Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:28

Феруз Назиров ишдан кетди


Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Феруз Назиров вазирлик курсисида энг узоқ ўтирган ўзбек амалдорларидан биридир.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Феруз Назиров вазирлик курсисида энг узоқ ўтирган ўзбек амалдорларидан биридир.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Феруз Назиров ўз вазифасидан озод қилинди. Бу ҳақда вазирликдаги ишончли манбалар Озодлик радиосига маълум қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги ишончли манбаларга кўра, вазир Феруз Назиров вазифасидан озод қилинган. Ҳукумат махсус комиссияси бир неча ой давомида республика соғлиқни сақлаш тизимида текширув ўтказган. Текширув натижаларига кўра, вазирлик бошқармаларининг ҳам бир неча нафар бошлиқлари вазифасидан бўшатилган.

Биз бу хабарни яна бир бор текшириш мақсадида вазирлик матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаевга қўнғироқ қилдик:

Озодлик: Бизга етиб келган маълумотларга кўра¸ вазир ишдан олинибди. Шуни сўрамоқчи эдим.

- Йўқ¸ йўқ¸ йўқ. Бу асосланмаган нарса¸ деди вазирлик матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев.

Шундан сўнг вазир қабулхонаси телефон рақамларини тердик.

Озодлик: Мен Прагадан, Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Вазир ишдан олинибди, деган хабар эшитдик. Шу ростми¸ йўқми - тасдиқлатиб олмоқчи эдик.

- Бу хабар дарров ўша ëққача борибдими? Тавба. Шунақаси ҳам бўларканми¸ деди вазир қабулхонасида телефонни кўтарган аëл.

Эшитганингиздек, котиба бу хабар бизга қандай етиб келганидан ажабланди. Вазирликнинг бошқа бир баланд мартабали ходими эса биз айтаётган бу янгиликдан ажабланмади ҳам. Аммо ҳозирча уларнинг қўлида бу ҳақда ёзма ҳужжат йўқлигини айтди:

- Бизга ҳали хабар келгани йўқ. Йиғилиш бўлди¸ ҳисобот бўлди¸ кўп вазирлар ҳисобот беришган экан. Бизга ҳали ҳеч нарса келгани йўқ.

Бизга юқоридан қоғоз келади-да - указми¸ бошқами. Бу масала бўйича олти йилдан бери шунақа дейишаяпти. Бизга олинди¸ ўрнига бошқаси келди, деб қоғоз келса¸ кейин гапирсак бўлади¸ дейди вазирликнинг баланд мартабали ходими.

Республика шифокорлар малакасини ошириш институти ректори, тиббиёт фанлари доктори Жўра Собиров Феруз Назаровнинг мамлакат тиббиётини ривожлантиришда ҳиссаси катта эканлигини айтади:

- Вазир сифатида ëмон ишлагани йўқ. Вазирларнинг ичида бунақа узоқ вақт ишлагани кам. 11 йилга яқин ишлади. Бошида қилмаган бўлса ҳам кейинги йилларда ташкилий ишларни жуда жойига қўйиб хизмат қилиб юрди. Қўлидан келган ишни қилди.

Лекин барибир биласизку¸ беш-олти йилдан кейин ўзгартириш керак. Ҳозир энди ëшроғи бўлади, деб айтишди. Оллоҳ саломатликни берса кўрамиз.

Ким яхши¸ ким ëмонлигини вақт кўрсатади. Вақт олий ҳакам¸ дейди тиббиёт фанлари доктори Жўра Собиров.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Суҳбат Абдуллаев фикрича, Феруз Назиров вазирлик қилган пайтда Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида ривожланиш бўлмади.

- Ўзбекистон медицинаси кейинги 11 йил ичида ривожланиш ўрнига баъзи бир жиҳатларда орқага кетди, деб бемалол айтишимиз мумкин. Масалан, жуда яхши мутахассислар Ўзбекистондан кетиб қолди.

Бунинг мисоли сифатида Ўзбекистонда биринчи юрак операцияларини қилган кардиохирург хоразмлик Қаландар Бобожоновнинг Киевга кетиб қолганини айтишим мумкин. Яна шунақа мутахассисларнинг Ўзбекистондан кетганлигини биламиз.

Бундан ташқари, Феруз Назиров даврида Ўзбекистон касалхоналарига кириб-чиқишда пуллик система жорий қилинди. Пуллик хизмат медицинанинг баъзи бир соҳаларида ижобий натижа берар-ку¸ лекин ўз касалини кўргани келган одамдан ҳақ олинишини мен ҳали Европа тажрибасида ҳам¸ Америка тажрибасида ҳам учратганим йўқ. Бу нарса Ўзбекистонда амалга оширилди¸ дейди Суҳбат Абдуллаев.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги 11 йилда тиббиёт соҳаси Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳага айланди:

- Агар шошилинч бирор-бир операция бўладиган бўлса¸ хирургнинг¸ ўша операцияда қатнашадиган гуруҳнинг¸ ҳамширадан тортиб фаррошгача ҳаммасининг гонорари олдиндан маълум бўлади. Бу ҳозир яширилмасдан очиқдан-очиқ қилинади.

Коррупция кейинги 10 йилликда жуда қаттиқ болалаб кетди. Шундай ҳолга келдики¸ уч бошли аждарга айланди. Бу аждарлар калласини кесишга қилич кўтариб келадиган паҳлавоннинг ўзи қолмади шекилли. Коррупция жуда катта кучга айланди¸ дейди Суҳбат Абдулла.

Вазирликдан олинган маълумотга кўра, вазир вазифасини вақтинча ижро этиш биринчи муовин, медицина фанлари доктори Адҳам Икромов зиммасига юклатилган.
XS
SM
MD
LG