Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:09

Чегаралар дорбозлар фаолиятини ҳам чегаралади


Ўзбек дорбозлари бу каби қулай ва муҳташам саҳнага эга бўлмасалар-да, уларнинг томошалари моҳир циркчи дорбозлар ўйинларидан кам эмас.
Ўзбек дорбозлари бу каби қулай ва муҳташам саҳнага эга бўлмасалар-да, уларнинг томошалари моҳир циркчи дорбозлар ўйинларидан кам эмас.

Ўзбекистонда ўзбек миллий ўйинларидан бўлган дорбозлик йўқ бўлиб кетиш арафасида. Ҳар ҳолда, ўзбекистонлик дорбозларнинг ўзлари кейинги пайтда шундай фикрга келганлар.

Илгари минглаб одамларни дор атрофига жамлай олган дорбозлар ва полвонлар бугун дор ўйнаш учун майдонларнинг қолмаётганини, расмийлар томонидан тўсиқлар қўйилаётганини, қолаверса, тушумнинг ўзи камайиб кетганлигини айтмоқдалар.

Aҳаджон полвон Набиев шоҳимардонлик Лочин полвоннинг энг кенжа шогирди. У 1968 йилда биринчи марта майдонга тош кўтариб чиққан эди. Кейин бутун умрини дорбозликка, полвонликка бағишлади.

Собиқ иттифоқ ҳудудида унинг гуруҳи бориб томоша кўрсатмаган жой қолмаган. Бугун эса давлатлар ўртасига тортилган чегаралар уларнинг фаолиятини ҳам чегаралаб қўйди:

- Фаолиятимизнинг чегаралаганлигига сабаб чегараларнинг тортилганлиги бўлди. Ҳозир Фарғонадан Шоҳимардонга етиб боргунча битта одамнинг қўлидан Қирғизистоннинг ўзида қанчадан-қанча пулини олиб қўяяпти. Ҳеч ким индай олмайди.

Битта Қадамжойнинг ўзидан Шоҳимардонга етиб боргунча еттита пост. Бу еттитанинг иккитаси божхона¸ қолгани милиция. Одамлар безиб кетади-ку. Бу ерда одамларнинг эътиқодининг синиши ҳам бор-да¸ дейди Аҳаджон ака.

Аҳаджон ака Фарғона водийсини дорбозлик санъатининг “қайнар қозони” дейди. Зеро, Ўзбекистондаги дорбозларнинг аксарияти водийдан чиққан:

- У пайтда фақат Тошкенбой бўлган эмас-да. У пайтда Усмонжон дорбоз, Мадаминжон тоға¸ Мирзаҳаким тоға¸ (худо раҳмат қилсин) Мирзаолим тоға, Қувадан Қурбон ака, Сероводан Ҳошимжон ака деган дорбозлар чиққан. Мана шундай буюк устозларнинг қўлида таҳсил олганмиз¸ дейди Аҳаджон ака.

Лекин¸ Аҳаджон полвоннинг айтишича¸ у даврдаги дорбозлар ҳаёти билан бу давр дорбозларининг ҳаёти ўртасида от билан туяча фарқ бор.

- Ҳозирги даврда бир жойга борадиган бўлсангиз на жой бор¸ на бошқа бор. Биринчидан, ички ишлар "тўхта" дейди. Иккинчидан, СНБ деган ташкилот “Тўхтанглар, бу оммавий бўлади. Одам кўп бўлади. Ҳар хил одам бор. Портлатади¸ у қилади¸ бу қилади” дейди. Бу қўрқувга ўхшаяпти-да.

Украинага бориб, дор тушдик. Деярли 45 кун юрдик у ëқда. Портлатиб юборади¸ деган гап ички ишлардан ҳам¸ СНБ ташкилотларидан ҳам бўлгани йўқ. Москванинг ўзида 40-45 кун турдик¸ дейди Аҳаджон ака.

Аҳаджон полвон сўзларига кўра, ўзбек доридай баланд дор бошқа ҳеч қаерда йўқ. Агар илгари бу дор томошасига минглаб одамлар йиғилган бўлса, эндиликда одамлар ўз ташвишлари билан банд бўлиб қолмоқдалар.

- Ҳозир кам одам келади. Ҳамманинг ўзининг иши борми ëки давр одамларни шунақа қилиб қўйдими¸ ë ўзимизнинг савиямиз пасайиб кетдими... Мен бу нарсаларни жуда кўп таҳлил қилдим. Лекин моҳият битта нарсага – моддий томонга бориб тўхтаяпти. Одамларнинг “тирикчиликдан қоламиз¸ 5-10 сўм топиш керак¸ бола-чақани боқиш керак” деган муаммолари туғилиб қолди¸ дейди Аҳаджон Набиев.

Аҳаджон Набиевнинг дорбозлар гуруҳи Фарғона вилоят ҳокимлиги маданият бошқармасига ҳар йили 10 миллион сўм тўлайди. Лекин, полвоннинг айтишича, одамларнинг ижтимоий аҳволига қараб бу пулларни халқдан йиғиб олиш жуда қийин бўлиб бормоқда. Зеро, халқ томоша учун қорнидан орттиролмаяпти:

- Одамлар қандай яшаëтганлигини кундалик даромаддан биламиз-да. Буни сезамиз. Қишлоқларда ҳам¸ шаҳарларда ҳам ўйнаймиз. Одамларнинг даромади қандай бўлаëтганини улардан тушаëтган маблағдан ажратиб оламиз.

Мисол учун, бизга бир йилга 10 миллион сўм план қўйган бўлса¸ шуни ë етказиб бажара оламиз¸ ë бажара олмаймиз. Чунки ҳар хил муаммолар кўп. Асосийси, ҳозир одамларнинг ижтимоий аҳволи яхши эмас¸ дейди Аҳаджон ака.

Айни пайтда дорбозлар маҳаллий ҳокимиятдан ҳеч қандай кўмак ололмаяпти. Аҳаджон аканинг айтишича, “ҳатто отам замондан қолган “Кубан” автобусини таъмирлашга ҳам ҳокимиятнинг пули йўқ”.

- Биласизми¸ йўқми - Кубан деган автобус бор. Ҳозир на эҳтиëт қисм бор¸ на баллон бор¸ на бошқа бор. Ҳозир дорбозлар ўзи юриб ўзи тирикчилигини қилаяпти.

Бўлмаса, мана Ўзбекистонда Отойўл чиқаяпти. Ўзбекистонда дорбозлар 100-200 та эмас. Тўртта-бешта машина бериб юборса¸ садағаси кетай ахир, бир нарсаси камайиб қолармиди... Дорбоз ўша маблағни давлатга албатта топширади¸ дейди Аҳаджон ака.

"Агар аҳвол шундай давом этаверса, - дейди Аҳаджон полвон, - беш йилдан сўнг Ўзбекистонда дорбозлик санъати тамоман ўлиб бўлади".

- Уларнинг ҳам бола-чақаси бўлгандан кейин аста-секин кўзи очилади. Уларнинг ҳам муаммоси пайдо бўлади-да. Кейин бу касбни ташлашга мажбур бўлади. Бу касб йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди.

Агар шу кетиш бўлса¸ беш йилдан кейин дорбозни маккадан поя ахтаргандай бўлишади. Бунча муаммоларни¸ бунча ташвишларни қайси инсон бошига ола олади¸ дейди Аҳаджон ака.

Аҳаджон Набиев гуруҳининг 12 нафар аъзоси бор. Улар ҳам дорбозлар, ҳам морбозлар, ҳам полвонлар, ҳам акробатлар, ҳам масхарабозлар. Гуруҳнинг энг кичик аъзоси эса икки ёшга тўлди.
XS
SM
MD
LG