Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:15

Жаҳон электрон кутубхонаси ишга тушди


Жаҳон электрон кутубхонасида рақамли форматда сақланадиган китоблардан фойдаланиш жуда қулай
Жаҳон электрон кутубхонасида рақамли форматда сақланадиган китоблардан фойдаланиш жуда қулай

21 апрел куни БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО АҚШ Конгресси ва бошқа тузилмалар билан ҳамкорликда Жаҳон электрон кутубхонасини ишга туширди.

Мазкур кутубхонада дунё архивлари ва кутубхоналаридаги маданий соҳага оид ноёб китоб ва филмлар рақамли форматда жамланган.

Кутубхона деганда, одатда, китоблар териб қўйилган узун жавонлар жойлашган хона кўз олдимизга келади.

Электрон кутубхонада эса китоблар, журналлар, рўзномалар ва архив материаллари китоб жавонларида эмас, балки компьютер хотирасига жойланган бўлади ва рақамли форматда сақланадиган бу маълумотлардан фойдаланиш жуда қулай.

Интернетга кириш имконига эга бўлган ҳар бир киши дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъий назар¸ электрон кутубхона маълумотларидан фойдалана олиши мумкин.

ЮНЕСКО бундай кутубхонани йўлга қўйиш орқали дунё маданиятлари ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашни ният қилган.

Инглиз, араб, испан, хитой, португал, рус ва француз тиллардаги ушбу электрон кутубхона Интернетга кириш имконига эга барча учун очиқ ва бепул.

Жаҳон тарихидаги энг қадимий қўлёзма ҳисобланган XI асрда ёзилган япон романидан тортиб, Америка қитъаси илк бор чизилган дунёнинг энг қадимий харитаси, араб алломаларининг асарлари электрон кутубхонага рақамли форматда жамланган.

Жаҳоннинг19 мамлакатидаги 26 кутубхона жаҳон электрон кутубхонаси билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган. Келаси йилда ушбу лойиҳага яна 60 давлатдаги кутубхона қўшилиши кутилмоқда.

ЮНЕСКОнинг жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизмати раҳбари Абдул Воҳид Хоннинг айтишича, кутубхонадан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини ҳам топиб ўқиш мумкин.

- Бугунги кунда одамларнинг ахборот олиш имконлари янги рақамли технологиялар билан такомиллашиб бормоқда. Бизнинг мақсадимиз ҳам жаҳоннинг турли давлатларидаги кутубхоналардаги ноёб асарларни рақамли форматга ўтказиб, улардан дунёнинг истаган бурчагида яшовчи одамлар фойдаланиш имконларини оширишдир.

Ушбу электрон кутубхона одамларга бир жойда туриб дунёнинг турли мамлакатлари кутубхоналаридаги ноёб асарларни ўқиш имконини беради, дейди Абдул Воҳид Хон.

Жаҳон электрон кутубхонасини очиш ғояси 2005 йилда АҚШ Конгресси кутубхоначиси Жэймс Биллингтон тарафидан илгари сурилган эди. Биллингтон АҚШ миллий кутубхонасини рақамлашитирилишига бош-қош бўлганини ҳам таъкидлаш жоиз.

Ҳозирги кунда ушбу виртуал кутубхона Интернет орқали 8 ярим миллион ўқувчисига эга.

Жаҳон электрон кутубхонасининг очилишига Интернетдаги Google қидириш тизими ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Ширкат кутубхона учун 3 миллион доллар ажратиш билан бирга АҚШ Конгрессидаги минглаб китобларнинг рақамли форматга ўтказилишига ҳам кўмаклашган.

Ўзбекистон ҳам жаҳон электрон кутубхоналар тармоғига қўшилиши мумкин

Ўзбекистонда ҳам кутубхоналарни электронлаштириш ишлари халқаро ташкилотлар кўмагида олиб борилмоқда. Жумладан, Алишер Навоий Миллий кутубхонасидаги 30 мингга яқин ноёб китоб ва қўлёзма асарларни рақамли форматга ўтказиш ишлари 2005 йилда бошлаб юборилган эди.

Алишер Навоий кутубхонасининг электронлаштириш бўлими бошлиғи Нурали Мардиев бу йўналишда бораётган ишлар ҳақида гапириб берди.

- Бизлар ҳам электрон вариант қилаяпмиз. Бизда фонд¸ объëм жуда катта-да. Бизнинг ҳозир 16 минг фондимиз бор¸ ўшани қилаяпмиз. Умумий объëмимиз 10 миллионга яқин. Ҳали жуда кам қисми қилинди.

Ҳозир асосан ноёб материаллар фонди билан диссертацияларни қилаяпмиз. Қолганларига ҳали ўтганимиз йўқ. Имконият йўқ.

Биринчидан, ҳозир бизда асосий мақсад қадимий китобларни сақлаб қолиш ва ўқувчиларга электрон вариантда тақдим қилиш, дер экан Нурали Мардиев ҳозирда Алишер Навоий кутубхонасининг электронлаштириш бўлими ходимлари 16-17-18 аср китобларининг электрон вариантини яратиш билан шуғулланаётганини айтади.

Алишер Навоий кутубхонасини электронлаштириш лойиҳасига ҳам ЮНЕСКО ўз ҳиссасини қўшган. Ўтган йили ташкилот тарафидан кутубхонага ноёб асарларни рақамли форматга кўчириш ускуналарини тортиқ қилди.

Ўзбекистондаги кутубхоналарни электронлаштириш лойиҳалари учун Очиқ жамият институти Сорос жамғармаси ҳам грантлар бериб келган. Аммо ташкилот фаолияти Ўзбекистонда тугатилганидан сўнг бундай лойиҳаларнинг молиялаштирилиши бир мунча қийинлашди.
XS
SM
MD
LG