Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:21

Рақам бошқа, турмуш бошқа


Халқаро кузатувчилар фикрича, Ўзбекистондаги расмий статистик маълумотлар аҳоли турмуш даражасини реал акс эттирмайди.
Халқаро кузатувчилар фикрича, Ўзбекистондаги расмий статистик маълумотлар аҳоли турмуш даражасини реал акс эттирмайди.

Ўзбек расмийлари ўтган йили мамлакат иқтисоди ўсиб, аҳоли фаровонлиги ошгани тўғрисида ҳисоботлар тақдим этаётган бир пайтда иқтисодий таҳлилчилар молиявий бўҳрон шароитида бунинг имкони йўқлигини таъкидламоқдалар.

Ўзбекистон расмий статистик маълумотларида мамлакатда 2008 йилда иқтисодий ўсиш 9 фоизни ташкил этгани ва аҳолининг ўртача ойлик маоши 200 долларга яқин экани билдирилган эди.

Уолл Стритдаги ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Фарҳод Иноғомбоев расмий статистик рақамлар ҳақиқатдан анча йироқ эканини айтади:

- Президент Каримовнинг Ўзбекистон ҳаëтини "гуллаб-яшнаяпти" деб айтиши, "ойлик 200 долларга етди" деганининг ҳаммаси бу қоғозда ëзилган рақамлар. Бу рақамларни на Жаҳон банки тан олади¸ на Халқаро валюта жамғармаси тан олади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг расмий иқтисоди бошқа¸ халқ яшаб келаëтган иқтисод бошқа¸ дейди Фарҳод Иноғомбоев.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Совет давридаги каби марказдан туриб бошқариладиган иқтисодий тизим мавжуд ва мамлакат иқтисоди глобал молия бозоридан узилган.

Президент Ислом Каримов 27 миллион аҳолига эга мамлакатни Совет давридан бери бошқариб келади. Мамлакатда сиёсий эркинликлар билан бир қаторда иқтисодий эркинликлар ҳам чекланган.

Ғарб Ўзбекистон раҳбарини сиёсий мухолифатга тоқатсизликда ва ислоҳотлар пайсалга солаётганликда танқид қилиб келади ҳамда Тошкент ҳукуматидан демократик ўзгаришлар сари интилиш намоён этишни талаб этиб келади.

Аграр давлат Ўзбекистон бугунги кунда пахта экспорт қилувчи дунёдаги иккинчи йирик давлат саналади. Шунингдек, мамлакат табиий газ, олтин каби табиий бойликларини ҳам четга экспорт қилади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки иқтисодчи Рика Ишиининг таъкидича, чет мамлакатларда меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирлари юборган маблағлар ўтган йилда Ўзбекистон ички ялпи маҳсулотининг 9 фоизини ташкил этган ва юборилган бу маблағлар айниқса мамлакат қашшоқ аҳолиси учун муҳим даромад манбаи ҳисобланган.

Ўзбек меҳнат муҳожирлари глобал молиявий бўҳрон боис Россия ва Қозоғистонда иш ўринларини йўқотиб мамлакатга қайтар эканлар, Марказий Осиёнинг энг нуфузли давлати ҳисобланган Ўзбекистонни ижтимоий муаммоларга етаклаши мумкин, деб башорат қилади Рика Ишии.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистон бўйича шуғулланувчи етакчи иқтисодчиси Рика Ишии, шунингдек, Ўзбекистонда ўтган йили иқтисодий ўсиш 9 фоизни ташкил этгани борасидаги расмий рақамларга ҳам бироз шубҳа билдирган.

Бу қарашга ўзбекистонлик иқтисодчи Фарҳод Иноғомбоев ҳам қўшилади.

- Ташқарига мардикор бўлиб чиқиб кетганлар¸ асосан, эркаклар деса бўлади. Улар Россия¸ Қозоғистон бозорларида кун кечириб, ўша ерда орттирган даромадининг қайсидир қисмини уйига жўнатиб келган. Россия¸ Қозоғистон ва минтақадаги бошқа мамлакатларнинг иқтисоди дунë бозорига интеграциялашган ва қаттиқ зарба еди, десак бўлади.

Буни Россиянинг мисолида ҳам келтирса бўлади. Кўп фондлар тушиб кетди¸ кўп лойиҳалар тўхтатиб қўйилди¸ қурилишларда иш тўхтади. Мана шу қурилишларда Ўзбекистондан келган минглаб юртдошларимиз пул орттириб¸ маълум қисмини уйига жўнатиб келган.
Россия инқироздан зарба егач¸ бу лойиҳаларни камайтирган. Ҳозир Россияда ишлаëтган ўзбек мардикорлари оғир кунларни бошидан кечираяпти, десам ҳам бўлади. Бу дунëдаги молиявий инқирознинг Ўзбекистонга қанчалик зарба берганига бир мисол¸ дейди Фарҳод Иноғомбоев.

Таҳлилчилар Ўзбекистон ҳукумати аҳолининг кун кечириш даражаси келажакда миллионлаган меҳнат мухожирларининг қайтиши эвазига яна ҳам ёмонлашиши ижтимоий хавфни туғдиришини англаб етиши керак, деган фикрда. Ўзбекистон иқтисодий вазиятни ўнглаши учун эса аҳолига иқтисодий эркинликларни яратиб бериши керак.

- Эркинликларсиз мамлакат қандай олға қараб силжиши ва аҳоли турмуш тарзини яхшилаши мумкинлигини тасаввур қила олмайман. Ўзбекистон балки яна бир автомобил заводи барпо этиб, 2000 одамни иш билан таъминлар, лекин бу билан муаммо ҳал бўлармикан, деб айтган Рика Иши "Рейтер" мухбири билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG