Линклар

Ҳуқуқ ҳимоячилари бирлашди


Ҳуқуқ ҳимоячиси Васила Иноятовага кўра, “Ўзбекистонда социал-ижтимоий воқеъликни таҳлил қилиш маркази” деб номланган янги бирлашма "Эзгулик" жамиятининг бирлашиш борасидаги баёноти эълон қилинганидан сўнг таъсис этилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Васила Иноятовага кўра, “Ўзбекистонда социал-ижтимоий воқеъликни таҳлил қилиш маркази” деб номланган янги бирлашма "Эзгулик" жамиятининг бирлашиш борасидаги баёноти эълон қилинганидан сўнг таъсис этилган.

Ўзбекистонда беш ташкилот инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзаро кучларни бирлаштиришга қарор қилдилар. Янги бирлашма вакилларига кўра, мазкур ташкилот сиёсий фаолият билан эмас, балки ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланади.

“Эзгулик” жамияти, “Озод деҳқонлар” партияси, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими, “Ўтюраклар” клуби ва “Бирдамлик” ҳаракатининг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича фаолияти эндиликда “Ўзбекистонда социал-ижтимоий воқеъликни таҳлил қилиш маркази”томонидан мувофиқлаштириб турилади.

Янги бирлашма раиси Васила Иноятованинг Озодликка билдиришича, “Эзгулик” жамиятининг бирлашиш борасидаги баёнотига тўртта ташкилот қўшилган.

- Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши шу даражага етдики, эндиликда алоҳида-алоҳида бўлиб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан наф йўқ. Биз “Эзгулик” ташкилоти номидан бирлашиб туриб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилса, бир натижа чиқармикин, деган мақсадда бирлашишни таклиф қилиб, баёнот эълон қилган эдик. Бизнинг баёнотинимизни маъқуллаб тўртта ташкилот чиқди. Бу “Озод деҳқонлар”, “Серқуёш Ўзбекистон”, “Бирдамлик”, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими.

Бу ташкилотни кейинчалик катта бир ташкилотга айлантириш режамиз бор. Мен ўйлайманки, агар биз яхши натижаларга эришсак, бошқа ташкилотлар ҳам бизга қўшилади ва келажакда катта бир таҳлилий марказ ташкил қилиб, бўлаётган воқеаларга юридик нуқтаи назардан баҳо бера оладиган, уни таҳлил қила оладиган ҳуқуқ ҳимоячилари марказига айлантирамиз, дейди Васила Иноятова.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроевга кўра, ҳуқуқ ҳимоячиларининг бирлашиши давр талабидир.

- Ўзбекистоннинг ҳам маънавий, ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий инқирозга юз тутганлигига ҳаммамиз айбдормиз. Чунки бирлашмаганлик оқибатида, барча кучларнинг жуда тарқоқлиги натижасида мамлакат бугунги аҳволга тушди.

Мана шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда озчилик қолган ҳуқуқ ҳимоячилари бирлашишга келишиб олдик. Режаларимиз кўп. Ҳали ҳаммаси олдинда. Энг муҳими, биз бирлашдик, дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Васила Иноятовага кўра, янги бирлашманинг режалари жуда кўп бўлиб, улардан энг асосийси қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳимояси учун курашишдир.

Лекин ҳозирча бирлашма режаларига сиёсий ва диний маҳбуслар ҳимояси киритилмаган.

- Биз бугунги кунда диний эътиқодига кўра қамалган ўн мингдан зиёд маҳбусларни ҳимоя қилишга имконимиз йўқ. Лекин биз биринчи навбатда қамалган йигирмадан ошиқ ўзимизнинг сафдошларимиз ҳимоясини кун тартибига қўйдик.

Жами йигирмадан зиёд ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни қийноқлардан қутқариш мақсадида мана шу ишга киришдик. Худо хоҳласа, мен ўйлайманки, ишларимиздан натижа бўлади, дейди Васила Иноятова.

Лекин Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов янги бирлашманинг мувафаққият қозона олишига ишонмайди.

- Мутлақо ҳеч қандай фойда бўлмайди. Бўлмаган нарса. Ишонч йўқ буларга. Ҳаммаси қочиб кетишга тайёр ёки ҳаммаси қандайдир манфаатни ўйлайди. Лекин ишга йўқ ҳаммаси. Шунинг учун Ўзбекистоннинг аҳволи чатоқ.

Бир неча йилдан буён нуқул бирлашишни гапиришади. Нима учун? Мақсад нима ўзи бирлашишдан? Нима фойда беради ва кимга фойда бундан? Бирлашиш масаласи, масалан, мухолифат партиялари бирлашса, ўшанда бирор самара бўлиши мумкин. Аммо инсон ҳуқуқлари ташкилотлари сиёсий ташкилот бўлиши керак эмас.

Ҳозир Ўзбекистонда сиёсийлашмаган битта бизнинг ташкилот қолган, яъни ҳеч қанақа сиёсий ташкилотларга аъзо эмас. Бизнинг 160 га яқин аъзоларимиз бор. Бирортаси сиёсий ташкилотга аъзо бўлмаган ва сиёсий фаолият олиб бормайди. Инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу сиёсий масала эмас, дейди Суръат Икромов.

Васила Иноятова эса янги бирлашма сиёсий фаолиятдан йироқлигини айтади.

- Бу ерда мухолифат деган гап бўлиши мумкин эмас. Бу ерда мухолифат ташкилотлари йўқ. Бу ерда фақат ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилотлари.

Ўзбекистон ҳукумати бундан хавотирга тушмаслиги керак. Биз давлат тўнтариши ёки бир қуролли қўзғолон қилиш ҳақида бирлашганимиз йўқ.

Бизнинг мақсадларимиз эзгу. Бизнинг мақсадларимиз Ўзбекистонни бутун дунё жамоатчилиги олдида кулгига, масхарага қўймаслик, дейди Васила Иноятова.

“Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев ҳам мазкур бирлашма ўз олдига сиёсий мақсадларни қўймаслигини қайд этади.

Унга кўра, “Бирдамлик” ҳаракати ва “Озод деҳқонлар” партияси каби сиёсий ташкилотлар бу бирлашмага Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячиларини қўллаб-қувватлаш мақсадидагина қўшилмоқдалар.

- Бирлашишдан мақсад - Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича биргаликда ишлаш. Ҳеч қанақа сиёсий даъво қилишлар йўқ бу ерда. Бизларнинг бирлашишимиздан мурод бу ерда инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича “Эзгулик”ни қўллаш ва яқиндан ёрдам қилиш, биргаликда, ҳамкорликда ишлаш, дейди Баҳодир Чориев.

Айни пайтда Баҳодир Чориев ўзи раҳбарлик қилаётган “Бирдамлик” ҳаракатининг сиёсий кураш йўлидан ҳам воз кечмаслигини айтади.
Янги бирлашма раисаси Васила Иноятованинг айтишича, яқин орада “Ўзбекистонда социал-ижтимоий воқеъликни таҳлил қилиш маркази” рўйхатдан ўтиш учун Ўзбекистон адлия вазирлигига керакли ҳужжатларни тақдим этади.

- Ҳаракатларимизни албатта қонунийлаштириб, ҳукумат билан диалогга ўтириб, бу ташкилотнинг Ўзбекистон учун фақат фойда келтириши, фақат ижобий бир бурилиш бўлиши мумкинлигини албатта муҳокама қиламиз ва албатта давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тайёрлаймиз. Адлия вазирлигига хужжатларни топширамиз ва рўйхатдан ўтиш учун курашамиз, дейди Васила Иноятова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG