Линклар

logo-print

Мурод Жўраев “этап” қилинди


Ўзбек расмийлари ҳар йили турли саналар муносабати билан амнистия эълон қилаётганларига қарамай, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбуслар номлари бу "авфи умумий" рўйхатига ҳар гал кирмай қолаяпти.

Ўзбек расмийлари ҳар йили турли саналар муносабати билан амнистия эълон қилаётганларига қарамай, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбуслар номлари бу "авфи умумий" рўйхатига ҳар гал кирмай қолаяпти.

Жорий йилнинг 22 апрел куни сиёсий маҳбус Мурод Жўраев Зарафшондан Каттақўрғондаги қамоқхонага ўтказилди. Бу ҳақда Озодликка Мурод Жўраевнинг яқинлари маълум қилдилар.

Мурод Жўраевнинг рафиқаси Холбека Жўраева унинг эри маҳкамага тортиш учун Каттақўрғондаги қамоқхонага келтирилгани айтади.

- Мурод акани Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманига ўтказишибди. Менга буни телефон орқали хабар қилишди. Энди суд бўлиб, қўшимча муддат бериши керак экан, дейишди.

9 апрел куни борганимда Зарафшондаги қамоқхонанинг бошлиқ ўринбосари ҳам бу ҳақда гапириб, “ўтказса керак”, деб айтган эди.

Аввал қўшимча уч йил берганларида ҳам Олмалиқдаги қамоқхонага ўтказиб беришган эди, деди Холбека Жўраева.

Мурод Жўраевнинг жазо муддати жорий йилнинг 14 август куни тугаши лозим. Бироқ у 9 апрел куни қамоқхона ички тартибини бузганликда айбланиб, жазо изоляторига ташланган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари бу ҳолат Мурод Жўраевга қўшимча жазо берилишига баҳона бўлиши мумкинлигини айтишади.

Биз бу борада қўшимча маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасига қўнғироқ қилдик.

Озодлик: Зарафшонда жазо муддатини ўтаëтган маҳбус Мурод Жўраев бўйича сўрамоқчи эдик. Каттақўрғонга ўтказишибди, суд бўларкан, жазо муддатини узайтиришаркан, деган хабар эшитдик.

- Кечирасизу, бу маълумотни мана шу ерга келиб оласиз. Бунақа маълумотлар телефонда берилмайди. Бизда шунақа буйруқ.

Бизнинг манзилни биласизми? Амир Темур хиëбонидан Қўйлиққа кетишда Узбум деган бекатда тушасиз. Ўша ерда ҳар кун тушгача фуқаролар қабули бўлади. Ўша ерга мурожаат қиласиз, деди Жазони ижро этиш Бош бошқармаси ходими.

Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакили Игор Воронцовга кўра, ташкилот Мурод Жўраев тақдири билан боғлиқ масалани жиддий ўрганаяпти.

- Афсуски, биз бу ерда ўзбек расмийларининг маҳбусларга қўшимча муддат қўшиб бериш амалиётини яна бир бор кузатаяпмиз.

Ҳукумат озодликка чиқишини хоҳламаган бир гуруҳ маҳбуслар бор. Уларнинг жазо муддатлари турли баҳоналар билан узайтирилади. Бу жуда қўрқинчли амалиёт, дейди Игорь Воронцов.

Мухолифат фаоли Дилором Исҳоқовага кўра, халқаро ташкилотлар, маҳаллий ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчилар Мурод Жўраев тақдиридан хавотир билдириб, жуда кўплаб чиқишлар қилишган, бироқ бу тадбирларнинг бирортаси ижобий натижа бермаган.

Дилором Исҳоқова Мурод Жўраевнинг жазо муддати тўртинчи бор узайтирилиши мумкинлигидан хавотир билдиради.

- Мурод аканинг чекаëтган азоби бир кун ҳам тўхтагани йўқ. Мурод Жўраев, бошқалар чекаëтган азобнинг чеки борми? Нега ҳамма бунга тишини тишига қўйиб чидаши керак? Нима учун миллатнинг энг яхши вакиллари азобда ўтириши керак?

Қутулгани чет элга кетиб, қутулиб қолди. Кетишни истамаганларнинг ҳаммасининг аҳволи хароб. Кимдир қамоқда, кимдир ўлиб кетди, кимдир хору зор, кимдир касал, тўрт-беш марта инфаркт бўлган. Болаларининг аҳволи чатоқ, ҳеч ким ишга олмайди.

Қачондир бу миллат “Нимага шунақа?” деган саволни бериши керак-ку. Нима учун амнистия ëлғон? Нима учун президентнинг ҳамма гапи ëлғон?

Ахир президент Каримов эди-ку “Нима бўлишидан қатъий назар ҳар бир ўзбек менинг фарзандим” деган. Ҳамма фарзандини азобга қўйиб қўйган қанақа ота бу?

Қамоқда бўлмагани мардикор, мардикор бўлмагани қамоқда, бошқалари эса хору зор. У шу миллатга ота бўлишга ҳақлими? дейди Дилором Исҳоқова.

57 ёшли Мурод Жўраев мухолифатдаги “Эрк” партияси асосчиларидан бири. У 1990-93 йилларда Ўзбекистон парламенти депутати бўлган.

1995 йилда Ўзбекистон Олий суди Мурод Жўраевни ҳокимиятни эгаллаб олиш мақсадида фитна уюштиришда айблаб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этган.

Кейинчалик амнистияга тушганига қарамай, қамоқхонада ўрнатилган қоидаларни бузганлик айби билан унинг жазо муддати яна уч марта узайтирилган.
XS
SM
MD
LG