Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:19

Душанбега сув оти ва фил келади


Душанбе ҳайвонот боғи экзотик ҳайвонлар билан бойийдиган бўлди. Шу йил май ойида тожикистонликлар Россиядан келтирилажак бегемот ва Ҳиндистондан олиб келинажак филни кўриш имконига эга бўладилар.

Душанбе шаҳар ҳайвонот боғи директори Назарали Сатторов билан суҳбатдан маълум бўлишича, Россиянинг Калининград ҳайвонот боғи совға қилаётган бегемот (сув оти) учун 35 минг сомонийга (тақрибан 8800 доллар – таҳр.) уй қурилган экан.

- Ҳозирча бегемотни олиб келишимиз муаммо бўлиб турибди. Чунки бу ҳайвонни пассажир самолётида олиб келиб бўлмайди, унинг учун ҳарбий учоқ керак.

Шу биргина ҳайвонни олиб келиш учун тахминан 2000 минг доллардан ортиқроқ маблағ сарфлаш зарур. Бизда бундай имконият йўқлиги учун Душанбе шаҳар ҳукумати ўз бюджетидан пул ажратмоқчи, деди Сатторов.

Ҳайвонот боғи директори Ҳиндистондан келтирилажак фил учун ҳам уй тайёрлигини ва бу ажабтовур ҳайвонни Душанбега олиб келиш учун Ҳиндистоннинг Тожикистондаги элчихонаси кўмаклашишга ваъда берганини маълум қилди.

Назарали Сатторов Душанбе ҳайвонот боғига нодир ҳайвонлар ва паррандаларни олиб келиш жуда қимматга тушаётгани сабабли бу борада қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқроқ бўлишини қайд этди. Боғ директорининг айтишича, бу йўналишда Ўзбекистон билан яхши ҳамкорлик йўлга қўйилган.

- Ўтган уч йил мобайнида биз Тошкент ҳайвонот боғидан 6 турдаги ҳайвон қабул қилиб олдик. Туяқуш, лама, Америка чўчқалари шулар жумласидандир.

Бошқа мамлакатларга қараганда, Ўзбекистон билан ҳамкорлик биз учун жуда арзонга тушади. Чунки уларни махсус автомобилда Ўзбекистон билан чегарадош Турсунзода тумани орқали олиб келиш мумкин, дейди Назарали Сатторов.

Қарийб 6 гектар майдонни эгаллаган Душанбе шаҳар ҳайвонот боғи ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган бўлиб, унга дунёнинг турли мамлакатларидан 300 дан ортиқ турдаги ҳайвон ва паррандалар олиб келинган эди. Аммо 1992 йил Тожикистонда бошланиб кетган фуқаролик уруши чоғида бу ҳайвонларнинг бир қисми турли қуролли гуруҳлар томонидан ўғирлаб кетилган бўлса, қолган қисми очликдан ўлган эди.

Бугун дам олиш кунида болаларини Душанбе ҳайвонот боғига олиб келган ота-оналар фуқаролар уруши таъсирида харобага айланган боғда ҳозир вазият яхши томонга ўзгарганини эътироф этдилар.

- Аввалги йил келганимда зоопаркнинг ҳидига чидаб бўлмасди. Кейин ҳайвонларнинг кўпи, масалан, айиқполвон жуда хароб аҳволда эди.

Мана бу йил уларнинг ҳар бири алоҳида уйчада, кейин улар сув ичадиган ҳовузлар ҳам тозаланибди. Ҳайвонларнинг кўпчилиги, масалан, туя, туяқуш, айиқ болалагани уларнинг яхши парвариш қилинаётганидан далолат беради, дейди ўзини Тамара деб таништирган суҳбатдошимиз.

Душанбелик Икромжон эса ҳайвонот боғида унчалик ўзгариш кўрмаганини айтади:

- Унчалик ўзгариш йўқ. Ҳайвонлар кам. Ҳозир деярли уй ҳайвонлари қолган. Биз ўтган йили ўғлим билан Москва зоопаркида бўлдик. Ана уни ҳайвонот боғи деса бўлади, дейди Икромжон.

- Делфин, пингвин кўрдик. Бу ерда улар йўқ, дея гап қистиради отаси билан Москва ҳайвонот боғини айланиб қайтган 5 ёшли Исломжон.

Шу йил баҳорида Тошкент ҳайвонот боғини айланиб қайтган Мақсудахон эса Душанбе ҳайвонот боғини ҳам шу даражага етказиш учун ҳукуматнинг махсус эътибори зарурлигини айтади.

- Душанбеда фақат меҳмонхона, ресторанлар қурилади. Унинг ўрнига зоопаркни ободонлаштириш учун аҳамият қаратиш керак. Бунга фақат ҳайвонот боғи директорининг кучи етмайди. Бу ерда ҳукумат пул ажратиши керак. Мана, болаларимиз жуда кўп ҳайвон турини билмайди. Экзотик ҳайвонларни фақат дарслик китобларида кўришади, холос, дейди Мақсудахон.

Суҳбатдошимизнинг бу таънасида жон бордек, чунки кейинги йилларда ҳайвонот боғига маҳаллий ҳукумат томонидан етарлича эътибор қаратилмаяпти.

Ҳайвонот боғи директори Назарали Сатторовнинг айтишича, гарчи расмийлар ҳайвонлар сақланадиган хоналар таъмири ва айрим жиҳозларни сотиб олиш учун ёрдам бераётган бўлсалар-да, ҳайвонлар озуқаси учун на шаҳар бюджетидан, на республика бюджетидан маблағ ажратилаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG