

Бу тадбирни Қирғизистон ҳукумати Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тараққиёт дастури билан ҳамкорликда уюштирган.

Қирғизистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги статс-котиби Туратбек Жунушалиевнинг айтишича, мамлакатда мавжуд 29 та уран чиқиндихоналари авария ҳолатидадир. Бу чиқиндихоналар жойлашган ҳудудларда юз бериши мумкин бўлган зилзила, кўчки ёки сув тошқини туфайли заҳарли моддалар дарёлар орқали минтақа давлатларига ёйилиб кетиши мумкин.

- Бу масалада муаммолар жуда кўп. Масалан, Мингқуш ва Туюқсувдаги уран қолдиқлари аҳоли пунктларига яқин жойда сақланади. Бу ерда тоғ кўчкиси эҳтимоли мавжуд.

Тоғ кўчкиси натижасида уран чиқиндилари сувга қўшилиб, 72 соат ичида Ўзбекистоннинг Фарғона водийси, Қозоғистон ва Тожикистоннинг айрим вилоятларига ўтиб кетиши мумкин, дейди Туратбек Жунушалиев.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги тарқатган маълумотда айтилишича, агар мана шундай вазият юзага келадиган бўлса, минтақада яшовчи 5 миллион одамнинг ҳаёти хавф остида қолади, минтақа экологияси бузилади.

Бироқ Қирғизистон ҳукуматининг ўзи бу муаммони ҳал этишга қодир эмас. Шунинг учун у халқаро ташкилотлар ва минтақадаги қўшниларидан ёрдам сўрамоқда.

Бу чақириққа шу кунгача фақат халқаро ташкилотларгина жавоб бердилар. Жаҳон банки тарафидан Мойлисувдаги уран чиқиндихонасини таъмирлаш учун 10 миллион доллар маблағ ажратилган. Лекин бу маблағ жуда озлик қилади.

- Биргина бизнинг республикадаги уран чиқиндихоналарини таъмирлаш учун 38-40 миллион доллар керак бўлади. Ўзбекистон томони ҳам бизга бу борада ёрдам беришини айтган эди. Мана шу ёрдамни кутяпмиз, деди Қирғизистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги расмийси Турат Жунушалиев.

Бироқ уран чиқиндихоналари масаласи билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотларига кўра, Қирғизистон ҳукумати халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган маблағни ўзлаштиришда енгил йўлдан бормоқдалар. Яъни Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги уран чиқиндихоналарини таъмирлаб, чиқиндиларнинг устига тупроқ тортиш билангина чекланмоқда.

Нодавлат ташкилотлари вакилларига кўра, бундай тадбирлар табиий офат туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган таҳдидларнинг олдини ололмайди.

- Чиқиндихоналардаги радиоактив торийни қум ва бошқа чиқиндилардан ажратиб, шахталарга кўмиш керак. Бироқ қирғиз ҳукумати бу тадбирни амалга ошириш учун бир тийин ҳам ажратмаяпти.

Уран чиқиндилари муаммоси билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлари бу борада ҳукуматга деярли ўн йилдан бери ўз таклифларини киритиб келадилар. Бироқ ҳукумат пул йўқлигини рўкач қилиб, биз таклиф қилган тадбирларни амалга оширишни кечиктириб келаяпти, деди “Табиат келажаги” нодавлат ташкилотлари бирлашмаси раиси Жумабек Абакиров.

Айни пайтда Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов Бишкекда ўтаётган
уран чиқиндихоналарининг минтақа экологиясига салбий таъсири ва бу таъсирнинг олдини олиш муаммоларига бағишланган анжуманда сўзга чиқиб, қирғиз ҳукумати зарарли чиқиндилардан келаётган хавф-хатарни бартараф этиш мақсадида катта миқдорда маблағ ажратаётганини маълум қилди.

Шунингдек, Игор Чудинов шу кунларда радиоактив моддалар чиқиндихоналарини назорат қилувчи махсус давлат агентлиги ташкил этилаётганини ҳам айтиб ўтди.

Маълумотларга қараганда, Қирғизистонда мавжуд 30 га яқин уран чиқиндихонасидан Шокафтар, Мингқуш, Туюқсув ва Мойлисувдаги чиқиндихоналар энг хавфлилари ҳисобланади. Масалан, мутахассислар биргина Мойлисувдаги уран чиқиндихонаси Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг Фарғона водийсида жойлашган вилоятлари экологиясини издан чиқаришга етарли бўлиши мумкинлигини айтиб келадилар.
XS
SM
MD
LG