Линклар

Мухолифат қурилтойи номзодларни тасдиқлади


Қирғизистон мухолифатининг учинчи халқ қурилтойида иштирок этган етти минг делегат Алмаз Атамбаевни президентлик сайловида қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Қирғизистон мухолифатининг учинчи халқ қурилтойида иштирок этган етти минг делегат Алмаз Атамбаевни президентлик сайловида қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Бишкекда ўтган мухолифатнинг учинчи халқ қурилтойи делегатлари қирғиз мухолифатидан президентликка номзод қилиб кўрсатилган Алмазбек Атамбаев ва Исмоил Исақовларни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Мухолифатнинг учинчи халқ қурилтойига вилоятлардан ўн минг делегат келиши кутилган эди. Бироқ кузатувчиларнинг айтишларича, делегатлар сони етти мингдан ортмаган.

Айтиб ўтиш жоизки, мухолифат қурилтойларига расман делегатлар сайланмайди. Қурилтой қаерда ва қачон ўтказилиши матбуотда эълон қилинади холос. Ўзини мухолифатчи ёки мухолифат тарафдори, деб ҳисоблаган истаган одам бу қурилтойга келиши мумкин. Делегат қурилтойда иштирок этиш учун ҳаражатни ҳам ўз ёнидан қилади.

Қурилтойда сўзлаган делегатлар президент Қурмонбек Бакиев мамлакатни демократик ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш борасидаги ўз ваъдаларининг уддасидан чиқа олмаганини таъкидладилар.

Бирлашган Халқ Ҳаракати лидери Азимбек Бекназаров эса бугунги кўп минг кишилик қурилтой президент бакиевни истеъфога чиқариш йўлидаги биринчи қадам бўлганини эълон қилди.

-Биз 20 апрелдан бошлаб норозилик тадбирлари ўтказилишини эълон қилган эдик. Бугунги қурилтой мана шу тадбирнинг бошланиши. Бундай кўп минг кишилик тадбирлар вилоятларда ҳам ўтказилади. Бакиев энди 2005 йилдаги каби одамларни алдай олмайди, -деди Азимбек Бекназаров.

Ушбу халқ қурилтойида делегатларга мухолифат томонидан президентликка номзодлари кўрсатилган шахслар ҳам тақдим қилинди.

Мухолифат лидери Ўмурбек Текебаевнинг айтишича, Бирлашган халқ ҳаракати мухолифатдан ягона номзод сифатида Қирғизистон собиқ бош вазири, социал-демократлар партияси раиси Алмаз Атамбаевни кўрсатган. Қирғизистон Инқилобий қўмитаси эса генерал Исмоил Исақовни президентликка номзод сифатида таклиф қилган.

Қурилтой делегатлари бир овоздан бу икки номзодни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Маълум бўлишича, сайлов жараёнида Алмаз Атамбаев ва Исмоил Исақов ўз кучларини бирлаштирадилар.

- Кўк осмон остида, мағрур тоғлар қаршисида, халқимнинг олдида, Худонинг олдида халқим учун хизмат қилишга, халқимни ҳеч қачон алдамасликка, халқимни ҳеч қачон сотмасликка ваъда бераман! Яшасин, Қирғизистон!- деб онт берди президентликка номзод Алмаз Атамбаев.

Шундан сўнг Қирғизистон қаҳрамонлари Суюнбой Эралиев ва Сўўронбой Жусуевлар президент Бакиевга рақиб сифатида сайловда иштирок этадиган мухолифат номзодларига оқ фотиҳа бердилар.

Айни пайтда мухолифат тарафдорлари мухолиф сиёсатчилардан 23 июлда ўтказиладиган президентлик сайловлари натижаларининг соҳталаштирилишига йўл қўймаслик учун кучли назорат ўрнатиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишни талаб қилдилар.

Бироқ Қирғизистон Марказий Сайлов Комиссияси вакили Абдужапар Бегматов эса президентлик сайловлари қонун асосида ҳолис ва адолатли ўтишини, бу сайлов натижалари қалбакилаштиришга йўл қўйилмаслигини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG