Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:28

Туркшўрнова қайси давлатники?


Тожикистон шимолидаги кичгинагина Туркшўрнова қишлоғи катта муаммолар марказига айланиб турибди.
Тожикистон шимолидаги кичгинагина Туркшўрнова қишлоғи катта муаммолар марказига айланиб турибди.

Тожикистон расмийлари Панжакент туманидаги Туркшўрнова қишлоғида яшаётган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан бўлаётган тазйиқлар тўғрисидаги хабарлар асоссиз эканини айтмоқда.

26 апрель куни “Центразия” интернет сайтида «Характери тожикча, босиқ, Рейх душманларига нисбатан аёвсиз…” сарлавҳали мақола чоп қилинди.

Муаллиф Станислав Березиков мақолада Тожикистон ҳукумати раҳбарларини буюк орийлар шуҳратини тиклашга ҳаракат қилаётганлигини, бироқ бунга эриша олмаётганлиги, шунинг учун ҳам душман излаш услубини қўллашга мажбур бўлаётганлигини таъкидлайди.

Муаллиф Тожикистон шимолидаги Панжакент туманига қарашли Туркшўрнова қишлоғида истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ўтказилаётган тазийқларни бунга мисол тариқасида келтиради.

“Тиш тирноғигача қуролланган қўшинлар тинч аҳоли яшайдиган турар жойни қуршаб олган. Аҳоли қишлоқ марказига ҳайдаб чиқарилган, уларнинг бор бисоти рўйхат қилинган. Одамлар машинларага юкланиб олиб чиқилмоқда...

Йўқ, азиз муштарийлар, бу иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги фильмдан парча эмас.Бу воқелар бугунги кунда рўй бермоқда. Яна қаерда денг, ўзимизнинг Марказий Осиёда, Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти билан чегарадош Тожикистоннинг Панжакент туманидаги Туркшўрнова қишлоғида содир бўлмоқда.

Бу қишлоқда 2000га яқин аҳоли яшайди. Муаммо шундаки, улар Ўзбекистон фақароларидир. Айнан мана шу факт Тожикистон томонини муаммони миллий тоқатсизликдан миллий сиёсатгача кўтаришга ундаган.

Тожикистон куч ишлатиш тизмилари вакиллари бу қишлоққа бир неча марта келиб, аҳолини Тожикистон фуқаролигини қабул қилиш қилишга ундаганлар. Акс ҳолда улардан Ўзбекистонга кўчиб кетишларини талаб қилганлар.

Жорий йил 8 апрелида қишлоқ аҳолисига ултиматум қўйилди. Бир ҳафта давомида Тожикистон фуқаролигини олиш учун ариза беришади ёки уйларни бўшатиб кўчишлари керак. 20 апрель куни Туркшўрнова қишлоғига 100га яқин аскарлар олиб келинди ва яна талаблар қўйилди.

Туркшўрноваликлар учун бундай даҳшатли кунлар ҳозир ҳам давом этмоқда”, деб ёзади Станислав Березиков

Шундан сўнг биз бу хабарга аниқлик киритиш мақсадида Панжакент тумани ҳукумати вакиллари билан боғландик. Аммо тожик расмийлари мақолада баён қилинган воқеалар ҳақиқатга мувофиқ келмаслигини айтдилар.

-Йўқ, йўқ, бу нотўғри хабар. Интернетда чоп қилинган хабар ҳақиқатдан йироқ. Туркшўрнова қишлоғи аслида Тожикистон ҳудуди ҳисобланади. Бу расмий ҳужжат билан ҳам тасдиқланган. Айни пайтда бу қишлоққа келиб қолган Ўзбекистон фуқаролари тақидирини икки республика томонидан тузилган махсус комиссия ҳал қилмоқда. Мазкур қишлоққа ҳеч қандай қўшинлар олиб кирилмаган, -деди Панжакент ҳукумати вакили Аббос Ҳамроҳзода

Панжакентлик журналист Раҳимберди Бердиевнинг айтишича, Туркшўрнова қишлоғи Ўзбекистон ҳудудидаги анклавлардан биридир.

- Туркшўрнова қишлоғи Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятидаги Ургут тумани билан чегарадош. Бу қишлоқ Ўзбекистон ҳудудига кириб борган, апендицит шаклида бўлиб қолган. Лекин ҳар икки томон ҳам бу қишлоқни ўзиники, деб ҳисоблайди. Яъни ҳозирча Туркшўрнова анклав бўлиб қолган, десак хато бўлмайди.

Чегаралар расман аниқланмугунча, ҳар икки томон ҳам ерлардан фойдаланиш хуқуқига эга.

Бироқ ҳар икки томон чегарачиларининг ҳатти-ҳаракатлари қонун чегарасидан чиқиб кетмоқда. Масалан, аҳоли чорва молларини ўғирлаш ва фуқароларга таҳдид қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бундай воқеалар кўпинча оддий фуқаролар томонидан эмас, балки тожик ва ўзбек чегарачилари тарафидан содир этиляпти.

Икки давлат расмийлари музокара столи атрофига ўтириб, йиғилиб қолган барча муаммоларни яхши қўшничилик руҳида ҳал этиш вақти аллақачон етган, - дейди журналист Раҳимберди Бердиев. .

Таҳлилчи Абдурасул Ҳабибов сўнгги пайтларда икки мамлакат оммавий ахборот воситаларида “фош қилувчи” мақолалар чоп этилиши одат тусига кириб бораётганини айтади:

- Охирги пайтларда Ўзбекистон ва Тожикистон интернет сайтларида, ахборот воситаларида ўзбек-тожик масаласи ҳаддан ташқари кўпиртирилиб берилмоқда. Буни мен дўстликка раҳна солувчи мақолалар, деб ҳисоблайман.

Чунки бу мақолалар махсус топшириқ билан ёзилганлиги кўриниб турибди. Назаримда, ҳар икки мамлакатнинг мутасадди шахслари бу хақда ўз раҳбарларини огоҳлантиришмайди. Агар давлат раҳбарлари бу тўғрисида билишганда, бундай мақолалар чоп қилинмас эди.

Ишончим комилки, ана шундай номақбул йўллар билан ўзбек ва тожик халқини бир-биридан ажратмоқчи бўлаётган айрим журналистлар ва расмийлар уринишлари беҳуда. Чунки тожик ва ўзбекларнинг дўстлиги, қариндош - уруғчилиги асрлар бўйи синалган ва мустаҳкамланган, -деди Абдурасул Хабибов.
XS
SM
MD
LG