Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:26

Мардикорга норасмийси маъқул


Россияда ноқонуний равишда ишлаётган мардикорлар кўпинча мамлакат Федерал миграция хизмати ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган рейдларда ушланиб, ўз ватанига депортация қилинмоқда.
Россияда ноқонуний равишда ишлаётган мардикорлар кўпинча мамлакат Федерал миграция хизмати ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган рейдларда ушланиб, ўз ватанига депортация қилинмоқда.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатувчи “Ҳозиржавоб гуруҳ” эълон қилган экспертлик шарҳида айтилишича, ўзбекистонлик мардикорларнинг 70-75 фоизи меҳнат қилиш учун норасмий ва ноқонуний йўлларни танлаяпти.

“Ҳозиржавоб гуруҳ” фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра, бугунги кунда ўзбекистонлик мардикорлар айнан норасмий ва ноқонуний йўлларни танлаши билан биргаликда ўзларига ҳимоячилар ҳам топишга эришмоқдалар.

- Ҳозирги кунда Ўзбекистондан кетиб Россияда¸ Қозоғистондаги меҳнат муҳожирлари, Россиянинг турли хил шаҳарларидаги ўзбек диаспораларидан паноҳ топиб, уюшганлик жиҳатдан, ўз-ўзларини бошқариш жиҳатидан кучли ташкилотга айланиб бормоқда.

Уларнинг алоҳида бир кучга, жамоат ташкилотига айланиб бориши натижасида Ўзбекистондан ишга кетаëтган фуқароларимиз кўпроқ расмий тартиб-қоидалар ëки йўллари қолиб, ўзларининг иш қидиришларида, ўзларининг манзилларга етиб боришларида, ишчи билан ҳар хил меҳнат келишувлари тузишда, агар ишда муаммо келиб чиқса, унинг ечимида – барча масалалар бўйича жойлардаги диаспораларга мурожаат қилиши анъанавий тусга кириб бормоқда, дейди Суҳроб Исмоилов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, айни ҳолат ўзбек мардикорларининг кўплаб муаммолари ҳал бўлишига ёрдам бермоқда.

- Бу албатта меҳнат муҳожирларини кўпгина жойлардаги муаммолардан қутқариб қолишига ҳозирча имконият бераяпти. Масалан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган билан тўқнашувнинг олдини олиш, қанақадир маҳаллий миллатчилик ëки шовинистик гуруҳлар билан тўқнашувнинг олдини олиш каби.

Иш берувчи билан маош юзасидан ëки иш ҳақини олиш бўйича муаммолар келиб чиқса, мана шу диаспоралар бошлиқлари аралашиб, меҳнат муҳожирларининг муаммосини ҳал қилишаяпти, дейди Суҳроб Исмоилов.

Лекин Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроевга кўра, ўзбек мардикорлари норасмий ва ноқонуний йўлларни танлаши натижасида турли нохушликларга дучор бўлаяптилар.

Ҳуқуқ фаолига кўра, кейинги пайтда Россияда ноқонуний ишлаётган ўзбек мардикорларининг депортация қилиниш ҳолатлари кўпайган.

- Суд қароридан кейин уларни лагерларга жойлаштиради. Лагернинг номи лагеру¸ лекин қамоқхонадан ҳеч кам жойи йўқ. Депортация қилинадиганларга инсон каби муносабатда бўлинмаяпти.

Камераларда беш-олти одамнинг ўрнига 15-20 та одамни қўйиб, ҳатто хотин-қизларни эркаклар билан бир хонага қамаб қўйиши, умуман, ҳеч бир қонунга тўғри келмайдиган нарса. Мен ўзим шахсан бориб, гувоҳи бўлдим.

Одамларнинг деразаларда туриб, қичқириб ëрдам сўраëтганликларини шахсан ўзим эшитдим, дейди Баҳром Ҳамроев.

Россияда ишлаётган хоразмлик Муҳаммаджон исмли мардикорнинг айтишича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари мушкул вазиятларга тушишларини билган ҳолда ноқонуний йўлларни танлашади. Хоразмлик мардикорнинг айтишича, бунинг ўзига яраша сабаблари бор.

- Агар Россияга меҳнат биржаси орқали кетадиган бўлсак¸ улар давлатга қандайдир бир фоизлар оладилар, иш топиб бергани учун бизлардан пул талаб қилади. Масалан, Кореяга кетган одамлардан 7000-8000 доллар сўраб ўтиришибди.

Биз қизиқиб кўрган эдик: меҳнат биржаси орқали ишлайдиган бўлсак, 500 минг сўм беришар экан. Бу ерга ўзларимиз келсак, ойига 1-1¸5 миллион сўм топишимиз мумкин. Шунинг учун ноқонуний йўллар билан бўлса ҳам келиб ишлашимиз ўзларимиз учун фойдали, дейди хоразмлик мардикор.

Айни пайтда ўзбекистонлик кузатувчилар ўзбек мардикорларининг Россияга ноқонуний равишда кетиши ҳар иккала мамлакат иқтисодиёти учун ҳам зарар келтиришини қайд этмоқдалар. Бунинг олдини олиш учун эса, кузатувчиларга кўра, ўзбек расмийлари россиялик ҳамкасблари билан келишган ҳолда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига таклиф қилинаётганидан кўра даромадлироқ иш топиб беришлари лозим.
XS
SM
MD
LG