Линклар

Қирғизистондаги 30 дан ортиқ телерадиокомпания мамлакат президентига “Телевидениe ва радиоёйинловлар тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасини бекор қилиш илтимоси билан мурожаатнома йўлладилар.

2008 йилнинг ўрталаридан амалга киритилган “Телевидение ва радиоёйинловлар тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинган кунидан бошлаб оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотлари норозилигига сабаб бўлиб келаётган эди.

“Маблағ ва мутахассис етишмайди”

Телерадиоканаллар бу қонунда талаб қилинганидек, ўз эшиттиришларининг 50 фоизини қирғиз тилида олиб боролмасликларини, бунинг учун маблағ ҳам, малакали мутахассислар ҳам етишмаслигини айтмоқдалар.

- Кўрсатувларнинг 50 фоизини, яъни умумий эфир вақтимизнинг саккиз соатини қирғиз тилига ўтказиш учун камида ўнта малакали қирғиз журналисти керак бўлади. Нодавлат телевидениеларида бунча катта штатни таъминлаш учун маблағ йўқ.

Иқтисодий бўҳрон телевидение соҳасини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Бугунги кунда реклама бозорида реклама берувчиларнинг фақат 30-40 фоизигина қолди, холос. Бундай шароитда телеканалларда янги иш ўринлари ва янги кўрсатувлар очиш имконияти мутлақо йўқ, дейди Ўшдаги ДДД телеканали президенти Маъмуржон Шокиров.

“Босқичма-босқич амалга оширилиши керак”

Қирғизистонлик телерадиожурналистлар шундан келиб чиққан ҳолда, президентга йўллаган мурожаатномаларида қирғиз тилида берилувчи кўрсатувлар миқдорини аста-секинлик билан кўпайтириб бориш режасини таклиф қилганлар. Бу хусусда журналистлар қирғиз парламентига ҳам ўзлари ишлаб чиққан қонун лойиҳасини тақдим қилганлар.

- Таклиф қилинаётган қонун лойиҳасида кўрсатув ва эшиттиришларининг 50-60 фоизини бирданига эмас, босқичма-босқич қирғиз тилига ўтказиш таклиф қилинган. Қонун қабул қилинган биринчи йили кўрсатувларнинг 20 фоизи қирғиз тилида олиб борилади.

Кейинги уч йил мобайнида эса бу миқдор 10 фоиздан кўпайтириб борилади. Шунда уч-тўрт йил ичида кўрсатув ва эшиттиришларнинг 50 фоизи қирғиз тилида берилишига эришилади, деди Қирғизистон президенти котибияти эксперти Илим Қарипбеков.

“Бўлмаса бўлмасун, нетай...”

2008 йилда қабул қилинган “Телевидение ва радиоёйинловлар тўғрисида”ги қонун муаллифи, депутат Ибрагим Жунусов журналистларнинг таклифларини кескин рад этади:

- Мен миллатчи эмасман, лекин миллатпарварман. “Қирғизистонда қирғиз тилидаги кўрсатувлар ва эишттиршлар миқдори 20 фоиз бўлсин”, дейиш миллатга нисбатан ҳақоратдир. Бу миқдор 50 фоиздан кам бўлмаслиги керак.

Баъзи депутатлар бу қонун талабини бажара олмаган телерадиоканаллар ёпилиб кетади, шунинг учун журналистлар киритган таклифларни қабул қилиш керак, демоқдалар.

Қонун муаллифи сифатида уларга жавобим шуки, телерадиоканаллар ёпилса, ёпилиб кетаверсин. Бир вақтлар телевидение ва радиосиз ҳам кунимиз ўтган, ҳозир ҳам бир амаллаб яшайверамиз, деди депутат Ибрагим Жунусов.

“Қозоқлар тажрибасидан фойдаланиш керак”

Ўшдаги ДДД телеканали раҳбари Маъмуржон Шокиров эса телерадиоканалларда давлат тилидаги дастурларни кўпайтириш борасида Қозоғистон тажрибасини ўрганиш зарурлигини айтади:

- Қозоғистонда ҳам телерадиоёйинловнинг 50 фоизи қозоқ тилида. Лекин Қозоғистон ҳукумати бунининг учун телерадиокомпанияларга моддий ёрдам кўрсатган.

Қозоқ тилида янги эшиттиришлар ташкил этиш ва янги мутахассисларни ишга жалб қилиш учун телеканалларга маълум миқдорлда пул ажратиб турган.

Агар Қирғизистонда ҳам мана шу тажриба қўлланилса, бугунгидай муаммолар пайдо бўлмас эди, дейди Маъмуржон Шокиров.
XS
SM
MD
LG