Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:26

Дилмурод Саййидга янги айбловлар эълон қилинди


Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, Дилмурод Саййидга қўйилаётган айбловларда ҳеч қандай асос йўқ.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, Дилмурод Саййидга қўйилаётган айбловларда ҳеч қандай асос йўқ.

“Эзгулик” жамиятининг фаоли, журналист Дилмурод Саййид тергов идоралари томонидан эндиликда ҳужжатларни қалбакилаштирганликда ҳам айбланмоқда.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Дилмурод Саййид шу пайтгача у Ўзбекистон Жиноят кодекси 165-моддасининг 3-қисми билан айбланиб келаётган эди. "Эзгулик" жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, эндиликда Дилмурод Саййидга янги айбловлар қўйилмоқда:

- Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти фаоли¸ журналист Дилмурод Саййидга нисбатан бир эмас¸ ҳозир иккита модда қўшилди. Бу умуман бошқа эпизод, яъни 2004 йилда содир бўлган бир воқеа.

Ўзбекистон ширкат хўжалигининг собиқ раиси билан содир бўлган ҳолат бўйича битта модда қўшилди¸ бундан ташқари, жиноят кодексининг 228-моддаси, яъни "ҳужжатларни қалбакилаштириш" деган модда қўшилди.

Бу нарса бизни жиддий хавотирларга солиб қўйди. Дилмурод Саййиднинг муқаддам икки марта судланганини ҳисобга оладиган бўлсак¸ ҳозир у рецидив жиноятчи деб топилиб¸ узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Чунки воқеалар ривожи ҳозир шуни кўрсатаяпти¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Адвокат Руҳиддин Комиловнинг айтишича, Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги бир неча нафар фермерларнинг аризалари асосида ҳужжатларни қалбакилаштириш айблови илгари сурилмоқда:

- Фермерларнинг ҳаммаси келиб, "Қоғозга қўл қўйиб берганмиз¸ ишончнома бермаганмиз¸ бўш қоғозга муҳр босиб берганмиз. Бошида ëзган аризаларимизнинг ҳаммасини қайтиб олганмиз", дейишаяпти. Шундан келиб чиқиб мана шуни қўйишди¸ дейди адвокат Руҳиддин Комилов.

Унинг сўзларига кўра, энг қизиғи, бу ариза ёзган фермерларни бир вақтлар айнан Дилмурод Саййид ҳимоя қилган эди:

- Дилмурод Саййиднинг кайфияти тушиб кетган. Чунки унга янги айбловлар қўйилаяпти¸ йўқ жойдан айбловлар чиқиб келаяпти. Шунча ҳимоя қилган фермерлари ҳам ундан воз кечишди. Бу фермерларнинг ҳаммасини у ҳимоя қилган эди-ку. Бу фермерлар энди "танимаймиз"га ўтиб олишди¸ дейди Руҳиддин Комилов.

"Эзгулик" фаоли Абдураҳмон Ташанов фикрича, бу янги айбловларда ҳеч қандай асос йўқ. Зеро¸ Дилмурод Саййиднинг айбсиз эканлиги бошидан маълум эди. Энди эса прокуратура қандай қилиб бўлмасин, уни қамоққа тиқиш учун барча воситаларни ишга солиб кўрмоқда.

- Умумий нуқтаи назардан биз уни айбсиз, деб ҳисоблаймиз. Суд жараëнларида бу моддаларнинг қанчали уйдирмалигини¸ қанчалик сохталигини кўрамиз. Мен адвокатлари билан гаплашдим. Адвокатларнинг таъкидлаши бўйича бу нарсалар ўта уйдирма. Беш йил олдин содир бўлган воқеалар¸ бундан ташқари, унинг исботи йўқ¸ пичоққа илинадиган бирор-бир далил йўқ.

Воқеаларнинг ривожи¸ терговнинг қоралов позициясидан олиб борилаëтганлиги¸ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти марказий кенгашининг кафилликка олиш тўғрисидаги хатига жавоб берилмаслиги¸ бундан ташқари, фаолларимизнинг тергов жараëнларига жамоатчи-ҳимоячи сифатида қўйилмаслиги¸ ўша ишнинг жамоатчиликдан сир тутилиши¸ унга нисбатан журналистик фаолият билан¸ сиëсий фаолият билан боғлиқ жараëн кетаëтганлигини билдиради¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Дилмурод Саййид 2005 йилда “Адвокат” газетасида Ўзбекистондаги ижтимоий муаммолар ҳақидаги “Йўқ ҳақидаги бадиҳа”сидан сўнг ишдан ҳайдалган, газета эса ёпиб қўйилган эди.

Кейинчалик у мустақил журналист сифатида фаолият кўрсатди ҳамда “Эзгулик” жамияти таркибида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланди.

У шу йилнинг 22 февралида товламачиликда айбланиб, қўлга олинган эди.
XS
SM
MD
LG