Линклар

logo-print

Тожик расмийлари тожик-ўзбек давлатлараро шартномаси бўйича Тожикистон ўз мажбуриятларини бажарганини, эндиликда мажбуриятларни бажариш навбати Ўзбекистонга келганини билдирмоқдалар.

Сўғд вилояти раиси Қоҳир Расулзоданинг айтишича, бугунги кунда Қайроққум сув омборида йиғилган сув заҳиралари суғориш мавсумида Ўзбекистон ва Қозоғистон республикаларини керакли миқдорда сув билан таъминлашга тайёр.

- Айни пайтда Қайроққум сув омборида мўлжалдаги сув заҳиралари тўпланди. Қўшниларни сув билан таъминлаш учун заҳиралар етарли эканлигини тўла ишонч билан айтишим мумкин. Қайроққум сув омборида 3,5 млрд. куб метр сув заҳиралари тўпланган, деди вилоят раиси.

Қайроққум ГЭСи директори Файзулло Авезовга кўра, Қайроққум сув омборида йиғилган сув заҳиралари суғориш мавсумида Ўзбекистоннинг 300 минг гектар пахтазору экинзорлари ҳамда Қозоғистоннинг 80 минг гектар ердаги шолизорларини суғориш имконига эга. Бироқ ҳар икки давлат ҳам Тожикистон олдидаги ўз мажбуриятларини тўла бажаргани йўқ.

Жумладан, Файзулло Авезовга кўра, Ўзбекистон томони Тожикистонни қиш мавсумида электр энергияси ва газ билан таъминлаш билан бирга Қайроққум сув омбори ва Сирдарё қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларига маблағ ўтказиши лозим эди.

Бироқ ўтган қиш мавсумида Ўзбекистон электр энергияси узатишни бутунлай тўхтатди, газ эса ҳанузгача 20-30 фоизгача берилаяпти. Сув омборини таъмирлаш ва Сирдарё қирғоқларини мустаҳкамлаш учун эса Ўзбекистон умуман маблағ ўтказмаган.

Қозоғистон томони эса қирғоқларни мустаҳкамлаш учун белгиланган 600 минг доллар ўрнига 250 минг доллар маблағ ўтказган, холос.

Эслатиб ўтамиз, 2008 йил октябрь ойида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида сув заҳираларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида қатор хужжатлар қабул қилган эдилар.

Жумладан, Тожикистон ва Қирғизистон томони бундан буён Ўзбекистон ва Қозоғистон мамлакатлари сув заҳираларини бошқаришга ҳисса қўшган тақдирдагина сув омборларидаги заҳираларни келажак суғориш ишлари учун тўплашларини айтган эдилар.

Сўғд вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси сув заҳираларидан фойдаланиш бўлими раҳбари, профессор Ғафур Каримовнинг айтишича, авваллари қўшни республикалар тўғон ва қирғоқларни таъмирлаш ишларида Тожикистонга кўмаклашар эди.

- Бироқ сўнгги йилларда Ўзбекистон томони бу ишларда умуман қатнашмай қўйди. Боз устига, энергетика заҳиралари билан таъминлашни кескин қисқартирган. Оқибатда Тожикистон томони сув омборидаги заҳираларини кўпроқ ишлатишига мажбур бўляпти. Чунки минтақа электр энергиясига муҳтож, дейди Ғафур Каримов.

Бироқ, айрим маҳаллий таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, бу ўринда “фақат Ўзбекистон айбдор” деган позицияда туриш ҳам инсофдан эмас.

- Мен бир нарсага ҳайронман, Тожикистон ҳукумати неча йиллардан буён Ўзбекистон томонини электр энергияси ва газ билан таъминламаётганликда айблаб келмоқда. Бу муаммо ҳаммага кундек равшан-ку - Тожикистон Ўзбекистондан олган газ ва электр энергияси учун минглаб доллар қарздор бўлиб қолган, дейди тожикистонлик таҳлилчи Мадина Сайфиддинова.

“Қарс икки қўлдан чиқади” маталини эслатиб ўтган Мадина Сайфиддинова фикрича, Тожикистон томони Ўзбекистонни ҳадеб айблайвермай, қўшни мамлакат билан конструктив мулоқот йўлларини излаши лозим. Айни пайтда Ўзбекистон ҳам ё газ ва электр қарзларининг маълум қисмидан кечиш ёки сув омборларини таъмирлаш ишлари учун маблағ ўтказиш йўли билан Тожикистонга имкон қадар ёрдам бериши керак.

Лавҳа эфирга тайёрланаётган пайтда Сўғд вилоят ҳукуматидан Ўзбекистон томони яқин кунларда Қайроққум сув омбори қирғоқларини таъмирлаш учун 400 миллион сўм (расмий курс бўйича тақрибан 275 минг доллар) миқдорида маблағ ўтказгани ҳақида маълумот олдик. Гарчи ўтказилган пул миқдори унча катта бўлмаса-да, тожик расмийлари қўшни мамлакатнинг сув омбори таъмири учун маблағ юборганидан хурсанд эканларини яширмадилар.
XS
SM
MD
LG