Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:24

Хўжандда “тонг”чиларни судламоқчилар


Хўжанд шаҳар прокуратураси ўзбек тилида чоп қилинадиган “Тонг” мустақил газетасининг собиқ муҳаррири, бош бухгалтери ва бир тадбиркор устидан олиб борган терговни тугатиб, ишни маҳкамага оширди.

Хўжанд шаҳар прокурори ёрдамчиси Алижон Самадовнинг айтишича, “Тонг” мустақил газетасининг собиқ бош муҳаррири Пўлат Умаров, бош бухгалтер Сурайё Умарова ва тадбиркор Тошматовларга нисбатан Тожикистон Жиноий Кодексининг 257- ва 340-моддалари бўйича айблов эълон қилинган.

“Улар 2008 йилнинг июлидан ноябрь ойигача бўлган даврда Халқаро ташкилотдан олинган грант-гуманитар маблағни ўзлаштирганлар”, деди Алижон Самадов.

Бироқ Тожикистондаги НАНСМИТ жамоатчилик ташкилоти раҳбари Нуриддин Қаршибоевнинг айтишича, “тонг”чиларнинг айбдор ёки айбдор эмаслигини прокуратура эмас балки, маҳкама ҳал этади.

- “Тонг” ҳафтаномасидаги можародан хабаримиз бор. Биздаги маълумотларга кўра, можаро газета муассис Мақсуд Худойбердиев ва собиқ бош муҳаррир Пўлат Умаров ўртасидаги зиддиятдан келиб чиққан.

Биз Хўжанд шаҳрида муассис ва бош муҳаррир билан учрашдик, низони бартараф қилиш йўлларини ҳам ишлаб чиқдик.

Афсуски, аввалига редакциядаги вазиятни барқарорлаштиришга, газета чиқишини яна изга солишга кўнган муассис кейинчалик ўз ваъдасида турмади. Пировардида иш судга оширилди, дейди Нуриддин Қаршибоев.

НАНСМИТ ташкилоти раҳбарига кўра, ўзбек тилида чоп қилинган “Тонг” газетаси Тожикистон шимолидагина эмас, бутун республика ва ҳаттоки қўшни давлатларда ҳам обрў қозонган нашрлардан ҳисобланарди.

- Бугунга келиб, минтақада эркин фикр юритадиган, республика ва қўшни давлатлар ижтимоий ҳаётида рўй бераётган воқеаларни ўзбек тилида ёритаётган, ахборот билан таъминлаётиган ягона газета чоп қилиниши тўхтади. Бу ачинарли ҳол, дейди Нуриддин Қаршибоев.

Газета собиқ бош муҳаррири Пўлат Умаровнинг айтишича, прокуратура терговни бир ёқлама олиб борган ва унга нисбатан қўйилаётган айбларда ҳеч қандай асос йўқ.

- Бу фақат менинг фикрим эмас. Зеро, айни пайтда мазкур иш билан икки адвокат шуғулланмоқда. Иккала ҳимоячи ҳам, тергов материаллари билан танишиб чиққач, бу иш таркибида ҳеч қандай жиноят унсури йўқлигини айтишди. Мен айбдор эмасман ва адолат тантана қилишига ишонаман, деди Пўлат Умаров.

Газетада бўлим мудири бўлиб ишлаган Мақсуд Жўраевга кўра, “Тонг”чилар Пўлат Умаровга қўйилаётган айбловларни асоссиз, деб биладилар.

- Биз, таҳририят аъзолари Пўлат Умаровни тажрибали, тадбиркор инсон сифатида бош муҳаррирликка сайлаган эдик. Шу олти ой ичида у буни исботлади.

Биз унинг редакция ходимлари ҳаққига хиёнат қилганига ишонмаймиз. Чунки шу қисқа муддат ичида муҳаррир коллектив учун шароитлар яратди, газетанинг мазмунан ўқимишли бўлишига эришди, дейди Мақсуд Жўраев.

Унинг айтишича, бош муҳаррир айбдор эмаслигини прокуратура олиб борган тергов материалларидан ҳам англаш мумкин. Масалан, тергов материалларида “муҳаррир, бош бухгалтер ва тадбиркор гуманитар ёрдамни ўзлаштирган”, дейилади.

- Грант ва инсонпарварлик ёрдами сўзлари маъноси тамомила бошқа нарса-ку. Чунки грант махсус лойиҳа асосида қилинадиган маълум ишлар учун берилади. Бундан ташқари, тергов материалларида “20 минг доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилган”, дейилган.

Бир йиллик лойиҳа ҳажми ўзи шу миқдорда бўлганини ва грант пули бир йўла тўлиқ берилмаслигини инобатга олсак, терговни олиб борган прокуратура вакили ҳисоб-китобдан йироқ одам экан, деган хулоса чиқариш мумкин, дейди Мақсуд Жўраев.

“Тонг”чилар устидан суднинг қачон бўлиб ўтиши ҳозирча номаълум.
XS
SM
MD
LG