Линклар

logo-print

Оқсаройга янги котиб келди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу гал ўзининг матбуот котиби қилиб журналистни эмас, сиёсатшуносни танлади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу гал ўзининг матбуот котиби қилиб журналистни эмас, сиёсатшуносни танлади.

Ўзбекистон президенти ўзига янги матбуот котиби тайинлади. Бу ҳақда 23 апрел куни Ислом Каримов фармони чиқди. Лекин янги котиб ҳозирча президент матбуот котиби вазифасини бажарувчи бўлиб турибди.

Президентнинг навбатдаги матбуот котиби, журналистлардан эмас, балки дипломли сиёсатшунослардан бўлди.

Сиёсатшунослик фанлари номзоди Улуғбек Ҳасанов илгари Ўзбекистон Халқаро иқтисод ва дипломатия университетида геосиёсат фанидан дарс берган.

У Москва халқаро муносабатлар институтининг битирувчиси, 2004 йилда Москвада “Ўзбекистон республикасининг миллий манфаатлари ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик муаммолари” мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлаган.

Президентнинг янги матбуот котиби Улуғбек Ҳасанов билан гаплашишнинг имкони бўлмади. Биринчи иш куни жуда тиғиз бўлган шекилли - уни ўз жойидан топа олмадик.

У билан бирга Халқаро иқтисод ва дипломатия университетида бирга ишлаган сиёсатшунос Фарҳод Толипов Улуғбек Ҳасанов ҳақида шундай фикр билдирди:

- Халқаро муносабатлар кафедрасида анчадан бери ишлаб келди. Истеъдодли ëш йигит. Рус, ўзбек, инглиз тилларини эркин даражада билади. Бир пайтлар турли лойиҳалар бўйича Америкага бориб ўқиб¸ ишлаб келган. Характери яхши¸ ëш, қизиқ бир йигит. Геополитика деган фанларда анча-мунча ишлаб тажриба орттирган, деб айтишим мумкин¸ дейди Фарҳод Толипов.

Фарҳод Толиповнинг айтишича, Улуғбек Ҳасанов дунёқараши кенг, ўзи ҳам анча либерал фикрлайдиган сиёсатшунослардан ҳисобланади:

- Нисбатан қараганда¸ ҳар ҳолда менинг таниганим¸ анча-мунча либерал характери билан ажралиб турарди. Жуда ҳам бизларчалик очиқ¸ эркин деб ҳисобламасак ҳам, ҳар ҳолда, замонавий дунëқараши¸ замонавий характери билан ажралиб турарди. Унинг тайëргарлиги юқори даражада, деса бўлади. Зиëли йигит¸ дейди фарҳод Толипов.

Ўзбекистон президентининг матбуот котиблари аксарияти шу пайтгача журналистлар бўлган. Нега энди бу сафар Президент ўзига матбуот котибини сиёсатшунослардан танлади?

- Мен биламан ҳозир юқори доираларда¸ давлат идораларида сиëсатшунослар сиëсатшунос сифатида ишлаб, ўзининг ҳиссасини қўшсин деганга ўхшаган ëндошув бор. Давлат кадрлари орасида сиëсатшуносларни кўпайтириш керак, деган талаб бўлганлигини эшитган эдим¸ дейди Фарҳод Толипов.

Аммо Фарҳод Толипов "Балки бу Ўзбекистон президенти девонининг, ҳукуматнинг сиёсатшуносларга бўлган эҳтиёжидир?" деган фикрга қўшилмаслигини айтади:

- Менинг бунга бироз шубҳам бор. Агар ҳақиқатан ҳам шундай биз ўзгариш содир бўлганда эди¸ биз буни фақатгина битта мисолда кўрган бўлмас эдик. Бунинг мисоллари кўпроқ бўлар эди.

Давлат идораларида ҳам¸ давлат идораларига яқин бўлган илмий-таҳлилий институтларда ҳам сиëсатшуносларга бўлган талаб кенг бўларди. Мен ҳозирча бундай тенденцияни сезмаяпман¸ дейди Фарҳод Толипов.

Ўзбекистон президенти матбуот котиби вазифасида ҳеч қайси бир номзод узоқ ишлай олмаган. Энг сўнгги матбуот котиби Беруний Олимов шу йилнинг март ойида вазифасидан бўшатилган эди.
XS
SM
MD
LG