Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:41

Элин Йонссон Андижон қирғинига оид китоб ëзди


Журналист Элин Йонссон ўзининг “Қатлиомни хаспўшлаш санъати” китобида Андижон хунрезлиги, нега дунё бу воқеалардан етарлича бохабар бўлмагани сабаблари ҳақида ёзганини айтади.
Журналист Элин Йонссон ўзининг “Қатлиомни хаспўшлаш санъати” китобида Андижон хунрезлиги, нега дунё бу воқеалардан етарлича бохабар бўлмагани сабаблари ҳақида ёзганини айтади.

Швециялик журналист Элин Йонcсон Андижон воқеаларига бағишланган бу китоби учун мукофот олди. Ўтган йили чоп этилган “Қатлиомни хаспўшлаш санъати” китобида 2005 йил 13 май ва ундан кейинги воқеалар ҳақида гап боради.

Швеция журналистлар клубининг россиялик таниқли журналист, 2006 йилда ўлдириб кетилган Анна Политковская хотирасига бағишланган “Сўз эркинлиги учун” мукофоти Элинга душанба куни Стокҳолмда бўлиб ўтган маросимда топширилди.

Биз Элин Йонcсон билан телефонда боғланиб, уни мукофот билан табрикладик.

- Мен бу мукофотни кутмаган эдим ва меҳнатим тақдирланганидан бахтиёрман. Мен учун бу жуда катта шарафдир, чунки у Анна Политковская хотирасига таъсис этилган.

Мен Анна Политковскаяни шахсан танир эдим ва у менинг фаолиятимга катта таъсир кўрсатган журналистдир. Шу сабабдан, бу мукофот, айниқса, унинг сўз эркинлиги учун берилган мен учун алоҳида аҳамият касб этади. Шубҳасиз, бу ҳаётимдаги энг муҳим мокофотдир, дейди Элин.

“Қатлиомни хаспўшлаш санъати” номли китоб биринчи марта 2008 йилда чоп этилган ва Швеция жамоатчилигида катта муҳокамаларга сабаб бўлган.

Элин мазкур китобни ёзишдан мақсад Ўзбекистонни яхши билмаган швецияликларни бу мамлакатдаги вазият, айниқса, 2005 йил 13 май воқеаларидан хабардор қилиш бўлганини айтади.

- Китобда мен Андижон хунрезлиги, нега дунё бу воқеалардан етарлича бохабар бўлмагани сабаблари ҳақида ёзганман. Нега 1989 йилда Пекиндаги хунрезлик ҳақида кўп нарсани биламизу, Андижон воқеалари ҳақида барча ҳақиқатни билмаймиз?

Мен Каримов қандай қилиб бу воқеалар ҳақидаги уйдирма “ҳақиқати”ни дунё ҳамжамиятига тақдим қилгани ва дунёнинг, ғарбнинг бунга муносабати қандай бўлгани ҳақида ёздим.

Бундан ташқари, китобхон Ўзбекистон ва Каримов режими ҳақида ўқиши мумкин. Шунингдек, мен учратган ва таниган оддий ўзбекистонликлар портрети ҳамда ўзим журналист сифатида хунрезликдан кейинги дастлабки кунларда қандай қилиб фаолият олиб борганимни тасвирлашга ҳаракат қилганман, дейди Элин Йонсон.

Элин уни бу китобни ёзишга унданган сабаблар ҳақида ҳам гапириб берди.

- Мен Андижон воқеалари пайтида Ўзбекистонда эдим ва жуда кўп нодир материалларни тўплай олдим ва уларни мамлакатдан олиб чиқишга муваффақ бўлдим. Чунки биласиз, Андижон воқеаларини ўз кўзи билан кўрган журналистларнинг аксарияти ҳибсга олинди, уларнинг қўлидаги материаллар олиб қўйилди.

Мен 2005 йилнинг май ойи охирларида Ўзбекистонни тарк этганимда, қўлимда кўп материал бор эди. Ўзбекистонда жуда кўплаб ҳамкасбларим қолди ва хунрезликдан кейин мамлакатда рўй берган воқеаларни кузатиб, даҳшатга тушдим.

Журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва диссидентлар қамоққа олинди. Бу вазиятда мен нимадир қилишим керак эди. Чунки эркин ва хавфсиз бўлган Швецияда ўтириб, у ерда ҳамкасб ва дўстларим таъқиб қилинаётганини четдан кузатиб тура олмасдим.

Шунинг учун бу китобни ёзиш менинг вазифам эди, дейди Андижон воқеаларига бағишланган “Қатлиомни хаспўшлаш санъати” номли китоб муаллифи, журналист Элин Йонсон.
XS
SM
MD
LG