Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:45

Чегара аниқланмоқда – можаролар давом этмоқда


Қирғизистон бош вазири Игор Чудиновга кўра, қирғиз-ўзбек чегарасидаги баҳсли ҳудудларнинг кимга тегишли эканини аниқлашга Совет Иттифоқидан қолган ҳужжатлардаги ноаниқликлар халақит бермоқда.
Қирғизистон бош вазири Игор Чудиновга кўра, қирғиз-ўзбек чегарасидаги баҳсли ҳудудларнинг кимга тегишли эканини аниқлашга Совет Иттифоқидан қолган ҳужжатлардаги ноаниқликлар халақит бермоқда.

Қирғиз-ўзбек чегарасининг 80 фоизи аниқлаб бўлинган ва бугунги кунда баҳсли ҳудудлар масаласи муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов билдирди.

Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов 22 апрел куни парламентда қилган чиқиши чоғида чегара масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

- Ўзбекистон билан чегараларимизнинг 80 фоизини аниқлаб олдик. Ҳозирги кунда баҳсли ҳудудлар борасида музокаралар олиб боряпмиз. Улар орасида Кўгарт, Шоҳимардон ва Сўх анклавлари масаласи ҳам бор, деди Игор Чудинов.

Бош вазирининг айтишича, бу баҳсли ҳудудларнинг кимга тегишли эканини аниқлашга Совет Иттифоқидан қолган ҳужжатлардаги ноаниқликлар халақит бермоқда.

- Бу масалага икки хил ёндошув бор. Улардан биринчиси 1924 йилда ўтказилган миллий давлатларга бўлиниш тўғрисидаги ҳужжатга асосланган. Иккинчиси эса СССР Министрлар советининг 1956 йилда қабул қилган қарорига таянади. Бу икки ҳужжатда республикалараро чегаралар тўғрисида икки хил маълумот бор, деди Қирғизистон бош вазири.

Игор Чудинов бундай тафовутларга қарамасдан, Қирғизистон томони Ўзбекистон билан баҳсли ҳудудлар масаласида муросага кела олишига ишонишини айтди.

Айни пайтда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг баҳсли ҳудудлари турли зиддиятлар ўчоғига айланиб бормоқда. Масалан, 20 апрел куни Қирғизистоннинг Боткен ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятлари чегарасида яна бир можаро юз берган.

- 20 апрел куни Ўзбекистоннинг Хушёр қишлоғи аҳолиси Боткен –Сўгмент автомобил йўлини тўсиб, бу ердан ўтаётган Қирғизистон фуқароларига қарашли машиналарни тошбўрон қилганлар.

Бу тартибсизликка барҳам бериш мақсадида воқеа жойига етиб келган Қирғизистоннинг Қиштут ва Сўгмент қишлоғи раҳбарлари ўзбекистонликлар томонидан уч соат мобайнида гаровда ушлаб турилди ва Боткен туман ҳокими Достон Хўжаев бу ерга етиб келгачгина озод қилинди, дея хабар қилади Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Боткен вилоятидаги мухбири Жениш Айдаров.

Хабарда айтилишича, жанжалга Ўзбекистон фуқаролари ўзлариники, деб ҳисоблайдиган яйловда чорва молларини боқишда пайдо бўлган муаммолар сабабдир. Яъни қирғиз тарафи бу яйловдан фойдаланганлик учун Ўзбекистон фуқаролари қонун асосида ҳақ тўлашларини талаб қилганлар.

- Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳаллий расмийлари учрашувидан сўнг можарога барҳам берилган.

Ўзбекистон томони автомашиналарнинг синдирилган ойналарини тўлаб бериш масъулиятини ўз зиммасига олган, дея хабар қилади Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири Жениш Айдаров.

Айтиб ўтиш лозимки, аввалроқ худди мана шундай зиддиятлар Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти ва Ўзбекистоннинг Наманган вилояти чегараларида ҳам кузатилган.

2008 йил ёзида юз берган бир қатор жанжалларга Қирғизистоннинг Ахси туманидан оқиб ўтадиган дарё қайси давлатга тегишли экани аниқланмагани сабаб бўлган.
XS
SM
MD
LG