Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:30

Тожикларга молиявий ёрдам оқими тикланди


Халқаро Валюта Жамғармаси ўтказган маблағ Тожикистон Миллий банкига тушганидан сўнг бу пуллар мамлакатдаги турли долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун сарф қилиниши айтилмоқда.
Халқаро Валюта Жамғармаси ўтказган маблағ Тожикистон Миллий банкига тушганидан сўнг бу пуллар мамлакатдаги турли долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун сарф қилиниши айтилмоқда.

Жорий йилнинг 21 апрел куни Халқаро валюта жамғармасининг Директорлар кенгаши Тожикистонга 116 миллион доллар қарз бериш бўйича уч йиллик дастурни тасдиқлади.

- Бу маблағнинг 40 миллион доллари жорий йил 7 майида бизнинг ҳисобимизга ўтказилади. Қолган қисмини эса йил давомида босқичма- босқич қабул қилиб олаверамиз.

Бу пуллар камбағалликни бартараф этиш давлат дастурлари, миллий банк валюта заҳиралари ҳамда давлат ташқи қарзларини узиш учун сарфланади, деди Тожикистон Миллий банк раиси Шариф Раҳимзода 22 апрел куни Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида.

Раҳимзоданинг билдиришича, Халқаро валюта жамғармаси ажратган бу маблағлар иқтисодий бўҳроннинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини юмшатишга катта ёрдам беради.

Халқаро валюта жамғармасининг Тожикистонга қарз бериш бўйича янги дастури Тожикистон Миллий банки молиявий фаолиятига оид халқаро аудит натижалари эълон қилинганидан сўнг ишга тушди.

Миллий банк раиси Раҳимзода буни халқаро молиявий ташкилотда Тожикистон молиявий тизимига нисбатан ишонч пайдо бўлгани билан изоҳлаш мумкинлигини айтади.

Айни пайтда, тожик расмийсига кўра, Халқаро валюта жамғармаси келажакдаги ҳамкорлик борасида Тожикистон олдига бир қатор шартларни ҳам қўйган.

- Шартлар асосан банк фаолиятида ислоҳот ўтказиш, банк тизими, умуман молиявий фаолиятини тартибга солишдан иборатдир.

Халқаро валюта жамғармасининг биз билан ҳамкорлиги ва бугун тасдиқлаган бу дастури қолган бир қатор халқаро молиявий ташкилотларнинг ҳам Тожикистон ишонч билдириши ҳамда ўзаро ҳамкорлиги учун йўл очиб берди. Бу жуда муҳим, деди Раҳимзода.

22 апрел куни Халқаро валюта жамғармасининг Тожикистондаги миссияси раҳбари Аксел Шиммелпфенниг ҳам мамлакатга берилган 116 миллион доллар қарзга доир маъруза эълон қилди.

“2009 йил бошидан меҳнат муҳожирларининг Тожикистонга юбораётган маблағлари ҳажми сезиларли қисқаргани кузатилади.

Тожикистоннинг ташқарига экспорт қиладиган асосий товарлари пахта ва алюминий бўлиб, бу товарларга ҳам талаб сусайган.

Бу эса, ўз навбатида, мамлакат иқтисодиётининг заифлашувига сабаб бўлмоқда. Шуни назарга олган ҳолда, тожик жамиятида камбағаллар сони янада ортиши мумкин деган, тахминлар ҳам йўқ эмас”, дея таъкидланади маърузада.

Маъруза муаллифи миллий банк бу маблағларни макроэкономика ва кам таъминланган аҳолига молиявий кўмак дастурлари учун сарфлаши зарурлигини таъкидлайди. Халқаро валюта жамғармаси вакилларига эса Шиммелпфенинг ажратилган маблағни назорат этиб туришни тавсия қилади.

Қайд этиш жоизки, Халқаро валюта жамғармаси Тожикистонга уч йиллик қарз дастурини тасдиқлаши баробарида Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ҳамда Европа банки каби молиявий ташкилотларга ҳам мурожаат этиб, уларни Тожикистон билан ҳамкорлик қилишга даъват этган.

Ўтган йили Тожикистон Миллий банк ташаббуси билан Халқаро валюта жамғармасидан ёлғон маълумотлар асосида 47 миллион доллар миқдорида қарз олганидан сўнг мамлакатнинг халқаро ҳамжамият олдида обрўси тушиб кетган эди.

Ўшандан сўнг Халқаро валюта жамғармаси билан бир қаторда бошқа молиявий ташкилотлар ҳам миллий банк молиявий фаолиятида халқаро аудит ўтказилмагунга қадар Тожикистон билан ҳамкорлик қилмасликларини билдирган эдилар.

Жорий йил апрел ойи ўрталарида Миллий банк устидан германиялик халқаро аудиторлар олиб борган текширув натижалари эълон қилинди.

Халқаро аудиторларга кўра, Халқаро валюта жамғармасини алдаб пул олиш миллий банк собиқ раиси Муродулло Алимардонов раҳбарлигида амалга оширилган.

Миллий банк раиси Шариф Раҳимзода бугунги анжуманда банк собиқ раисининг иши ҳозирги пайтда тегишли идораларга оширилганини ҳам маълум қилди.
XS
SM
MD
LG