Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:50

Тожиклар Ғарб билан алоқани яхшиламоқда


НАТО Парламентлараро ассамблеяси Бош котиби Дэвид Ҳоббс тожик расмийлари билан бўлган учрашув натижаларидан мамнун.
НАТО Парламентлараро ассамблеяси Бош котиби Дэвид Ҳоббс тожик расмийлари билан бўлган учрашув натижаларидан мамнун.
НАТО ПА бош котиби Дэвид Ҳоббс Озодлик радиосига пайшанба куни берган қисқача интервьюсида тожик расмийлари билан бўлган учрашувдан қониқиш ҳосил қилганини айтди.

- Сафаримиз қизиқарли ва фойдали бўлди. Бу НАТО Парламентлараро ассамблеяси вакилларининг Тожикистонга биринчи сафари эди. Шу сабабдан ташриф давомида кўп нарсани ўрганишга ҳаракат қилдик.

Бўлиб ўтган сўзлашувлардан мамнунмиз ҳамда Тожикистон парламенти ва ҳукумати билан расмий алоқа ўрнатганимиздан хурсандмиз, деди НАТО ПА бош котиби.

Жаноб Ҳоббснинг президент Имомали Раҳмон билан учрашуви ўша куни бўлиб ўтганига қарамасдан, сўзлашувларга оид тафсилотлар пайшанба куни маълум бўлди.

Тожикистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарномада айтилишича, бош котиб Ҳоббс ва президент Раҳмон ўзаро муносабатлардан ташқари, Тожикистонда НАТОнинг аксилтеррор ва фавқулодда вазиятлар бўйича минтақавий марказларини очиш масалаларини ҳам муҳокама қилган.

Бироқ жаноб Ҳоббс билан Душанбега сафар қилган НАТО ПА матбуот вакили Руксандра Поппа минтақавий марказлар масаласига оид муҳокамалардан бехабар эканини айтди.

- Адашмасам, бу масалага фақат президент Имомали Раҳмон тўхталди¸ холос. Лекин марказларга оид лойиҳа муҳокама қилинди, дея олмайман.

НАТО парламентлараро ассаблеясининг мазкур масала юзасидан қарор бериш ваколати йўқ. Шунинг учун, балки муҳокамалар пайтида, президент айни масалага тўхталиб ўтгандир.

Лекин лойиҳа тафсилотлари муҳокама қилинди, дея олмайман, деди НАТО ПА вакили.

Сешанба куни АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Ричард Баучер ҳам Душанбега борди ва Тожикистон расмийлари билан мамлакат ҳудуди орқали Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучларига ҳарбий бўлмаган юкларни транзит қилиш бўйича келишиб олди.

Поппа хонимга кўра, НАТО ПА делегацияси ва АҚШ расмийсининг сафари бир кунга тўғри келиб қолгани тасодифдир, лекин бош котиб Ҳоббснинг президент Имомали Раҳмон билан учрашувида ҳам Афғонистон масаласи муҳокама қилинган.

- Тожикистон Афғонистонга юкларни етказишда муҳим транзит мамлакатлардан биридир, дейди Поппа хоним.

АҚШ ва НАТО расмийларининг шу кунларда Тожикистонга серқатнов бўлиб қолгани Афғонистондаги вазиятнинг беқарор бўлиб қолаётгани, айниқса, Қирғизистондаги Манас ҳаво базасининг ёпилаётгани шароитида, Афғонистонга янги транзит йўллар масаласининг долзарб бўлиб қолгани билан боғлиқдир.

Ўз навбатида, "бу вазият Тожикистон учун ҳам Ғарб билан яқинлашишнинг қулай фурсатидир", демоқда таҳлилчилар.

Россиядаги “Время новостей” газетаси халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубновнинг айтишича, президент Имомали Раҳмон маъмуриятининг Тожикистонда НАТО қошидаги аксилтеррор маркази ташкил этилиши масаласига ортиқча урғу бераётгани расмий Душанбенинг бундай яқинлашувга катта иштиёқ кўрсатаётгани белгисидир.

- Менимча, бу ҳам НАТО, ҳам Тожикистон учун муҳим бир тадбирдир. НАТО учун бу Тожикистонни ўзига қулай ва содиқ ҳамкорга айлантириш имконини беради. Афғонистондаги вазиятнинг беқарор бўлиб қолаётгани эса НАТО учун минтақада бундай ҳамкорга эга бўлиш аҳамиятини оширади.

Лекин, менимча, бунинг Тожикистон учун аҳамияти янада каттароқдир. Тожикистон раҳбарияти бундай марказнинг ташкил этилиши Имомали Раҳмон режимига қўшимча таянч бўлишига умид қилаётган бўлса ажабмас.

Тожикистонда кейинги икки-уч йилда вужудга келган вазият у ерда Имомали Раҳмон режими учун таҳликали бўлган сиёсий ва ижтимоий воқеалар рўй бериши эҳтимолини оширади. Мен жаҳон иқтисодий бўҳрони туфайли вужудга келган ҳамда Тожикистонда энергия воситаларининг сурункали етишмаслиги билан боғлиқ қийинчиликларни назарда тутяпман.

Бундан ташқари, қўшни Ўзбекистон билан мураккаб муносабатлар нуқтаи назаридан ҳам НАТОга доир марказнинг ташкил этилиши Имомали Раҳмон учун фойдадан ҳоли бўлмайди, дейди Дубнов.

Бошқа томондан, таҳлилчига кўра, Тожикистонинг Ғарб билан яқинлашишга интилаётгани Россия назоратидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти каби тузилмалардаги аъзолик унинг учун етарли таянч бўлишига ишонч камайгани белгисидир.

- КХШТ аъзоларининг Москва билан ҳарбий-сиёсий алоқаларида, айниқса ўтган йилнинг августида рўй берган Россия-Грузия можаросидан кейин, муаммолар пайдо бўлганини айтиш жоиз. Биласиз, бу можародан кейин Россия Жанубий Оситея ва Абхазия мустақиллигини тан олди, лекин КХШТнинг бирор аъзоси бу республикалар мустақиллигини тан олмади ва ташкилот ичида таранглик вужудга келишига сабаб бўлди.

Албатта, Тожикистон ўз ҳудудида НАТОга оид марказнинг ташкил этилишига катта эътибор қаратаётгани Москвага ёқмаслиги мумкин, лекин расмий Душанбе буни НАТО қошидаги Тинчлик учун ҳамкорлик дастури доирасида амалга ошираётгани билан изоҳлаши мумкин, дейди Время новостей газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов.
XS
SM
MD
LG