Линклар

Толиблар Бунерни тарк қилади


Покистондаги Толибон ҳаракати ўз жангариларига икки кун муқаддам босиб олинган туманни тарк қилиб, Сват водийсидаги истеҳкомларига қайтишга буйруқ берди.

Жангарилар матбуот вакили Муслим Хоннинг билдиришича, Толибон етакчиси Фазлуллоҳ ўз жангариларига Бунер туманидан ортга чекинишга топшириқ берган.

Покистон ҳукумати феврал ойида Сват водийси ва унга туташ ҳудудларда шариат қонунлари жорий этилишига рухсат берган эди. Бироқ толибон жангарилари ушбу келишувдан фойдаланиб, сешанба куни пойтахт Исломободдан 100 км узоқликда жойлашган Бунер туманига бостириб кирди.

Покистон бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний тинчлик келишуви шартлари бузилса, ўз ҳукумати жангарилар билан эришилган сулҳни қайта кўриб чиқиш билан таҳдид қилди.

Айни пайтда Покистон шимоли-ғарбий вилоятлари расмийлари фавқулодда мажлис ўтказмоқда.

АҚШ ҳам Покистондаги вазият юзасидан жиддий ташвиш билдирди. Оқ уй матбуот вакили Роберт Гиббс Афғонистон ва Покистондаги сўнгги воқеалар ривожи Барак Обама маъмурияти диққат марказида колаётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG