Линклар

Нодавлат ташкилотлари даъватчиликда айбланмоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон қонунларига кўра, диний даъват ишлари махсус ибодатхоналарда амалга оширилиши лозим.

Тожикистон қонунларига кўра, диний даъват ишлари махсус ибодатхоналарда амалга оширилиши лозим.

Тожикистон Адлия вазирлиги мамлакат шимолида миссионерлик фаолияти билан шуғулланганликда гумонланмиш икки нодавлат ташкилотини судга берди, ташкилот вакиллари эса ўзларига қўйилаётган айбловни рад этаяптилар.

Тожикистон Адлия вазирлигининг нодавлат ташкилотлари ва сиёсий партияларни рўйхатга олиш ҳамда назорат қилиш бўлим бошлиғи Давлат Сулаймоновнинг Озодликка маълум қилишича, “Дасти мадад” ва “Ҳаёти жавонон” нодавлат ташкилотлари Тожикистоннинг Сўғд вилоятида фаолият кўрсатиб келган.

- Бу иккала нодавлат ташкилоти ўз низомига зид тарзда яширин миссионерлик фаолияти билан шуғулланиб келгани вазирлигимиз томонидан фош этилди. Булар узоқ вақт мобайнида кам таъминланган оилаларни насроний динини қабул қилишга даъват этгани аниқланди.

Бу ҳолат бўйича ота-оналар ва маҳаллий ҳокимиятлардан вазирлигимизга келиб тушган аризалар сўзимизга далил бўла олади. Айни пайтда биз бу ташкилотлар фаолияти батамом тўхтатилишини талаб қилиб, Сўғд вилоят судига мурожаат этганмиз, деди Давлат Сулаймонов.

Вазирлик расмийсига кўра, 2000 йил апрелида вазирлик қайдидан ўтган бу ташкилотлар кам таъминланган Сўғд вилоятидаги оилалар фарзандларига инглиз ва форс тилларини ўргатиш баробарида болаларга Инжил китобидан ҳам таълим бериб келган.

Аммо “Дасти мадад” нодавлат ташкилотининг раҳбари Гулсуной Мақсудова Адлия вазирлигининг улар фаолияти юзасидан судга мурожаат қилганидан умуман хабарсизлигини маълум қилди.

- Биз бундай фаолият билан умуман шуғулланмаймиз. Вазирликнинг бундай ариза билан судга мурожаат этгани жуда таажжубланарли. Биз нодавлат ташкилотимиз ва низомимиз бўйича фақат болаларга бир қатор хорижий тилларни ўргатамиз.

Ундан ташқари, ташкилотимиз маҳаллий ижроия ҳукуматлари билан ҳам ҳамкорлик қилиб, халқаро ташкилотларга тегишли инсонпарварлик ёрдамларини камбағал оилаларга етказиб туради, деди Гулсуной Мақсудова.

“Дасти мадад” раҳбарига кўра, шу кунга қадар ташкилот вакиллари ўз фаолияти мобайнида қонунбузарликка йўл қўйилгани юзасидан бирорта ҳам огоҳлантириш олмаган.

Аснода мустақил таҳлилчи Дилфуза Норматованинг айтишича, хорижий мамлакатлар томонидан молиялаштирилган айрим маҳаллий нодавлат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар сўнгги йилларда тожикистонликларга инсонпарварлик ёрдамларини етказиш баробарида Тожикистонда миссионерлик фаолияти билан ҳам шуғулланиб келганлар.

- Бундан икки-уч йил аввал жамиятимизда бу нарса таъқиқланмагани учун насроний динига даъват қилувчилар ҳар қадамда учраб турарди.

Кейинчалик қўшни давлатлардан ўрнак олиниб, миссионерлик фаолияти қонун доирасида таъқиқлангач, улардан кўпчилиги яширин фаолиятга ўтдилар.

Яширин диний тарғибот ишлар билан шуғулланувчи хайрия ташкилотлари вакиллари, хусусан, пул ва озиқ-овқатга муҳтож оилаларни нишонга оладилар.

Кўрсатилаётган кўмак эвазига уларни сотиб олган ҳолатлар ҳам жамиятимизда кузатилади, десам муболаға бўлмас, дейди мустақил таҳлилчи.

Аммо тожикистонлик айрим кузатувчилар чет элдан ёрдам олиб, мамлакатда хайрия ишлари билан шуғуллаётган ташкилотларнинг ҳаммасини ҳам, суд ҳукми чиқмай туриб, прозелитизмда айблаш нотўғри эканини таъкидлайдилар.

- Бу ташкилотларнинг айбдорми-йўқлигини фақат суд белгилайди. Аммо, афсуски, кўп ҳолларда суд ўз ҳукмини ўқимасдан олдин унинг бўйнига тавқи лаънат осиб қўйилаётгани тажрибада учраб туради. Бу инсон ҳуқуқларини очиқдан-очиқ поймол қилишдан бошқа нарса эмас, дейди мустақил кузатувчи Мақсуд Жўраев.

Ўтган йили “Ора Интернешнл” ва жорий йил феврал ойида эса “Alliance Mission” халқаро ташкилотлари Тожикистон Адлия вазирлиги томонидан диний тарғибот ишлари олиб бораётганликда айбланган ва уларнинг Тожикистондаги фаолияти тўхтатиб қўйилган эди.

Адлия вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, 2008 йил давомида шунга ўхшаш олтита халқаро ёрдам ташкилоти мамлакатдан чиқариб юборилган.
XS
SM
MD
LG