Линклар

logo-print

Ер сеникими, ер меники...


Чекликларнинг айтишларича, ўзбек расмийлари улардан ё Ўзбекистон қонунларига мувофиқ яшашни ёки бошқа ёққа кўчиб кетишни талаб қилганлар. Аммо ўзбек расмийлари бу гапларни инкор қилаяптилар.

Чекликларнинг айтишларича, ўзбек расмийлари улардан ё Ўзбекистон қонунларига мувофиқ яшашни ёки бошқа ёққа кўчиб кетишни талаб қилганлар. Аммо ўзбек расмийлари бу гапларни инкор қилаяптилар.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Новкен тумани Соқолди қишлоқ ҳукуматига қарашли Чек қишлоғида яшовчи фуқаролар ўзбекистонлик расмийлар уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этаётганидан арз қилиб, Қирғизистон президентига мактуб йўлладилар.

Чек қишлоғида яшовчи Алёрбек Мусаевнинг Озодликка маълум қилишича, 19 апрел куни эллик нафардан зиёд ўзбекистонлик ҳуқуқ-тартибот ходимлари уларнинг уйларида текширув ўтказган.

- Эрта билан Ўзбекистон аскарлари, МХХ ходимлари келди. Постдан ўтди. 30 тача аскар, бундан ташқари, фуқаро кийимидаги одамлар постдан ўтиб, бизнинг маҳалланинг уйларини бир чеккадан текшириб чиқди.

Озодлик: Уйга кириб нималарни текширишди?

- Уйда нима бор¸ нима йўқ¸ контрабанда нарса борми, йўқми - шуни текширди. Уйда озиқ-овқатлар кўп миқдорда турмасин, деди. “Бир қопдан ортиқ ун турмасин, канал бўйига кўприкка пост қурамиз, энди ўтмайсизлар, қирғизистонликлар бу ердан чиқиб кетсин”, деди.

Озодлик: Чиқиб кетсин, дедими?

- Ҳа¸ “бу ердан кўчасизлар, кейинчалик барибир бу ердан кўчиш керак”, деди.

Озодлик: У ерда нечта хонадон бор?

- Қирғизистонники 20 тадан ошиқ, 30 тача бор.

Озодлик: Чек қишлоғининг манзили қанақа?

- Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти Новкен тумани Соқолди қишлоқ ҳукуматига қарашли Чек қишлоғи, дейди Алёрбек Мусаев.

Чек қишлоғида яшовчи бошқа бир фуқаро Манап Бўжўев фикрича, ўзбекистонлик ҳуқуқ-тартибот ходимлари уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилган.

- Автомат, дубинкалар билан келиб ҳақ-ҳуқуқларимизни оёқости қилишди. Бизга: “Сизлар керак бўлса Қирғизистонга чиқиб кетасизлар, бу уйлар барчаси бизники, бу ерлар Ўзбекистонники” деб бизни ҳақорат қилишди, дейди Манап Бўжўев.

Қирғизистон маҳаллий нашрлари ёзишича, Чек қишлоғидаги текширув Ўзбекистоннинг Андижон вилояти Пахтаобод туман ҳокимлиги билан Ўзбекистоннинг Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари иштирокида ўтказилган.

Тадбирда Пахтакор туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзаолим Аҳмаджонов шахсан иштирок этган. Биз Мирзаолим Аҳмаджонов билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлдик.

Озодлик: Мирзаолим ака, мен журналист Меҳрибон Бекиеваман. Радиодан телефон қилаëтган эдим.

- Қайси радиодан?

Озодлик: Озод Европа/Озодлик радиосидан. 19 апрел куни Чек қишлоғида ўтказилган тадбир бўйича сўрамоқчи эдим. Бу тадбир нима мақсадда ўтказилди?

- Бу тадбир ноқонуний товарларнинг чиқиб кетишини, кириб келишини олдини олиш бўйича ўтказилди. Юкларни назорат қилиш бўйича.

Озодлик: Фақат назорат тартибида ўтказилган тадбир бўлдими?

- Ҳа, шу холос. Бошқа ҳеч нарса эмас. Бировни кўчирадиган ҳам эмас¸ кўчмайди ҳам.

Озодлик: Демак, бу ерда кўчириш тўғрисида гап йўқ.

- Йўқ¸ йўқ. Ҳеч қанақа кўчириш деган гап йўқ.

Озодлик: Бу ҳудуд Қирғизистон ҳудудими?

- Йўқ¸ бу ҳудуд Ўзбекистон ҳудуди. Қирғизистон фуқаролари - йигирмата хўжалик - Ўзбекистон ҳудудида яшаяпти, деди Мирзаолим Аҳмаджонов.

Новкен туман ҳокими Турдимамат Сағиндиқовга кўра, “Чек” қишлоғи фуқаролари Ўзбекистон аскарлари келиб тинчимизни бузишаяпти, деб туман ҳокимлигига мурожаат қилишган.

- Ўзбекистоннинг Пахтообод тумани ҳокими билан бу масалани биз ҳал қилдик, деди Турдимамат Сағиндиқов.

Чек қишлоғи фуқароси Манап Бўжўевга кўра, қишлоқ аҳли Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевга мурожаат қилиб ёрдам сўраган.

- Президентга бизнинг талабимиз: қонун бузилишига йўл берманг. Бизни Ўзбекистонга тутқин қилиб берманг, деб илтимос қиламиз, дейди Манап Бўжўев.

Маълум бўлишича, Чек қишлоғида 150 га яқин қирғизистонлик фуқаро (27 оила) ва ўзбекистонлик фуқаролардан иборат 41 та оила истиқомат қилади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегара узунлиги 1375 километрни ташкил қилади.

Айни пайтда ўзбек-қирғиз чегарасида етмишга яқин ҳудуд, жумладан, анклавлар ҳам баҳсли ҳудудлар ҳисобланди.
XS
SM
MD
LG