Линклар

Сўнгги икки ҳафта мобайнида ёққан сурункали ёмғир Тожикистоннинг Хатлон вилояти Хуросон туманига қарашли “18-партсъезд” қишлоғида яшовчи юзлаб одамларни уй-жойсиз қолдирди.

Гарчи сув тошқинда қурбонлар бўлмаган эса-да, 20 гектардан ортиқроқ экин майдони, мевали дарахтлар лойқа тагида қолган, чорва моллари нобуд бўлган. Айни пайтда селдан кўрилган зарар ҳажми аниқланмаган.

Табиий офат содир бўлган жойда Хатлон вилоят ҳукумати масъуллари, Ярим Қизил Хоч ташкилоти ходимлари ва шифокорлар ишлаяпти.

Бироқ селдан жабрланганлар табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун расмийлар томонидан етарли куч жалб қилинмаганини айтмоқдалар.

- Ёрдам учун жалб қилинган аскарларнинг ҳеч қанча ёрдами тегаётгани йўқ, уч-тўрт киши ишлаётганини эътиборга олмаганда. Ўзимиз бошқа қишлоқлардан келган қариндошларимиз ёрдамида қулаган томларимизнинг тахта ва шиферларини йиғиб олаяпмиз, дейди уйини сел олган аёллардан бири.

Исмини айтмаган бошқа бир суҳбатдошимиз маҳаллий ҳукуматдан ҳам, халқаро кўмак ташкилотларидан ҳам ҳеч қандай ёрдам олмаганини, икки келин, етти фарзанди ва касалманд аёли билан бошпанасиз қолганини айтади.

- Сув ювиб кетган бу уйда 11 жон яшар эдик. Мана энди уйдан ном- нишон ҳам қолмади. Бундан буён қаерда ва қандай яшаймиз -билмайман.

Бизга ҳатто палатка ҳам берилмади. Энди қариндошларимизнинг уйида вақтинчалик яшаб туришдан бошқа иложимиз йўқ, дейди суҳбатдошимиз.

- Юздан ортиқ молу чорвам бор эди оғилимда, ҳаммаси лойқа тагида қолиб кетди. Машинамизни эса сел бир келометр нарига олиб бориб ташлади, дея зорланади бошқа бир жабрдийда аёл.

У ўз оиласининг ҳозир қир-адирда яшаб турганини айтаркан, Худодан ўзга ҳеч кимдан ёрдам кутмаслигини таъкидлайди.

- “Ҳукуматданмиз” деб келган бир-икки киши лойқани суриш учун 100 долларга техника кира қилишимиз кераклигини айтди. Зарар кўрганлардан пул йиғиштирилиб берилса, техника келиб ишлар эмиш.

Биз ҳам уйсиз бошпанасиз қолайлигу ҳам 100 доллар билан техника олайликми? Бизнинг на пулимиз, на паспортимиз ва на бошқа бирор нарсамиз йўқ ҳозир. Оёғимиз ердан, қўлимиз осмондан узилиб қолди, дейди суҳбатдошимиз.

Айни пайтда Хуросон туман фавқулодда ҳолатлар қўмитаси раиси Жўрахон Ёров давлат томонидан зарар кўрган оилаларга озиқ-овқат, тиббий ёрдамлар кўрсатилаётганини билдирди.

- Мана туман ижроия ҳукумати томонидан бу оилаларга ун, ёғ, нон, макарон тақсимлаб берилди. Биз аҳоли билан суҳбатлашиб, одамларни тинчлантиришга ҳаракат қилаяпмиз, деди Жўрахон Ёров.

Расмийга кўра, шу кеча-кундузда сел оқибатларини бартараф қилиш учун зарур техника сафарбар этилиши кутилмоқда. Техника учун маблағ эса туман ижроия ҳукумати заҳира фондидан ажратилади.

25 йил аввал Хуросон туманининг тоғли ҳудудларидан бирида барпо этилган “18-партсъезд” қишлоғи аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланарди.

Бироқ юз берган табиий офат оқибатида уларнинг асосий даромад манбаи саналган юзлаб бош чорва молларини нобуд бўлди.

Зарар кўрганларнинг бундан буён қайси даромад ҳисобига тирикчилик қилишни билмай бошлари қотган.
XS
SM
MD
LG