Линклар

"Олий неъмат"дан хабардор ташкилот

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари улуғ неъмат экани тўғрисида тадбирлар ўтказилаётган бир пайтда, ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқларда сақланмоқда.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари улуғ неъмат экани тўғрисида тадбирлар ўтказилаётган бир пайтда, ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқларда сақланмоқда.

"Инсон ҳуқуқлари олий неъмат". Ўтган ҳафта Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқлари бўйича бош бошқармаси ташкил этган ва ўтказган тадбирга шундай ном берилди.

Ички ишлар вазирлиги нашри бўлган “Постда” газетасининг ёзишича, ушбу тадбир вазирликнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош бошқармаси томонидан ташкил этилиб, унга журналистлар таклиф қилинган.

Анжуманда чиқиш қилган бошқарма бошлиғи И. Турғунов, унинг ўринбосари А. Сатторов ва Тошкент ички ишлар бошқармасининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича масъули А. Эрназаровлар йиғилганларга ўтган йили вазирлик таркибида ташкил қилинган инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқий ёрдам бошқармасига фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид махсус топшириқ берилганини уқтирган.

"Инсон ҳуқуқлари олий неъмат" номли тадбирга таклиф қилинганлар орасида Озодлик радиоси мухбирлари бўлмагани боис, янги бошқарма фаолияти ва у ташкил қилинишидан аввал Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари қайси бошқарма томонидан ҳимоя қилинганига оид саволларимиз билан ички ишлар вазирлиги матбуо хизматига сим қоқдик.

- Матбуот маркази эшитади.

Озодлик: Ало ассалому алайкум.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Бу Ички ишлар вазирлигими?

- Ички ишлар вазирлиги матбуот марказига телефон қилаяпсиз.

Озодлик: Яхшимисиз ака. Мен Озод Европа радиосидан телефон қилаяпман. Мен ким билан гаплашаяпман?

- Мен матбуот маркази ишчисиман.

Озодлик: Мен куни кеча ички ишлар вазирлигида «Инсон ҳуқуқлари олий неъмат» деган мавзуда ўтказилган бир тадбир бўйича телефон қилаëтган эдим.

- Ҳа¸ шунақа тадбир ўтказилди.

Озодлик: Постда газетасида бу ҳақда ўқиган эдик. Мен бу тадбир нима мақсадда ўтказилгани¸ қанақа гаплар айтилгани ҳақида билмоқчи эдим.

- Узр¸ кечирасиз саволимгаю¸ ким бўласиз сиз?

Озодлик: Менинг исмим Фаррух Юсуфий. Сизга Озод Европа радиосидан телелфон қилаяпман.

- Озод нима радиоси?

Озодлик: Озод Европа радиоси.

- Ҳа¸ Озод Европа радиоси-а? (Суҳбатдошимиз шу гапни айтиб телефон гўшагини қўйиб қўйди)

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг “ишчиси” вазирликнинг янги бошқармаси фуқароларнинг ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилаётганини гапириб беришдан бош тортгани боис, бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовдан сўрадик.

Суръат Икромов: ИИВ қошида шунақа бошқарма ўтган йили очилган. Биз ўшанда роса кулганмиз. Нимагаки ИИВнинг ўзи аслида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиши керак. Бу аслида уларнинг асосий вазифасига кириши керак. Биз бюджет ҳисобига милиция сонининг кўпайиб кетганининг устига бунақа бошқарма очганидан ҳайратланиб кулганмиз.

Уларнинг ҳамкорлиги бу ëқда турсин улар инсон ҳуқуқлари борасида бирор иш қилаяптими ëки йўқми бизга маълум эмас. Биз инсон ҳуқуқлари аҳволини тез-тез исботлар билан¸ фактлар билан ëритиб турамиз. Буларнинг ҳаммаси ўзининг тасдиғини топаяпти. Мен ҳали бирор бир инсон ҳуқуқлари фаоллари билан учрашишми¸ маслаҳатми деган нарсанинг ўзини эшитганим йўқ.

Озодлик: Подполковник Турғунов деган одам “Биз халқаро ташкилотлар¸ жумладан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти¸ Хельсинки инсон ҳуқуқлари жамғармаси билан ҳамкорлик қиламиз. Биргаликда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳолатини яхшилаб бораяпмиз” деган гапларни айтипти. Ўзбекистонда шунақа ҳолатлар борми бугун?

Суръат Икромов: Мен бунга мутлақо ишонмайман. Тўғри ЕХҲТнинг улар билан ҳамкорлик қилаëтганидан хабарим бор. Милиция ходимларига тренинг қилган эмиш. Бу албатта яхши нарса. Лекин афсуски милиция ходимлари инсон ҳуқуқлари нима эканлигини тушунмайди.

Уларга ўқийдиган жойларида ҳам бу нарса ўргатилмайди. Шунинг учун ЕХҲТ ëки бошқа халқаро ташкилотларнинг милиция ходимларига тренинг ўтказиши яхши. Аммо гап бунинг қанчалик самара беришида.

Озодлик: Самара бераяптими¸ фойдаси борми?

Суръат Икромов: Мен шу нарсани кўрмаяпман. Биласизми Ўзбекистонда ўзи қийноқлар бўлаяпти. Мана бу ҳақда менда юзлаб материаллар ëтипти. Биласизми бу жуда глобал¸ жуда катта нарса.

Ҳукуматнинг инсон ҳуқуқларини яхшилашни мақсад қилган катта дастури бўлиши керак. Ҳукуматнинг ўзи ҳаракат қилиши керак. Фақат хўжакўрсинга эмас. Ҳозир ИИВ да ташкил қилинаëтган бошқармаларнинг ҳаммаси хўжакўрсинга. Яъни чет элга “биз ҳаракат қилаяпмиз” деган нарсани кўрсатиш холос.

Аммо лекин биз конкрет ишларнинг бирортасини кўрмаяпмиз. Уларнинг қилаëтган ишини телевидение¸ газета орқали очиқ кўрсатиш керак. Ўшанда нимагадир ишониш мумкин бўлади.

Қайсидир шахсларни мансабдан олиб ташлаш бўладими¸ ичкарида бўлаëтган коррупция бўладими¸ мансабни суиистеъмол қилиб кимларнидир ноқонуний қамаш бўладими¸ қийноққа учратиш ҳоллари бўладими – ҳаммасини кўрсатиш керакда.

Телевидениеда шуни гапириш керак. Бутун Ўзбекистон билиши керак. Бу жуда катта дастур бўлиши керак. Ана ўшанда самара бўлиши мумкин.

Озодлик: ИИВдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий ëрдам бериш бошқармасининг бошлиғи Азиз Эрназаровнинг оғзидан чиққан “Инсон ҳуқуқлари олий неъмат” деган гапнинг самимийлигига бугун Ўзбекистонда ишонса бўладими?

Суръат Икромов: Мен ишонмаган бўлардим. Бугунги аҳволни кўриб туриб мен ишонмаган бўлардим. Улар инсон ҳуқуқлари борасида ишлайдиган бўлса¸ авваламбор нодавлат ташкилотларнинг вакиллари билан¸ оддий инсон ҳуқуқлари фаоллари билан учрашишга ҳаракат қилиши керак. Нимагаки¸ бизларда тажриба бор. Ахир бизлар уларга ëрдам бера оламиз. Аммо улар буни қилмаяпти. Булар хўжакўрсинга қилаяпти холос.

Мана журналистларни таклиф қилипти деяпсиз. Бизда ўзи мустақил журналист қолмаган бўлса¸ улар қайси журналистлар билан учрашган? Давлат тасарруфидаги журналистлар уларнинг айтганини ëзади. Агар уларнинг ўзининг хоҳиши бўлмаса¸ бунақада қанақа самара кўриш мумкин?
XS
SM
MD
LG