Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:16

Эрка оҳу, майлими бир эркаласам?


Фахриддин Умаров куйлаган "Эрка оҳу" қўшиғи минглаб қўшиқ мухлисларининг қалбига кириб борган эди.
Фахриддин Умаров куйлаган "Эрка оҳу" қўшиғи минглаб қўшиқ мухлисларининг қалбига кириб борган эди.

Таниш қўшиқлар саҳифасининг бугунги сонига Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф томонидан ёзилган ва таниқли ҳофиз Фахриддин Умаров ижро қилган "Эрка оҳу" қўшиғини мавзу қилдик.

Бу дунёда сен бечора, мен бечора!..
Эрка оҳу, майлими бир эркаласам?..

Қўшиқ ҳақида Фахриддин Умаровнинг ўзи 2005 йилда мана буларни айтган эди.

- "Эрка оҳу" Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб. Буни бир неча йил муқаддам қўшиқ қилиб айтганман. Чунки бу ғазалда кўп нарсалар мужассам. Оҳу тоғ маликаси. Жуда ҳам юксакларда¸ одамлардан жуда ҳам узоқларда яшайди. Ҳар қандай сайëд уни отишинию¸ гўштини ейиш орзусида юради.

Ҳаëтда яхши кишиларга¸ пок қалбли кишиларга ўқ отадиган сайëдлар кўп. Шунинг учун ҳам эрка оҳу¸ майлими бир эркаласам. Ахир бу оҳу ҳеч эркалик кўрмаган. “Бу дунëда бирдай ғариб сен ҳам¸ мен ҳам” Мана шу бизнинг ҳаëтимизга ҳам таққослик жойи бор. Яна мана шундай жойи бор:

Умримизнинг барча йўли, сўқмоғи чўғ,
Чўғдан қўрқма, номард қўйган тузоқдан қўрқ¸
Бу дунëда сенга дўст йўқ¸ менга дўст йўқ¸
Эрка оҳу¸ майлими бир эркаласам.

Яъни ҳаëт жуда ҳам мураккаб. Биз ҳар қайсимиз оҳунинг тимсолида ўз ҳаëтимизни эслаб кўрсак бўлади¸ - деган эди Фахриддин Умаров.
Бу қўшиқ ҳақида Фахриддин Умаровнинг шогирди¸ таниқли ҳофиз Ҳожиакбар Ҳамидов хотирлайди.

- "Эрка оҳу" шеърини 1980 йилларнинг бошларида куйга солиб айтганлар. Ундан кейин уларга ҳавас қилиб укахонимиз Ғиëс Бойтоев бошқа куйга солиб айтди. Унга Муҳаммад Юсуфнинг шу шеърининг сўзлари ëқиб қолган бўлса керак. Уники энди ўзига яраша.

Фахриддин ака қўшиқнинг биринчи муаллифи. Мен ҳозир энди аниқ бир нарса десам ëлғон бўлиб қолади. Мен ҳозир бошқа ердаман. Уйда Муҳаммад Юсуфнинг махсус чиққан "Эрка оҳу" деган китоби бор¸- дейди Ҳожиакбар Ҳамидов.

"Бу қўшиқнинг бошқа қўшиқлардан фарқи нимада? Нега ўз вақтида Фахриддин Умаровдай бир кекса санъаткор ëш шоир Муҳаммад Юсуф ғазалини қўшиқ қилди?" деб сўраймиз Ҳожиакбар Ҳамидовдан.

- Ниҳоятда тагида нимкосаси бор савол бердингиз. Фахриддин ака буни бекорга танламаганлар. Бу Муҳаммад Юсуф ижодидаги яхши¸ маъноли шеърлардан биттаси. Бундан ташқари Фахриддин ака "Эрка оҳу" шеърининг мазмунида ўз ҳаëтларида босиб ўтган йўлларидаги айрим жиҳатларни ҳам кўрганлар.

Эрка оҳу деганда, оҳунинг тоғу тошларда маза қилиб¸ яйраб¸ яшнаб¸ ўқдай учиб чиройли бўлиб юришининг ўзигина таърифланмаган. Эътибор берсангиз “Бу дунëда сен ҳам ғариб¸ мен ҳам ғариб” деган жойлари бор¸ сайëд (овчи) ҳақида айтилган жойлари бор. Шунақа жойлари борки¸ унинг ҳам ҳаëти доимо таҳликада¸ қарама қаршиликда бўлар экан. Муҳаммад Юсуф мана шуни таърифлаган.

Одамлар оҳунинг чиройига ошиқ бўлиб уни асир қилиб олишга ҳаракат қилади. Ваҳшийроқ одам бўлса¸ отиб гўштини ейишга ҳаракат қилади. Мана шу таърифларда Фахриддин ака ўзларининг тақдирини кўрганлар. Чунки у кишининг ҳаëтлари шўролар даврида жуда зиддиятлар билан ўтган¸ кўп тазйиқларга учраганлар. Бу ғазалдаги мазмун билан буларнинг ҳаëтда босиб ўтган йўллари бир бирига ўхшаш бўлгани учун бу ғазални жуда меҳр билан куйга солганлар¸ - дейди Ҳожиакбар Ҳамидов.

Ҳожиакбар Ҳамидовга кўра¸ Фахриддин Умаров бир неча маротаба шоир Муҳаммад Юсуф билан қўшиқ матнини муҳокама қилган.

- Албатта¸ булар бир - бирини жуда яхши билишган. Муҳаммад Юсуфнинг ижоди энди ўзига яраша бўлган. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Юсуф қисқа муддатда машҳур бўлиб кетган.

Мен ўзим ҳам Муҳаммад Юсуф билан бир қанча ижодий тадбирларда кўришиб туганман. Жуда самимий суҳбатлашиб турардик. Фахриддин акани жуда ҳурмат қиларди.

Муҳаммад Юсуфнинг ўзи бу қўшиқни Фахриддин акадан жонли ижрода эшитиб маза қилган. Буларнинг муносабати яхши бўлган¸ - дейди Ҳожиакбар Ҳамидов.

Қўлимизда Фахриддин Умаров "Эрка оҳу" қўшиғини ижро қилган DVD. Бу DVDда Ҳожиакбар Ҳамидов ўз устозига тор билан жўр бўлмоқда.

-Қачон тасвирга олинган эди бу кадрлар?- деб сўраймиз суҳбатдошдан.

- 2005 йилда телевидениеда тўққизта ашулани ëзганмиз. Охирида олтин ижодкорлар билан¸ пахтакорлар ҳақидаги қўшиқ билан тугатганмиз. У ерда "Эрка оҳу" ҳам бор.

Бу DVD шаклида Фахриддин аканинг вафотларидан кейин чиқарилган. Ундан кейин яна DVD чиқардик. Бунда иккита концертлари бор. Ҳозир яхши ниятлар билан фильм хотира ишлаяпмиз¸ - дейди Ҳожиакбар Ҳамидов.

"Эрка оҳу" қўшиғи устознинг хос қўшиқларидан эди ва бу қўшиқнинг муаллифлари оламдан ўтса ҳам муҳлислари тирик¸ дейди суҳбатдош.

- Ҳаммасининг тагида меҳнат бор. Мана шу "Эрка оҳу" қўшиғи учун ҳам ўтириб қанча вақт мусиқа танлаганлар¸ ҳар хил йўлларда айтиб кўрилган. Демак, ўзларига мос бўлгандан кейин бу нарса халққа тарқатилади.

Бу қўшиқни кўп жойларда – концертларда¸ тўй ҳашамларда¸ турли тадбирларда сўрашарди. Бу қўшиқнинг ўзининг муҳлислари бор эди. Шу қўшиқни айтинг¸ шу қўшиқни эшитгани келганман¸ деганларни кўп кўрганман. Қайси давр одамлари эшитса ҳам ҳамма давр одамларига мос ижро¸ куй бўлган асар¸ - дейди Ҳожиакбар Ҳамидов.

Тузоқлар аро чопиб юрган¸ ғариб ва дўст вафосига зор Эрка оҳу ҳам ҳофиз Фахриддин Умаровнинг ҳам¸ шоир Муҳаммад Юсуфнинг ҳам ҳаëт тимсолидай туюлади.

Муҳаммад Юсуф китобида шеър "Эрка кийик" деб аталса-да¸ Фахриддин Умаров уни "Эрка оҳу" деб куйлади. "Оҳу қўшиқда жарангдор бўлиб янграйди", деб изоҳлаган эди бу ҳолатни устоз санъаткор.

Эрка кийик

Эрка кийик, майлими бир эркаласам,
Мажнун бўлиб саҳроларга еталасам,
Бу дунёда бирдай ғариб мен ҳам, сен ҳам,
Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Сенинг кўзинг қора, менинг кўзим қора,
Сенинг бағринг яра, менинг бағрим яра,
Бу дунёда сен бечора, мен бечора!..
Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Шамол эмас, изинг қувиб юрди камон,
Сайёд менинг кулбамни ҳам қилди вайрон.
Сенинг ёнинг , менинг ёним — омонат ён,
Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Кел, йиғлаймиз биргалашиб янтоқларга,
Саҳроларда қуримаган булоқларга,
Иккаламиз яралганмиз қийноқларга,
Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Умримизнинг барча йўли, сўқмоғи чўғ,
Чўғдан қўрқма, беюз қўйган қопқондан қўрқ.
Бу дунёда сенга дўст йўқ, менга дўст йўқ,
Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Соч оқарди, дилдош кутиб кўзим толди,
Юрагимдан тўкилмай не сўз қолди,
Йўл сўнгида, ҳеч бўлмаса ўлим олди,
Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..
XS
SM
MD
LG